06.07.2017

МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎПРИГИ

Пойтахтимизда «Жаҳон адабиёти» журналининг 20 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

«Ўзбекистонда мустақиллик даври маънавияти ривожида «Жаҳон адабиёти» журналининг тутган ўрни ва аҳамияти» мавзуида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, таржимонлар, ёш ижодкорлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, академик Б.Назаров, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиё­ти университети ректори Ш.Сирожиддинов, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Ш.Ризаев ва бошқалар мамлакатимизда маънавий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш жараёнида китобхонлик маданиятини шакллантириш, таълим муассасаларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ва тарбиявий адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, аввало, ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук инсонлар қилиб тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу эзгу ишлар силсиласида «Жаҳон адабиё­ти» журнали халқимизни жаҳон адабиётининг энг сара намуналари билан таништириш, китобхонлик муҳитини яхшилаш, ўзбек таржимонлик мактабини ривожлантириш ва адабиётимизни янги ижодий тажрибалар билан бойитишга ҳисса қўшиб келмоқда.

Мазкур журнал йигирма йил аввал — 1997 йил 27 февралда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ташкил этилган. Бу янгилик мамлакатимиз маънавий-маданий ҳаётида тарихий воқеа бўлган эди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг фидокорона хизматлари, жонкуярлиги ва ташкилотчилиги билан қисқа фурсатда таҳририятда таниқли таржимонлар, адиблар, мунаққидлар жам бўлган, уларнинг самарали меҳнати натижасида мазкур журнал нуфузли нашрга айланди. Ўтган даврда журналнинг 240 сони нашрдан чиқди. Уларда 100 дан ортиқ роман, 200 дан зиёд қисса, мингдан ортиқ ҳикоя ва новелла, мингга яқин ижтимоий-фалсафий, адабий-бадиий, илмий-назарий мақола ва эсселар эълон қилинди.

— Бугунги мураккаб глобаллашув даврида миллий маънавият, миллий ўзлик ва маданиятни асраб қолиш, ўз мустақил фикри, дунёқараши ва эътиқодига эга, юксак ахлоқли ёшларни тарбиялаш давлатимиз сиё­сатининг энг муҳим масалаларидан бирига айланди, — дейди «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Ш.Ризаев. — Журналимиз шакл-шамойили ва мундарижасини бугунги даврнинг ана шундай ўткир ва долзарб талабларидан келиб чиқиб белгиламоқдамиз. Айниқса, ёш авлоднинг онгу тафаккурини бойитиш, улар қалбини эзгу ғоялар, ойдин орзулар билан тўлдиришда жаҳон адабиёти намуналари ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.

Конференцияда бадиий тафаккуримиз юксалишида «Жаҳон адабиёти» журналининг ўрни, дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш муаммолари, мазкур нашр­да Ғарб адабиётшунослиги тал­қини каби мавзуларда маърузалар тингланди.

 

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири. 



DB query error.
Please try later.