12.12.2017

ТАРИХИЙ ЎЗГАРИШЛАР,

бунёдкорликлар одамларни юксак марралар сари ундамоқда

Сурхондарё вилояти иқтисодий салоҳияти, бой табиий захиралари, энг муҳими, фидойи ва меҳнаткаш одамлари билан мамлакатимиз тараққиётига муносиб улуш қўшиб келмоқда. Тўпаланг гидроэлектрстанцияси, «Сурхонтекстель» корхонаси, Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш заводи, Хонжиза кон бойитиш мажмуаси, Шарғункўмир ҳамда Хўжаиконтуз акциядорлик жамиятлари каби йирик корхоналар вилоят иқтисодиётида етакчилик қилмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Ишбилармонларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши қарийб 76 фоизни ташкил этган ҳолда, аҳолининг 80 фоизидан зиёди айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев бундан тўққиз ой муқаддам 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятида бўлганида, қатор ло­йиҳалар билан танишган, муҳим таклифларни билдирганди. Давлатимиз раҳбари Термиз туманидаги «Gold Agro Fresh» агрофирмаси фаолиятини кўздан кечирар экан, бундай илғор иш услубини кенг оммалаштириш зарурлигини уқтирганди. Қиймати 35 миллион АҚШ долларидан иборат бўлган корхонанинг замонавий иссиқхоналарида қиймати йилига 30 миллион доллардан зиёд маҳсулотни экспорт қилиш имконияти мавжуд.

— Корхонамиз 20 гектар ерга эга, 15 блокда турли хил маҳсулотларнинг харидоргир навларини етиштираяпмиз, — дейди «Gold Agro Fresh» агрофирмаси раҳбари Фарҳод Шарипов. — Президентимиз ўшанда, йилига икки маротаба ҳосил олишга мўлжалланган иссиқхонамиз имкониятини юқори баҳолаб, уни кенгайтириш зарурлигини айтганди. Биз ҳозир иссиқхонамиз умумий ер майдонини 70 блокдан иборат 100 гектарга етказиш бўйича амалий ишлар қилаяпмиз.

Агрофирмада помидор, гулкарам, броккали, рукколо, шунингдек, ялпизнинг харидоргир навларини етиштириш баробарида, ноанъанавий сабзавот маҳсулотлари тайёрлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Жами 639 гектар ер майдонига эга бўлган жамоа аъзолари бугунгача 30 миллион доллардан зиёд маҳсулотни ташқи бозорларга чиқаришга эришди. Улар йил охиригача 50 миллион долларлик экспорт ишларини амалга оширишни режалаштирган.

Вилоятда балиқчиликни ривожлантириш борасида ҳам катта имкониятлар мавжуд. Бироқ бир муддат ана шу тармоқ эътиборсиз қолди. Масалан, вилоятда 1990 йилда минг тонна балиқ етиштирилган бўлса, 2002 йилга келиб, бу кўрсаткич беш-олти баробар пасайиб кетди. Узун туманидаги «Ат-Термизий», «Абу-Хурайра», «Шералибобо» ҳамда «Азизбобо» фермер хўжаликлари бутунлай оқсаб қолди. Натижада «Сурхонбалиқ» акциядорлик жамияти санацияга учраб, банкрот деб эълон қилинди.

Бугунги кунда халқимизни балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, соҳага янгича ёндашилмоқда. Ўтган йили «Ипотека» банки томонидан 51 балиқчилик хўжаликларига 6,5 миллиард сўм кредит ажратилди.

Вилоятдаги мавжуд 186 балиқ хўжаликлари сафига, ўтган йилнинг апрель ойидан эътиборан, «Термиз агро фиш экспорт» агрофирмаси ҳам қўшилди. Айни пайтда агрофирма томонидан Қумқўрғон ва Термиз туманларида 240 гектар майдонда замонавий сув ҳавзалари барпо этилмоқда. Унинг дастлабки босқичида Вьетнам технологияси ­асо­сида йилига 500 тонна маҳсулот тайёрланса, корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, бу рақамни тўрт баробарга ошириб, йилига 2 минг тонна балиқ маҳсулотлари тайёрлаш имкони яратилади.

