08.07.2017

РОССИЯДА ҚОНУНИЙ ИШЛАШ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи доирасида «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида» Битим имзоланди.

Мухбиримизнинг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ахборот хизматининг раҳбари ­Карим Баҳриев билан суҳбати шу мавзуга бағишланди.

— Аввало, мазкур Битимнинг аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

— Сир эмас, Россия Феде­рация­си ҳудудида вақтинчалик меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг фаолиятини қонуний йўлга солиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада замонавий усулларни топиш ва ишга солиш энг долзарб масалалардан бири эди. Икки давлат раҳбари томонидан имзоланган Битим асосида ушбу муаммо ижобий ҳал этилади.

— Ушбу Битим қайси идора ва муассасалар томонидан амалга оширилади?

— Ўзбекистон тарафидан Республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Таш­қи ишлар, Ички ишлар вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Россия Федерацияси тарафидан эса Россия­нинг Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, Таълим ва фан, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ҳамда Ички ишлар вазирликлари, Меҳнат ва бандлик бўйича Федерал хизмати Битим талабларини бажариш бўйича масъул қилиб белгиланган.

— Ўзбекистон Републикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлиги бевосита қандай вазифаларни бажаради?

— Агентлигимиз, энг аввало, республикамиз фуқароларини Россия Федерациясида ишлаш учун жалб этиш, ишга қабул қилиш ва жойлаштириш тартиблари ҳақида хабардор қилади. Тегишли малака ва иш тажрибасига эга бўлган юрт­дошларимиз ўртасида танлов ўтказади, амалга оширади, Россия Федерацияси қонун ҳужжатлари талаблари асосида борувчиларни имтиҳондан ўтказадиган ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Шунингдек, танловдан ўтганларни Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлиги томонидан белгиланган имтиҳонларни топшириш учун тавсия этилган ўқув-услубий материаллар асосида ўқитади, уларнинг тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этади, иш берувчилар билан талаб этилаётган малака ва тажрибага эга бўлган номзодларни ишга жойлаштиришнинг шартларини, меҳнат шартномаларининг лойиҳаларини келишади. Бир сўз билан айтганда, вақтинчалик ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг иш жойига етиб боришигача бўлган жараёнларни амалга оширишга кўмаклашади.

— Иш берувчилар қандай танланади?

— Албатта, иш берувчини тўғри танлашнинг аҳамияти жуда катта. Иш берувчи бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлар, шу жумладан, иш ҳақи, иш режими, таълим, касбий билимлар, кўникмалар, иш стажига бўлган малака талаблари, иш берувчи томонидан тақдим этиладиган қўшимча ижтимоий кафолатлар тўғрисида ахборотни таҳлилий тизимга Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жойлаштиради. Агентлигимиз ходимлари эса маълумотларни тўлиқ ўргангач, иш берувчини танлайди ва талабгорларга тавсия этади.

— Иш берувчига қандай талаблар қўйилади?

— Иш берувчидан талаб қилинадиган қонунга мувофиқ мажбурий шартлар қуйидагилардан иборат: ишловчиларни санитария-гигиена талаблари ва бошқа меъёрларга жавоб берадиган яшаш жойи билан таъминлаш, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлигини таъминлаш. Меҳнат ҳақи Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан паст бўлмаслиги кафолатланиши лозим.

— Ўз билганича хорижга бориб, меҳнат қилаётган фуқаролар қандай муаммоларга ва хатарларга дуч келадилар?

— Бирор танишининг даъвати билан ёхуд интернетдаги эълонларга ишониб, хорижга ишга боришни мўлжаллаган фуқаро, энг аввало, бунинг ноқонуний эканлигини билиши зарур. Чунки қонунчилигимиз асосида ҳукуматимиз ўрнатган тартибга кўра, Ўзбекистон фуқаролари фақат Ташқи миграция масалалари агентлиги ор­қалигина хорижда ишлаш учун боришлари мумкин. Ноқонуний ишлаётган меҳнат муҳожири даставвал ҳуқуқий мақомга эга эмаслигидан мунтазам жабр чекади: уни полиция қўлига тушиш, жазоланиш ва депортация қилиниш хавфи таъқиб этади. У бундай ҳолатда осонгина одам савдоси қурбонига айланиши, қул қилиб ишлатилиши, турли экстремистик ва террористик гуруҳларнинг тузоғига тушиши мумкин. Қонуний шартнома асосида ишламаган одам қуруқ оғзаки келишув билан кифоялангани учун маошини тўлиқ ва ўз вақтида ололмаслиги, тан жароҳати олган ёки касалланган пайтида ижтимоий ҳимоясиз қолиши ва бош­қа кўплаб кўнгилсиз ҳолатларга дучор бўлиши эҳтимоли катта.

