16.12.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига

ШАРҲ

Юртимиз азалдан ислом илм-фани ва маданияти марказлари­дан бири сифатида эътироф этилади. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари кўплаб мутафаккирларимизнинг боқий номи ва бой мероси нафақат минтақамизнинг маъна­вий ривожида, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонда диний таълим тизими ўзининг қадим ва ўлмас анъаналарига эга. Масалан, ўрта асрлардаёқ Бухоро ўзининг мад­расалари ва уламолари билан шуҳрат қозониб, ҳақли равишда «Ислом оламининг қуввати» унвонига сазовор бўлган. Самарқанд ва Бухорода Мирзо Улуғбек қурдирган мадрасалар ўрта асрларнинг университет­лари вазифасини бажарган.

Мустақиллик шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз тўла тикланди. Улуғ аждодларимизнинг хотира­ла­рига муносиб эҳтиром кўрса­тилиб, улар қолдирган бой илмий-маънавий меросни ўрганиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Айни вақтда аждодлари­мизнинг диний-маърифий меро­сини янада теран ўрганиш ва таҳлил қилиш, уларнинг илмий анъаналарини муносиб давом эттириш бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалардан саналади.

Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврида дунёда муқаддас ислом дини аҳкомларини нотўғри талқин қилиш, уларни сохталаштириш йўли билан турли фитна ва бузғунчиликлар содир этиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай мураккаб вазият динимизнинг софлигини сақлаш, унинг тинчлик ва инсонпарварликдан иборат асл моҳиятини аҳоли ва, айниқса, ёшларга етказишга қодир, юқори даражада илмий ва диний салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлашни тақозо қилмоқда.

Бугунги кунда Республика­мизда фаолият юритаётган Тошкент ислом институти ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасасида 366 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга илм ўргатаётган 87 нафар ўқитувчи­дан 12 нафари фан номзоди ва 38 нафари фан магистри илмий даражасига эга. Ўрта махсус ислом билим юртларида эса жами 1071 талабага 246 нафар педагог дарс бермоқда. Улардан 12 нафари фан номзоди ва 33 нафари магистрлик илмий даражасига эга. Ушбу илмий даражалар учун ҳимоя қилинган диссертацияларнинг мавзулари бевосита ислом дини илмлари йўналишида бўлмай, илмий изланишлар асосан ёндош соҳаларда олиб борилганини таъкидлаш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев­нинг 2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасида давлат, жамоат ва ёшлар ташкилотлари, диний соҳа вакиллари билан учрашувида диний таълим тизи­ми­ни таҳлилий ўрганиб чиқиш ва замон талаблари асосида такомиллаштириш, юқори илмий тайёргарликка эга мутахас­сисларни тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Ислом академиясини тузиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.

Буюк мутафаккир аждодлари­миз асос солган илмий мактаб­лар ва йўналишлар давомий­лигини таъминлаш, олий ва ўрта махсус диний таълим ўқув юрт­лари, илмий тадқиқотлар марказ­ларини юқори илмий савия ва малакага эга мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилиза­цияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти таклифига асосан Ўзбекистон Ислом акаде­мияси ташкил этилмоқда.

Мамлакатимиздаги амалдаги қонунчилик ва дунёвий мамлакат­лар қонунчилигини эътиборга олган ҳолда тузилаётган мазкур академия нодавлат олий диний таълим муассасаси мақомида фаолият олиб боради.

Академия ҳузурида магистр­лик ва докторлик диссертация­ларини ҳимоя қилиш, исломшу­нос­лик фанлари магистри, фалсафа доктори ва исломшу­нослик фанлари доктори илмий даражаларини бериш бўйича Ихтисослашган илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилади.

Академиянинг ташкил қилини­ши юртимизда ислом дини назариясини чуқур эгаллаган, буюк аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маърифий меросини теран ўрганган, диний ва дунёвий илмлар, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ҳар томонлама етук мутахассислар тайёрлаш имко­ни­ни яратади.

Академияда машғулотлар ўтказиш, илмий-тадқиқот иш­ла­ри­ни амалга ошириш жараё­нига Ўзбекистон Фанлар акаде­мия­си Шарқшунослик институти, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом универ­ситети, Ўзбекистон Миллий университетининг про­фес­сорлари, фан докторлари ва номзодлари, шунингдек, хори­жий давлатларидан исломшунос олим ва мутахассислар жалб этилади.

Ўзбекистон Ислом академия­си ҳузурида магистратура (2 йил), таянч докторантура (3 йил) ва докторантура (3 йил) фаолият юритади. Ўқиш ва илмий машғулотлар контракт-грант асосида ташкил қилинади. Мустақил тадқиқотчилар учун масофадан ўқиш, тадқиқот ишларини мустақил олиб бориш имконияти яратилади, хориждан докторантлар ва тадқиқотчилар ўқиш ва амалиётга шартнома асосида қабул қилинади.

Академияда олиб борилади­ган илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида Ўзбекистон Ислом энциклопедияси, буюк аждодларимиз тўғрисида ил­мий-оммабоп адабиётлар, ил­мий-маърифий китоблар ярати­лади, илмий журнал чоп этила­ди.

Ўзбекистон Ислом акаде­мия­си­нинг ташкил қилиниши олий диний таълим тизимини янада такомиллаштириш, диний ўқув юртларида таълим сифа­тини ошириш ва замон талаб­ларига жавоб берадиган юқори илмий савияли мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади. 



DB query error.
Please try later.