— Президентимиз корхонамизда бўлганида интенсив усулда балиқ етиштиришнинг афзалликлари ҳақида тушунтириш берди, — дейди «Термиз агро фиш экспорт» агрофирмаси раҳбари Нор­муҳаммад Нормуҳаммедов. – Дарҳақиқат, 1 гектар майдондаги табиий кўлда 100 килограмм балиқ маҳсулоти етиштирилса, интенсив усулда бу кўрсаткични 20 баробарга кўпайтириш мумкин. Айни пайтда 2,5 миллиард сўм кредит эвазига сунъий сув ҳавзалари яратилиб, даст­лабки босқичда зоғора, оқ дўнгпешона каби балиқларни парвариш қилаяпмиз. Келгусида сув ҳавзалари сонини янада ошириб, 105 иш ўрни яратиш ниятидамиз.

Шунингдек, бу ерда сиғими 200 тонналик музлаткич қуриш, дудланган ва консерваланган маҳсулотлар тайёрлаш, балиқлар учун омухта ем ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида ҳам ишлар қилинмоқда.

Вилоятда кейинги йилларда касаначилар орасида ипак қурти парваришлашга иштиёқ сўниб, пиллачиликнинг шуҳрати пасайиб кетганди. Президентимизнинг шу йил 29 март куни «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қабул қилган қарори пиллакорларга қанот бўлди.

Ангор туманида барпо этилаётган Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигидаги «Huashen Silkworm Pro» масъулияти чекланган жамияти ипак қурти етиштиришга ихтисослаштирилган. Корхона ишга туширилгач, бу ерда 3 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

— Ўтган йили 3 минг 394 фермер хўжалиги томонидан 1 минг 553 тонна пилла етиштирилди, — дейди корхона ҳуқуқшуноси Тўра Алимардонов. — Бу рақам кўпми ёки оз? Албатта, оз. Бир қути ипак қурти парвариши учун 1 минг 200 килограмм тут барги керак. Бунча баргни 25 сотих тутзордан олиш мумкин. Хўш, белгиланган маррани эгаллаш учун тутзорлар етарлими? Афсуски, сўнги йилларда тутзорларда агротехника тадбирларига унча эътибор берилмади. Натижада дарахтларнинг сони камайиб, ҳосилдорлик пасайиб қолди. Шунинг учун ҳам бу каби салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида тутзорлар уюшмамиз ҳисобига ўтказилди...

Суҳбатдошимиз корхона ҳовлиси ёнидаги қарийб икки одам бўйи бўлиб ўсган тутларга ишора қилдида, шу тутлар экилганига неча йил бўлган, деб ўйлайсиз деди. Биз икки-уч йил бўлса керак, дедик. Йўқ, деди у. Шу йил баҳорда экилган. Бу навларни илгари хориждан келтирардик. Энди ўзимизда кўпайтираяпмиз.

Корхона пойдеворини яратган, айни пайтда «Ўзбек­ипак­саноат» уюшмаси раиси бўлиб ишлаётган Баҳром Шарипов ташаббуси билан бу ерда улкан ишлар амалга оширилди. Айни пайтда тутзорларни кўпайтириш билан бирга, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ишлари ҳам йўлга қўйилган. Энг муҳими, хориждан келтирилаётган ипак қурти уруғини тўлиқ шу ерда етиштириш борасида катта ишлар қилинмоқда. Яна бир муҳим томони, ипак қурти озуқасини етиштиришдан тортиб, пилла олиш, ипак йигириш, мато тўқиш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараён энди шу ерда амалга оширилади.

— Жаҳон бозорида бир килограмм ипакнинг баҳоси 38-40 АҚШ долларига тенг, — дейди суҳбатдошимиз сўзини давом эттириб. — Агар у калава ҳолатига келтирилса, баҳоси 55 долларга етади. Ундан мато тўқиб, кийим-кечак тайёрланса, бу рақам яна 5-6 баробарга ортади. Ҳолбуки, ҳар бир килограмм ипак калавасидан 11 метргача мато тўқилади.

Термиз шаҳрида жойлашган корхона идораси ёнидаги савдо дўконини ипак толасидан тайёрланган турли либослар безаб турибди.