— Қонуний тарзда ишга жойлашиш учун нима қилиши керак?

— Фуқаро ишга жўнатувчи ташкилот орқали иш берувчи билан шартнома тузади. Россия Федерацияси қонунлари асосида тузилган ушбу шартномада иш шароити, меҳнат муҳофазаси, иш ҳақи, дам олиш ҳуқуқи ва бошқа қонуний ҳуқуқлари кафолатланади. Шу билан бирга, хорижда қонуний йўл билан ишлаётган Ўзбекистон фуқароси меҳнат дафтарчаси ва иш стажига эга бўлиш ҳамда қариганда пенсия билан таъминлаш ҳуқуқига эгадир.

— Қонуний тарзда хорижда ишлайдиган шахс ижтимоий ҳимоянинг қайси турларидан фойдаланади?

— Меҳнат мигрантлари Россия Федерациясининг қонунлари ва халқ­аро шартномаларга мувофиқ ижтимоий суғуртадан (мажбурий тиббий суғуртадан ташқари) фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллигига чалиниш натижасида меҳнат мигранти вафот этган ёки соғлиғи ёмонлашган тақдирда тегишли товон пули Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади. Бундай пайтларда иш берувчи жабрланувчини юртига қайтариш билан боғлиқ харажатларни ­ҳам қоплайди.

— Ноқонуний меҳнат миграцияси сабабларидан бири ташкилий, расмийлаштириш жараёнларининг мураккаблиги билан боғлиқ, деган фикрлар ҳам билдирилмоқда. Бу масалада қулайлик яратиш бўйича агентлик қандай ишларни амалга оширмоқда?

— Агентлик мутахассислари томонидан Ташқи миграция тўғрисида, рекрутинг фаолияти тўғрисида янги қонунлар лойиҳалари тайёрланмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мамлакатимизнинг барча вилоятларида агентликнинг филиалларини, шунингдек, Россия­нинг саккизта шаҳрида, Қозоғистон, Жанубий Корея, Польша, Японияда ҳам ваколатхоналар очиш режалаштирилган.

Хорижда ишлаш учун бораётган ҳар бир фуқаро ўша давлатнинг тилини, урф-одатларини, қонунчилигини билиши муҳим. Шунинг учун агентликнинг мослаштириш ва ўқитиш маркази ташкил этилган. Агар фуқаро хориждаги иш берувчи талаб этаётган касбни ўрганмоқчи бўлса, Тошкент ва Самарқанддаги касбга ўргатиш марказларига мурожаат қилиши мумкин. Шундай марказларни яқин йилларда барча вилоятларда очиш режалаштирилган.

— Маълумки, Россияда ишлаш учун патент олиш керак. Бу масалада Агентлик қандай ёрдам беради?

— Қонунчиликка кўра, бундай патент Россияда берилади. Ўз ҳолича у ерга борган инсон аввал турар жой топади, кейин патент олиш учун имтиҳонга тайёрланади, тиббий кўрикдан ўтади, ҳужжатлар йиғади, рус тили ва тарихдан комп­лекс имтиҳон топшириб, патент олади. Шундан сўнггина иш жойи излайди. Буларнинг бари ҳафталаб, баъзан ойлаб вақт талаб қилади. Патентнинг нархи ҳам анча қиммат туради.

Битимда мана шу ўзига хос мураккаб жараёнларни соддалаштириш масалалари кўзда тутилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликдаги марказлар очилмоқда. Улар ишга тушса, бўлғуси меҳнат мигрантлари юртимизда туриб имтиҳон топшириши, суғурта полисларини расмийлаштириши, ҳозирда олиб борилаётган музокаралар ижобий якун топса, тиббий кўрикдан ҳам ўтиши мумкин. Бундай пайтда талабгорнинг вақти ва маблағи тежалади. Патент учун ҳужжат тўплаш харажатлари ҳам бир неча баробарга арзон тушади. Қолаверса, фуқаро иш излаб овора бўлмайди, иш берувчига ва шартномага, аниқ турар жойга эга бўлган, патент учун ҳужжатларни топширган ҳолда Россияга жўнайди ва бориши биланоқ патент олиб, ишга киришади.

Умуман олганда, Битим Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги меҳнат миграцияси жараёнларини тўлиқ қонунийлаштириш имкониятини яратади, иккала мамлакат фуқароларининг манфаатларини таъминлайди, меҳнат ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этади, шунингдек, одам савдосини келтириб чиқариши мумкин бўлган ноқонуний миграциянинг олдини олишга хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.