14.12.2017

«ҲАР БИР ИНСОНГА МЕҲР-МУРУВВАТ КЎРСАТИШ БУРЧИМИЗДИР»

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент вилоят кенгаши масъуллари билан Олмалиқ шаҳрига кириб борганимизда соат ҳали 9 бўлмаганди. Шунга қарамай, аллақачон тиббий кўрик акцияси бошланган экан. Шифокор қабулидан чиққан аёлни суҳбатга тортдик.

— Фарзандим болалигидан ногирон, — дейди Фарида Йўлдошева. — Ҳозир Умиджон 17 ёшда. Белгиланган вақтда шифокор кўригидан ўтиб турамиз. Бугунги тиббий акция­да ўғлимни малакали шифокорлар текширишди. Ўтган йилга қараганда бўйи ҳамда вазнида ўзгариш бор. Ҳар куни бадантарбия билан шуғулланади. Врачлар яна қўшимча маслаҳатлар беришди. Ижобий томонга ўзгариш борлигини айтиб, кўнглимни тоғдек кўтаришди.

— Тиббий акция шунчаки ҳисобот учун бўлса керак, деб ўйлагандим. Лекин бу ерга келиб фикрим ўзгарди, — дейди I гуруҳ ногирони Наргиза Умиджонова. — Шифокорлар барчани тўлиқ текширувдан ўтказяпти. Менга кам­қонлик ташхисини қўйишди. Энди соғлиғимга жиддий эътибор қаратаман. Мутахассислар берган тавсияларга амал қилсам, соғлиғим яхшиланишига ишонаман.

Тиббий акция доирасида 50 дан зиёд фуқаронинг соғлиғи текширувдан ўтказилиб, тегишли маслаҳат ҳамда кўрсатмалар берилди.

Кейинги манзил фуқароларнинг хонадонлари бўлди. Олмалиқ шаҳридаги бир гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қарияларнинг уйларига бориб, уларнинг яшаш тарзи ўрганилди.

— Бизга бириктирилган патронаж ҳамширалар қўлларидан келганча хизмат кўрсатишяпти, — деди Олия Кузина. — Шифокорлар аниқланган касалликлар бўйича керакли муолажаларни ёзиб берган. Уй тозалаш, атрофни ободонлаштириш учун ҳам ёрдамчилар бор. Бир сўз билан айтганда, ёлғиз қолдиришмаяпти. Энг асосийси мана шу, деб ҳисоблайман.

Тадбирнинг иккинчи қисми болалар мусиқа ва санъат мактабида давом этди. Унда Тошкент вилоят, Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳар партия кенгашлари масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, Ногиронлар жамияти ходимлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

— Барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Турсунпўлат Норбоев. — Зеро, Бош қомусимизга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат асосида амалга оширади. Бу жараёнда бизнинг вазифамиз аҳоли билан яқин алоқа ўрнатиш, одамларнинг кундалик ҳаётидан бохабар бўлиш, фикр ва таклифлар асосида қонунчилигимизни такомиллаштиришдан иборат.

— 30 ноябрдан 30 декабргача вилоят, туман, шаҳар партия ташкилотлари томонидан «Ҳар бир инсонга меҳр ва мурувват кўрсатиш — бурчимиз» шиори остида мурувват ойлиги ўтказилмоқда, — деди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрож ­Дархонов. — Мақсад пенсионерлар, ногиронлар, банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Бир ой давомида партия фаоллари ногиронлиги бўлган шахслар хонадонларига бориб, уларнинг муаммоларини ўрганади. Бундан таш­қари, хомийлар кўмагида моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар ташкил қилиш, кийим-кечак ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиши ҳам кўзда тутилган.

Айтиш керакки, ҳудудий партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, меҳнат ва уруш фахрийлари пансионатлари, «Саховат», «Мурувват» ва «Меҳрибонлик» уйлари, махсус мактаб интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалалари ўрганилмоқда. Бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилган.

— Жамиятимиз Ўзбекистон ХДП билан меморандум имзолаганидан хабарингиз бор, албатта. Шу асосда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлигимиз янги бос­қичга кўтарилмоқда, — деди Ногиронлар жамияти раиси Комилжон Абдуллаев. — Жойлардаги муаммолар ўрганилиб, уларнинг ечими юзасидан чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз доимий ва тизимли олиб борилади. Марказ-вилоят-туман-қишлоқ-маҳалла тамойили асосида иш кўрилса, эҳтиёжманд аҳоли билан алоқа ўрнатиш, уларнинг турмуш тарзи билан танишиш, ҳаётга яқинлашиш имконига эга бўламиз.

Олмалиқ шаҳар кўп тармоқли поликлиникаси мудири ­Бекмурод Расулов ҳудудда олиб борилаётган профилактика тадбирлари ҳақида маълумот берди, тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларни ўртага ташлади. Аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш борасида таклифларини билдирди. Мутахассислар йиғилганлар саволларига атрофлича жавоб беришди.

Акция доирасида, шунингдек, сайёр қабул ҳам ўтказилди. Аҳоли вакиллари депутатлар билан турли масалаларда очиқ мулоқот қилди. 10 дан ортиқ мурожаат ҳамкор ташкилотлар ёрдамида жойида ҳал этилди.

Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчиларига Миллий академик драма театри ижодкорлари томонидан «Қирмизи олма» спектакли намойиш этилди.

Тадбир якунида касаба уюшмалари шаҳар бўлими ҳамда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят бўлими ва бошқа ҳомийлар томонидан эҳтиёжманд оилаларга совғалар топширилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.