— Мана шу адрас матолари ва ундан тайёрланган либослар ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда, — дейди Тўра Алимардонов. — Биласизми, Хитойда тут баргидан чой олиш технологияси яратилган. Ажаб эмас, яқин йилларда мана шу ишлар ўзимизда ҳам йўлга қўйилса.

У яна нимадир демоқчи бўлди. Бироқ кимдир қўл телефонига қўнғироқ қилиб, тажриба ўрганиш мақсадида Бухоро ва Хоразм вилоятларидан мутахассислар келганини айтди. Суҳбатдошимиз меҳмонларни кутиб олишга ошиқди...

Қизириқ туманида 2 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий чорва комплекси барпо этиш режалаштирилган. 762 гектар майдонда қурилаётган ушбу мажмуанинг умумий қиймати 11,5 миллиард сўмни ташкил этади. Бу ерда йилига 4 минг тонна сут, 200 тонна гўшт етиштириш мўлжалланган.

— Қурилиш ишлари деярли якунланди, — дейди туман ҳокими Тожимурод Мамараимов. — Куни-кеча Германиядан 130 бош қорамол олиб келдик. Яна 170 бош олиб келинаяпти.

Ангор туманида мева-сабзовот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган «Angor Gold Fruits» масъулияти чекланган жамиятида лойиҳага мувофиқ, 530 гектар ерга интенсив боғ яратиб, 3 минг тонна мева-сабзавотни сақлаш имкониятига эга музхона қуриш кўзда тутилган.

Туман ҳокими Бахтиёр Ибодовнинг таъкидлашича, музхона қурилиши борасида амалий ишларга киришилмаган бўлса-да, 530 гектар майдонда интенсив боғ яратилган.

Мамлакатимиз раҳбари ўшанда Термиз шаҳрида барпо этилаётган ғўзапоя ва қамишдан ДСП материали ишлаб чиқариш лойиҳаси билан ҳам танишган эди. Куни-кеча бу ерда ана шу маҳсулотнинг даст­лабки намуналари ишлаб чиқарилди. «Термиз таъминот» масъулияти чекланган жамияти негизида барпо этилган корхонада йилига 30 минг куб метр ДСП маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 4,2 гектар майдонда 2,9 миллион доллар эвазига қад ростлаган янги мажмуада 160 иш ўрни яратилмоқда.

— Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни асосан, ички бозорда сотаяпмиз, — дейди корхона раҳбари Баҳодир Қодиров. — Бироқ ҳозирданоқ Афғонистон ва Тожикистон давлатларидан буюртмалар олдик. Яқин кунларда ламинатлаштирилган ДСП ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўямиз.

— Ютуқларимизнинг бош омили тадбиркорларга яратилаётган қулайлик ва кенг имкониятлар ҳамда турли тўсиқларнинг бартараф этилгани, — дейди вилоят «Нуроний» жам­ғармаси раисининг ўринбосари ­ЎзХДП фаоли Орзиқул Соатов. — Тўғри, истиқлол йилларида жуда кўп марраларни эгалладик. Бироқ кейинги бир йил ичида амалга оширилган ишлар кўлами янада мазмундор ва салмоқли бўлмоқда. Мен куни кеча Конституциямизнинг 25 йиллик тўйи муносабати билан Тошкентда ўтказилган тантанада иштирок этдим. Президентимизнинг қўлларидан давлат мукофотини қабул қилиб олар эканман, ниҳоятда ҳая­жонландим. Тўғрисини айтай, бугун одамларнинг руҳияти, кайфияти баланд.

Чунки Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида тарихий ишлар амалга оширил­япти. Одамлар давлат идоралари томонидан ўзларига эътибор ва иззат-ҳурмат кўрсатилаётганидан мамнун бўлишмоқда. Иккинчидан, кенг кўламли бунёдкорликлар олиб борилаётгани, иш ўринлари яратилаётгани, тадбиркорлар учун имконият ва имтиёзлар кўпайиб бораётгани одамларниг эртанги кунга ишончини оширмоқда.

 

Абди ҚОДИРОВ.

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.