14.12.2017

МУРУВВАТДАН КЎНГИЛЛАР ОБОД

Мамлакатимизда Меҳр-мурувват ойлиги доирасида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган оммавий-маданий ва хайрия тадбирлари ўтказилмоқда. Бундай тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад ногирон­ларга тиббий, моддий ва маънавий кўмак бериш, яшаш тарзини яхши­лаш ҳамда уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун катта имко­ниятлар очиб беришдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғри­сида»ги фармони ойлик доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш ва давомийлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 18 ноябрдаги мажлиси баёнига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган 100-150 нафар­дан, жами 2 минг ётиб қолган ногиронларни уйларига бориб, уларга махсус ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш белгиланган.

Ўзбекистон ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар бўлими раиси Феруза Восиқованинг маълум қилишича, бу борадаги ишлар ойликнинг илк кунидан бошланган. Шу кунга қадар 150 нафар ана шундай кишиларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур уй анжомлари ва совғалар тақдим этилган. Ҳомийлар иштирокида Юнусобод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида яшовчи уч нафар ногиронга, шунингдек, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида 7 нафар болага ногиронлик аравачаси берилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ногирон­лиги бўлган шахсларнинг имконияти қайсидир маънода чекланган бўлиши мумкин. Лекин улар жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳаёт завқи ва шавқини ҳис этиб яшашга ҳақли. Улардаги ўзига хос истеъдод ва иқтидор айрим соғлом инсонларда ҳам бўлмаслиги ҳаётий ҳақиқат.

Умидхўжа Аҳмедов ҳозир 21 ёшда, иккинчи гуруҳ ногирони. У Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида туғилган. Тошкент маданият коллежининг анъанавий ижрочилик факультетини тугатган. Талаба бўлиш — Умидхўжанинг юксак орзуси. Жарангли овози, танбур ва пианинони маромига етказиб чала оладиган бу йигит ҳозир Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Тошкент шаҳар «Ёшлик» талабалар шаҳар­часи бўлинмасига етакчилик қилмоқда.

— Бўлинмамизнинг олтмишга яқин аъзоси бор, — дейди у. — Ҳомийлик асосида талаба ва ўқувчиларга шартнома пули, дори-дармонлари учун ёрдам берамиз. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 декабрдаги фармони биз каби ёшларнинг орзу истак­ларига қанот бағишлади.

Дилдора Кунузоқова ҳам шундай иқтидорли ёшлардан. Дилдора гарчи бирин­чи гуруҳ ногирони бўлса-да, бу ҳаёт­да жарангли овози билан ватандошлари қалбини забт этиш орзуси билан яшайди. Кўплаб қўшиқлар муаллифи бўлган Дилдора мухлисларини ўзининг концерт дастурида янги ижролари билан хушнуд этмоқчи.

— Кексалари қадрланаётган, ёшлари қўллаб-қувватланаётган азиз заминда туғилиб, ўсганимдан бахтиёрман, — дейди Дилдора. — Жорий йилнинг 17 декабрь куни Ўзбекистон ногиронлар жамияти кўмаги билан пойтахтимизнинг «Истиқлол» саройида «Шу юртим учун жон фидо» деб номланган хайрия концерт дастурини намойиш этмоқчимиз.

«Бир сафда» журнали Дилдора каби ёшларни қўллаб-қувватлаб, уларга маънавий кўмак бўлаётган нуфузли нашр ҳисобланади. Кўзи ожизлар учун нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу журнал бу йил ўзининг 60 йиллик юбилейини кенг нишонлади. У Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг ижтимоий-иқтисодий, ишлаб чиқариш, таълим маъданият, спорт, соғломлаштириш каби соҳалардаги фаолияти ҳамда юртимизнинг кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини ёритиб боради. Қолаверса, журнал мамлакатимизда яшовчи кўзи ожиз фуқароларнинг ҳаёти ва уларнинг ижти­моий соҳаларда эришаётган ютуқ­ларини жамоатчиликка тарғиб этадиган муҳим манба ҳамдир.

— Ойлик доирасида ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган қулайлик ва бу борада амалга оширилаётган ишларни кўзи ожизлар учун брайль ёзувида ҳамда заиф кўрувчилар учун йирик шрифтли ясси босмада чиқадиган нашримизда кенг ёритиб борамиз, — дейди журнал бош муҳаррири Икром Ражабов. — Мамлакатимиздаги мавжуд 12 та кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатларни махсус ёзувдаги дарсликлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратил­моқда. Хусусан, жамият тасарруфидаги босмахона томонидан шу кунга қадар 15 номдаги дарсликлар нашр этилди. Жамиятга қарашли «Санъат гулшани» масъулияти чекланган жамияти қошидаги овоз ёзиш студиясида 20 дан ортиқ аудио форматдаги илмий-бадиий асарлар жойлардаги махсус кутубхоналар орқали кўзи ожизларга тақдим этилаётгани ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар бардавом­лиги дейиш мумкин.

Мамлакатимизда яратилган кучли ижтимоий ҳимоя тизими асосида давлати­миз томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, хусусан, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг манзилли ижти­моий ҳимоясини кучайтириш юзасидан аниқ ва мақсадли чоралар амалга оши­рилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаётир.

— Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раёсатининг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерация­сининг кекса авлод вакиллари ва имко­нияти чекланган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича 2017-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлари тасдиқ­ланган бўлиб, унга мувофиқ касаба уюшмалари томонидан 584 нафар ёлғиз кекса ва ногирон инсонга 62,7 миллион сўмлик коммунал тўловлари қоплаб берилди, — дейди Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова. — Жумладан, улардан 4 нафар уруш ва меҳнат фахрий­сининг уй-жойи таъмирланиб, 46 нафарига 26,6 миллион сўмлик реабилитация воситалари олиб берилди. Шунингдек, байрамлар муносабати билан Мурувват, Саховат уйларида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, у ерда яшовчи­лар ҳолидан хабар олинди ва уларга жами 75,8 миллион сўмлик маиший жиҳозлар, кийим-кечаклар, гигиеник воситалар топширилди.

Ойлик муносабати билан касаба уюшмалари томонидан жойларда оммавий-маданий ва хайрия тадбирлари, учрашув­лар ташкил этилмоқда, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг уйларига бориб хабар олиниб, уларга манзилли ёрдам кўрсатилмоқда. Бунда ногиронлар учун квоталанган иш ўринларининг ажратилганлиги ва уларни тўғри банд қилин­ганлиги устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича ҳам ишлар кучай­тирилди. Корхона, ташкилот ва муасса­саларда ишлаётган жисмоний имконияти чекланган инсонларни моддий қўллаб-қувватлаш билан бирга улар ўртасида маънавий-маданий ва спорт тадбирлари, учрашувлар ўтказилиб, Саховат ва Мурувват уйларида яшовчилар учун касаба уюшмаларининг ижтимоий акциялари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан паралим­пия спортчилари, жисмоний имконияти чекланган инсонлар, тармоқ тизимидаги кичик бизнес субъектлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида спорт­нинг мини футбол тури бўйича ўтказилган мусобақалар ҳам шундай эзгу ишлар давомидир. Тармоқ тизимидаги корхона­ларда меҳнат қилаётган ходимлардан таркиб топган 8 жамоа ҳамда кўзи ожиз спортчилардан жамланган «Қалдирғоч» ва «Лочин» жамоалари иштирокидаги турнир қизғин баҳсларга бой бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат консер­вато­риясида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда 100 нафар жисмоний имконияти чекланган инсонга Касаба уюшмалари федерацияси томонидан совғалар топширилди.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.