06.07.2017

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ ЭНГ КУЧЛИ ЁШ СИЁСАТЧИСИ АНИҚЛАНДИ

Зангиота тумани Келес шаҳридаги Мусиқа ва санъат мактабида «Ёш сиёсатчи — 2017» кўрик-танловининг Тошкент вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда 18 нафар ёш сиёсатчи «Савол-жавоб», «Нотиқлик санъати» ҳамда «Лойиҳа тақдимоти» каби шартлар бўйича куч синашди.

— Бугунги танлов қатнашчилари келажакда етук сиёсатчи, депутат, партия­ етакчиси бўлишига ишонаман. Шунингдек, мазкур танлов ёшларимизни катта мақсадлар йўлида бирлаштиради, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова. — Иштирокчиларнинг ўз мустақил фикрига эга эканлигини кўриб уларга ҳавасим келди.

— Ўқитувчи бўлганлигим учун ҳам иштирокчиларнинг нотиқлик санъатига алоҳида эътибор қаратдим, — дейди ЎзХДП фао­ли Хуршида Дўстбекова. — Нотиқнинг асосий хусусиятларидан бири — бу фикрини адабий тилда тингловчиларга чиройли, аниқ етказиб беришдир. Ушбу талабларни бажаришга интилган ёшларда бошловчилик, раҳбарлик, етакчилик қобилияти ҳам ривожланади.

«Лойиҳа тақдимоти» шартида иштирокчилар ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишлари янги иш ўринлари яратиш, ёшларни жамоатчилик ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларида ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича қарашларини тақдим этишди.

— Ногирон, маълумоти йўқ хотин-қизлар ҳамда касб-ҳунар коллежини тугатган ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида гиламдўзлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман, — дейди бекободлик Мафтуна Абдуллаева. — Ло­йиҳамнинг умумий қиймати 15 миллион сўм бўлиб, «Микрокредитбанк» кредити ва ўз маблағим асосида иш фаолиятимни бошламоқчиман. Ҳисоб-китобларимга кўра, бир йиллик соф фойда 30 миллион сўмни ташкил қилади.

Оққўрғон тумани вакили Акмал Турсуналиев танловнинг ҳар учта шарти бўйича биринчи ўринни эгаллади.

— Кўтаринки руҳда ўтган беллашувда биринчи ўринни эгаллаганимдан жуда хурсандман, — дейди у. — Республика босқичида ҳам муносиб иштирок этиб, ғолиб бўлишга ҳаракат қиламан.

— Бугунги ёшларга ҳавасим келади, — дейди халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши депутати Шодия Умар­хўжаева. — Уларнинг ёшида биз бизнес режа тузиш, кредит олиш нима эканлигини билмас эдик. Ёш сиёсатчиларнинг кейинги фаолиятига ҳам омад тилайман.

— Мен бахтлиман, «Ёш сиёсатчи — 2017» кўрик-танловида Оҳангарон тумани номидан иштирок этган ўқувчим Мадина Абусамадова иккинчи ўринни эгаллади. — дейди Оҳангарон туман «Истиқбол ёшлар» бўлими реферанти Гулжаҳон Қосимова. — Унинг танловга тайёрланиш жараёнида ҳуқуқий билими ошди, партиянинг ғоя ва мақсадларини тушуниб олди.

— Кўрик-танловнинг «Энг ҳозиржавоб иштирокчи» номинация­си ғолиби бўлдим, — дейди Қибрай тумани вакили Меҳринисо Долиева. — Мен илгари сурган лойиҳа яхши баҳоланди, лекин биринчи шарт­да ҳаяжонландим. Келгуси йил ҳам ушбу танловда қатнашаман ва албатта ғолиб бўламан.

— «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови мамлакатимиз ёшлари ўртасида тобора оммалашиб бормоқда. Йилдан-йилга унда қатнашиш истагини билдираётган ёшлар сафи ҳам кенгаймоқда, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрожиддин Дархонов. — Танловда партиямиз сафидаги кўп­лаб янги истеъдодларни кашф этдик. Хусусан, Чирчиқ шаҳри вакили барча шартларда фаол қатнашди, Ангрен шаҳри номидан иштирок этган Хайруллахон Аҳмадхонов ўзининг ҳозиржавоблиги, фикрлари теранлиги билан барчада яхши таассурот қолдирди.

Шунингдек, танлов жараёнида ёшларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, тар­ғибот-ташвиқот ишларига эътибор қаратиш, партиямиз ғояларига содиқ бўлган ёшларни сафимизга қабул қилиш юзасидан хулосалар чиқариб олдик.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.