Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
14.12.2017

ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ — ЗАМОН ТАЛАБИ

— 2018 йилнинг январь ойидан бошлаб энергия ресурсларидан фойдаланишнинг янгича механизмлари жорий этилар экан. Бу қай тартибда амалга оширилади?

Сафия Тўраева, Қашқадарё вилояти, Китоб тумани.

 

 

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Юртимизда электр ҳамда газ таъминоти тизимини изчил модернизация қилиш, технологик қайта жиҳозлаш, етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.

Мамлакат тараққий этиб борар экан, янги меъёрлар, қонунчиликни такомиллаштириш зарурати ҳам туғилади. «Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори, аввало, жамиятда тўлов маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Етказиб берилаётган энергия ресурслари қийматини аниқлашда табақалаштирилган ёндашишнинг мавжуд эмаслиги улардан оқилона фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.

Шунингдек, бинолар ва иншоотларнинг қурилиши, реконструкция қилинишида энергия тежамкор материаллар ва технологияларни қўллашга етарли эътибор берилмаётгани ҳам энергия ресурсларининг ортиқча сарф қилинишига олиб келмоқда.

Мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва айрим хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар электр энергияси (750 кВАгача бўлган қувватга уланган) ҳамда табиий газ учун тўловларни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ўрнатиладиган ўсиб борувчи коэффициентлар ва тарифларга мувофиқ амалга оширади. 750 кВА ва ундан юқори бўлган қувватга уланган бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари, сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари электр энергияси учун ҳисоб-китобларни иккинчи гуруҳ тарифлар бўйича амалга оширади. Бунда юридик шахслар учун тариф миқдори белгиланадиган сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича белгиланади.

Хусусан, ягона электр энергетика тизимининг энг катта юкламали соатларида, яъни эрталабки ва кечки тиғиз пайтда фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентда тўланади. Аксинча, энг кам юкламали соатларда эса белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камаювчи коэффициент қўлланади. Қолган вақтларда тўловлар ўрнатилган тариф бўйича амалга оширилади.

 

 

«Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига асосан коммунал хизматлар таъминоти билан боғлиқ янги меъёрлар йўлга қўйилар экан. Шу ҳақда тўлиқроқ тушунча берсангиз.

Ирода АНВАРОВА, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани.

 

 

 

Нўъмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бутун дунёда глобал масалага айланган. Чунки электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда қатор исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Президент қарорида эса уларнинг олдини олиш чоралари белгиланган.

Аввало, давлат органлари ва муассасаларининг бино ва иншоотлари, кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, қуриш ва фойдаланишга топширишда энергия самарадор, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилгани текширилади.

Бундан ташқари, якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, барча бино ҳамда иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмалари, энергия тежамкор лампалари мажбурий тартибда ўрнатилади.

Қарорга мувофиқ, 2022 йилнинг 1 январидан давлат органлари ва ташкилотлари балансида бўлган бино ҳамда иншоотларда иссиқ сув таъминоти учун фақат сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмалари, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ички ёритиш энергия тежамкор лампалардан фойдаланиш шарт. Чунки улар марказлаштирилган иссиқ сув таъминотидан узиб қўйилади.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда 35 биогаз ишлаб чиқарувчилар, 10 қуёш электр энергияси етказиб берувчилар ва микрогидроэлектр станция­лардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи 5 та корхонанинг имконият­лари у қадар кенг эмас. Шунинг учун қарорда муқобил энергия манбаларини жорий этиш юзасидан тадбиркорлик фаолиятини самарали рағбатлантиришда зарур бўлган ҳуқуқий асосларни шакллантириш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган.

Мазкур қарор юртимизда замонавий энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этишни жадаллаштиради. Бу орқали ортиқча исрофгарчиликларга чек қўйилади. Шунингдек, фуқароларга тўловларни амалга оширишда қулайлик яратилади. Масалан, ишлатилган энергия ресурсларининг ҳақини ойма-ой тўлаб бориш орқали қарздорлик миқдори ўсиб кетишининг олди олинади.

 

Зилола АНВАРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.