11.07.2017

ШАРТНОМА — ҚОНУНИЙ ҲУЖЖАТ

Унинг талабларига амал қилиш томонлар учун мажбурийдир. Афсуски...

Адлия идоралари томонидан шарт­номавий муносабатларни тартибга солиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш борасида изчил тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда, зарур чора-тадбирларни кўрмоқда. Тошкент шаҳар Адлия бош­қармаси Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлимида шартномалар тузилиши ва унинг бажарилишида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, ўтган 2016 йили бўлимга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги оқибатида вужудга келган дебиторлик қарзларни ундириш билан боғлиқ мурожаатлар бўйича судларга жами 24 ҳолат бўйича 1 миллиард 626,5 миллион сўмлик даъво ариза киритилган. Шундан, 11 ҳолат бўйича 445,4 мил­лион сўмлик даъво ариза қаноатлантирилган. Айни пайтда судларда 7 ҳолат бўйича 976,6 миллион сўмлик даъво аризани кўриб чиқиш бошланган.

Пойтахт туманлари электр корхоналари ҳамда «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамия­тининг 2014-2015 йиллар давомидаги шартномалар қонунийлиги ўрганилганда, тармоқ корхоналари жуда кўп қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйганлиги, хусусан, истеъмолчилар билан тузилган 278 шарт­нома тарафлар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланмаганлиги аён бўлди. Мисол учун, Олмазор туман электр тармоқлари корхонасида жисмоний шахс­лар билан 2014-2015 йиллар бўйича тузилган 119 шартнома истеъмолчилар томонидан имзоланмаган. Шунингдек, мазкур корхона юридик шахслар билан 72 та шартномани имзоламаган.

Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор, Учтепа, Яшнобод, Шайхонтоҳур туман электр тармоқлари корхоналари ҳамда «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятида ҳам 806 та жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган. Мисол учун, Мирзо Улуғбек тумани, Феруза мавзеси 59-уй, 12-хонадонда яшовчи фуқаро Д.Расулованинг 2015 йил 22 сентябр­даги электр ҳисоблагични ўрнатиб бериш тўғрисида ёзган мурожаати, ­Олмазор тумани Олимпия мавзеси, 12-уй, 3-хонадондан фуқаро Г.Сатторова­нинг мурожаати, Юнусобод тумани Иттифоқ кўчаси, 74-уйдан фуқаро О.Мирсагатованинг электр энергияси ўчирилганидан норози бўлиб ёзган аризаси, Чилонзор тумани, Алгоритм 9-уй, 21-хонадондан фуқаро А. Лининг электр энергияси ўчирилганидан норозилиги, Учтепа тумани Чилонзор 24-мавзеси, 24-уй, 64-хонадондан фуқаро Базарбоевнинг электр ҳисоблагич ўрнатиб беришни сўраб ёзган мурожаатларини туман электр тармоқлари масъуллари эътиборсиз қолдиришган.

Айни пайтда мазкур корхоналар раҳбарлари 12 минг 735 та шартномани тузишда Ўзбекистон Республикаси «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолия­тининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси талабларига риоя қилишмаган.

Бўлим томонидан «Тошкент шаҳар телефон тармоғи» филиали ва унинг тизимидаги телефон боғламаларининг 2015-2016 йилларда шартномалар тузилиши ва бажарилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилганда, юқоридаги идоралар томонидан жами 31 минг 254 та қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. «Тошкент шаҳар телефон тармоғи» корхонаси томонидан тузилган айрим шарт­номалар қонунга зид равишда тузилгани аён бўлди. Филиал томонидан тузилган айрим шартномаларнинг мажбуриятлари талаб даражасида бажарилмаган, ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган. Айтайлик, филиал билан «MAX AUTO UNIVERSAL» МЧЖ ўртасида тузилган 2016 йил ­8 январдаги 27-сонли шартноманинг 2.1 – бандига асосан етказиладиган маҳсулот юз фоиз олдиндан тўлов шартномаси тузилган кундан бошлаб, 5 банк иш куни ичида амалга оширилиши кўзда тутилган, бўлса-да, филиал тўловни жамият ҳисоб рақамига 25 кун кечиктириб ўтказган. Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.

Ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз керакки, шартнома тарафлар ўртасидаги ҳуқуқий битим бўлиб, уни бажариш ва унга амал қилиш томонлар учун мажбурийдир. Албатта, юқоридаги барча қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан адлия бошқармаси тегишли қонуний чоралар қўлланилишини амалга оширди.

 

Учқун ҲАКИМОВ,

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси

Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими бошлиғи. 



DB query error.
Please try later.