11.07.2017

ОИЛА ДАВРАСИДАГИ

роҳат-фароғат, хотиржамлик ва ҳаловат бошқа жойдан топилмайди

Мамлакатимизда оила муқаддаслигини сақлаш, ажримларнинг олдини олиш, қайнона-келин муносабатларидаги муаммоларни бартараф этиш, қўшхотинлик каби иллатларга барҳам бериш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хизмат тақозоси туфайли жуда кўп оилалар билан суҳбат ўтказиб тураман. Афсуски, оиланинг қадрига етмайдиган, арзимас сабаблар билан бир-бирини айблаётган, муроса қилиш ўрнига жанжални авж олдираётганларга ҳам тез-тез дуч келаман.

Эр уззукун уйда, ишининг тайини йўқ, оиласини боқиш ўрнига ичкиликка берилган. Табиийки, бундай шароитда аёлнинг бир ўзи рўзғор тебратишга қийналади. Натижада адоқсиз келишмовчиликлар бошланади...

Бошқа бир ҳолатда бунинг акси. Аёл — тадбиркор, пул топишга устомон. Бундай вазиятда унинг орзу-ҳаваси кўпаяди. Энди унга ишёқмас эр ортиқчалик қила бошлайди...

Баъзи-бир оилалар борки, унда келин қайнонанинг ҳукмига бўйсуниши керак. Гарчанд келин саранжом-саришта, пазанда, ширин сўз, қўни-қўшниларнинг, қайнотанинг, эрининг меҳрини қозонган бўлса-да, қайнонага ёқмайди.

Ҳаётда бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Яъни, келин жуда ёш, рўзғор юмушларига умуман тайёр эмас. На қайнона, қайнота билан муомала қила олади. Қайнона келинга билмаганларини сабр-тоқат билан ўргатади, яхшисини ошириб, ёмонини яширади...

Яқинда ­Ўзбе­кистон мусулмонлари ­идораси раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бир қатор ташкилот ва муассасалар вакиллари ­иштирокида «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас ди­н­и­­­­мизнинг ­софлигини асраш — давр талаби» мавзусида ўтказилган ­анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижтимоий-маънавий соҳани ривожлантиришда ­жамиятда ­соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, оила, маҳалла, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш бугунги кунда жуда долзарб аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.

Ҳаёт, жамият бор экан, бу каби масалалар кун тартибида долзарблигича қолаверади. Навоий шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» маркази вакиллари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ҳамкорликда 2017 йилнинг беш ойи давомида ажрашиш арафасида турган 83 оиладан 74 тасини яраштиришга эришилди.

Баъзи-бир нотинч оилалардаги келишмовчиликлар ўрганиб чиқилганда, уларнинг 44 тасида носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, ­эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, катталарнинг аралашуви туфайли ажримлар қайд этилганлиги аниқланди.

Улардан 17 тасида барча турмуш шарт-шароитлари етарли бўлган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик оқибатида ажримлар юз берган. 12 та ҳолатда оиладаги эр ёки хотиннинг чет элга ишлашга кетиб қолгани туфайли ажрим содир бўлган.

Эр-хотиннинг ўзаро келиша олмаслиги ва характерининг бир-бирига мос келмаслиги ҳамда бошқа сабаблар ундан кейинги ўринда туради. Оилавий ажримлар асосан 26-35 ёшли эр-хотинлар ўртасида ва тўйдан кейинги 3-5 йил ичида содир бўлмоқда. Нисбатан кўпроқ ажрашувлар шаҳарнинг «Янгиобод», «Чинор», «Мустақиллик», «Янгиариқ», «Ҳумо» каби маҳаллаларида қайд этилган.

Ёш оилалар орасида арзимас келишмовчиликлар билан ажралишлар кўпайиб бораётганлигининг сабабларидан бири — оилада фарзанд тарбиясига эътиборсизлик туфайли деб биламан. Ҳар бир ўғил-қиз ёшлигидан меҳнат қилишга, қийинчиликларни мустақил енгишга, муаммоларни катталар, ота-оналар иштирокида ҳал қилишга ўргатилса, эртага у турмуш қурганида ҳам ҳар бир масалага мулоҳаза билан ёндашади, шошма-шошарлик билан хулоса чиқаришдан тийилади.

Шундан келиб чиқиб, тегишли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича тегишли дастур ишлаб чиқдик. Маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, тиббиёт ходимлари, имом-хатиб ва отинойилар билан учрашув ва давра суҳбатлари, коллеж, лицей ўқувчилари ва уларнинг оналари иштирокида ўтказилаётган ўзаро мулоқот ҳамда учрашувлар шу дастур асосида олиб борилмоқда.

 Мақсадимиз — оилага дарз кетмасин. Фарзандлар ўз ота-онаси бағрида эмин-эркин униб ўссин, кўнгли кемтик, дили вайрон бўлмасин. Келажакда эл корига ярайдиган баркамол авлод ва етук инсон бўлиб улғайсин. Дунёнинг шодлиги оила бахту қувончи билан тўкис. Оила даврасидаги роҳат-фароғат, хотиржамлик ва ҳаловат бошқа жойдан топилмайди.

 

Муҳаббат ТЕМИРОВА,

Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси,

халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.