14.12.2017

ЕР РЕСУРСЛАРИ, ГЕОДЕЗИЯ ВА КАДАСТР СОҲАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 13 декабрь куни ер ресурслари, геодезия ва кадастр соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадор­лигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раҳбарларининг соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрилаёт­ган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Маълумки, ер ва кўчмас мулк кадастри ишларини яхшилаш мақсадида жорий йилда «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси таркибий тузилмаси ва фаолият йўналишлари қайтадан тасдиқланди.

Қўмитанинг асосий фаолият йўналишлари этиб ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, геодезия ва картография соҳаси фаолияти бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, геодезия ва картография фаолияти самарадорли­гини кучайтириш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, кўчмас мулк объект­ларининг электрон маълумотлар базасини такомиллаштириш ва доимий янгилаб бориш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда, давлат кадастр хизматлари сифатини яхшилаш, тадбир­корлик субъектларига тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатиш белгиланди.

Қўмита қошида Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Қўмита раҳбарияти бутунлай янгиланди. Қўмита тизимига қўшимча 937 штат бирлиги берилди ва моддий-техник базаси мустаҳкам­ланди.

Жумладан, давлат қўмитаси органлари тизимига қўшимча равишда киритилаётган штат бирликларини сақлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун жорий йил Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 45 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги қарори билан 2016-2017 йилларда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ялпи хатловдан ўтказилди.

Бунда мамлакатимиздаги барча 8 минг 901 маҳаллада хатлов ишлари якунланди. 6 миллион 190 мингдан зиёд кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Хусусан, 5,8 миллион турар жой объекти, 267 минг 963 нотурар жой объекти, 38 минг 373 дала ҳовлида хатлов ишлари амалга оширилди.

Бугунги кунгача Давлат солиқ қўмитасига реал вақт режимида 6 миллион 30 мингдан ортиқ (97 фоиз) кўчмас мулк объекти тўғрисидаги кадастр маълумотлари тақдим этилди.

Қўмита тизими идоралари томонидан фуқаро­ларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган давлат кадастр хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали 7 давлат хизмати интерактив усулга ўтказилди.

Учувчисиз учиш аппаратларини иқтисодиётнинг реал секторида самарали қўллаш орқали жойларда ер назорати, қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши ва бошқа агротехник тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида квадрокоптерлар олиб келинди.

Йиғилишда «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси раҳбариятида ер ресурслари, геодезия, картогра­фия ва давлат кадастри соҳасида муносабатларни комплекс тартибга солиш, ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, таъсирчан назоратни таъминлашда ташаббус етишмаётгани қаттиқ танқид остига олинди. Шунингдек, соҳада ҳал этилиши талаб қилинаётган кўплаб муаммолар борлиги қайд этилди.

Жумладан, жорий йилда агротехник тадбирлар бажарилиши ва шартномада кўзда тутилган экинларни тўлиқ экиш устидан тизимли монито­ринг ўрнатилмагани оқибатида 833 фермер 13 минг гектарга пахта ва ғалла экиш бўйича шарт­номавий мажбуриятини бажармагани кўрсатиб ўтилди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бош вазир ўринбосари З.Мирзаевга ердан самарали фойдаланиш, фермерлар томонидан тузилган шартномалар ижросини қатъий таъмин­лаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда давлат кадастр хизмати томонидан 2016-2017 йилларда кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиб, аниқланган ҳужжатсиз мол-мулкни рўйхатга қўйиш ишлари ҳам тўлиқ якунланмагани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, хатловда 1 миллион 100 мингта уй-жойнинг ҳужжати 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида расмийлаштирилмагани, 145 мингта кўчмас мулк объектидан 15 йилдан кам муддат мобайнида ҳеч қандай ҳужжатсиз фойдаланиб келингани, шунингдек, ноқонуний эгалланган 8,5 минг гектар ерда ва муҳофаза зоналарида 67 мингта объект қурилгани аниқланган.

Бироқ кадастр хизмати органлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари томонидан ушбу объектларнинг кадастр ҳужжатини тайёрлаш, улар бўйича мулк ҳуқуқини расмийлаштириш, ўзбошим­чалик билан эгалланган ерларда қурилган объектларни бузиш ёки уларга эгалик ҳуқуқини бериш ишлари тўлиқ якунламагани қатъий кўрсатиб ўтилди. Жумладан, 15 йилдан ортиқ вақт фойдаланиб келинган 1,1 миллионта уй-жойдан 751 мингтаси ёки 68 фоизи бўйича кадастр ҳужжатлари тайёрлангани, ушбу ишлар назорат­дан четда қолгани таъкидлаб ўтилди.

Шундан келиб чиқиб Бош вазир ўринбосари З.Мирзаев, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси раиси А.Абдуллаевга ҳудудий ҳокимликлар билан бирга кадастр ҳужжати йўқ уй-жой ва ерларни тўлиқ рўйхатга олиш, ўзбошимчалик билан эгал­ланган ер ва қурилган уйлар масаласини ҳал этиш бўйича қарор, дастур ва жадвал ишлаб чиқиб, амалга ошириш топшириғи берилди.

Соҳага ахборот коммуникацияларини, жумла­дан, кўчмас мулк ҳисобини юритиш бўйича ягона ахборот тизимини жорий қилиш, солиқ органлари билан кунлик ахборот алмашинув ишларида сусткашликка йўл қўйилган.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиевга хатловга кўра аниқланган ҳужжатсиз уй-жой ва ерларни кадастр органларида рўйхатга қўйиш, улар бўйича кадастр ва солиқ органларидаги маълумотлар базаси тўлиқ бўлиши ва янгиланиб боришини таъминлаш учун «Ергеодезкадастр» қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб бориш вазифаси юклатилди.

Ер ва мулкни рўйхатга олиш тартибини тако­мил­лаштириш зарурлигига йиғилишда алоҳида урғу берилди. Хусусан, Жаҳон банки эълон қилган рейтингда Ўзбекистон «мулкни рўйхатга олиш» кўрсаткичи бўйича 73-ўринда эканлигига эътибор қаратилди.

Шунинг учун, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси раиси А.Абдуллаевга бир ой муддатда кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ва расмий­лаштиришни «ягона дарча» орқали автоматлашган тарзда амалга ошириш, бу борада солиқ ва нотариус идоралари билан маълумотлар алмаши­нувини йўлга қўйиш юзасидан ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини ва экиш ишлари назоратини кучайтириш мақсадида замонавий учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)ни харид қилиш ишларини якунлаш, бундай аппаратларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида инновацион марказ ташкил этиш юзасидан қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.

 

ЎзА 



DB query error.
Please try later.