04.07.2017

СОҒЛОМ ЭЪТИҚОД ЙЎЛИ

Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган «Ижтимоий бар­қарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг соф­лигини асраш — давр талаби» мавзуидаги анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар ўртасида диний тарбия, ислом динининг бебаҳо фазилатлари, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

 Анжуман иштирокчиси сифатида кун тартибига қўйилган масала, яъни ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилалар, маҳаллалар, юртимизда соғлом муҳитни қарор топтириш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги ва эртанги кунимизни, фарзандларимиз, набираларимиз келажагини ҳал қилишда нақадар улкан аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашни истардим.

Мамлакатимиз раҳбарининг Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъият билан ҳаракат қилишга даъват этувчи фикрлари, бу борада йўл қўйилган камчиликлар, олдимизда турган энг муҳим вазифалар тўғрисидаги мулоҳазалари барча қатори мени ҳам янада фаол бўлишга, зиммамдаги масъулият ва жавобгарлик ҳиссини ҳар қачонгидан чуқурроқ англаган ҳолда яшашга ва ишлашга ундади.

Тўғри, юртимизда тинчлик-осо­йишталикни сақлашда, ёшларимизнинг турли диний оқимларга кириб қолишдан асрашда, йўлдан адашганларни соғлом эътиқод йўлига қайтаришда фаол иш олиб борилаётгани ҳаммамизга аён. Аммо ҳали-ҳануз, шаҳар ва қишлоқларимизда, маҳаллаларда тўғри эътиқод йўлидан адашганлар, сохта алдовларга ишониб, гулдай умрини хазон қилаётганлар йўқми? Биз дин пешволари уларни бундай зарарли таъсирлардан асраш учун нима қилаяпмиз? Билиб-билмай йўлдан адашган болани дарров душманга чиқариб қўймаяпмизми? Ёки, бу қўшнининг боласи, бошқа маҳалладан, деб бепарво, лоқайд муносабатда бўлаётганимиздан кўз юмамизми? Афсуски, бу бор гап.

Ҳаётда, кундалик турмушда учраб турадиган яна бир иллатга ҳам эътиборли бўлишимизни истардим. «ЗАГС»дан ўтмасдан, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида қонуний никоҳни қайд этмасдан туриб, яширинча, шаърий никоҳ ўқи­тиш, хотин устига хотин олишдек нохушдан нохуш ҳолатга бугун ҳам дуч келаётганимизни нима билан оқлаш мумкин? Хўш, бундай шаърий никоҳларни кимлар ўқияпти? Пул эвазига, яширинча никоҳ ўқиётган баъзи бир чала муллаларимиз ўзларининг бундай хатти-ҳаракатлари эртага қандай оқибатларга олиб келишини ўйлаб кўришаяптими?

Қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган болаларнинг тақдири нима кечади, келажаги қандай бўлади? Улар қонунларимизда белгиланган кўпдан-кўп ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолишмайдими? Бундай болаларнинг руҳияти синиб қолмаслигига ким кафолат беради? Ажралишларнинг камаймаётгани, бегуноҳ, норасида болаларнинг етим бўлиб қолаётгани, аёлларимиз ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳодисалари ҳанузгача учраб туришлигининг сабаблари ҳам шунда эмасмикан?

Туманимизда 146 мингдан зиёд аҳоли бор. Улар катта-кичик, яқин-йироқ юзлаб қишлоқлар ва маҳаллаларда истиқомат қилишади. Юқорида айтилган анжумандан қайтиб келгач, ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳи туздик. Айни кунларда гуруҳ аъзолари қишлоқларда, маҳаллаларда бўлишаяпти. Уйма-уй, хонадонма-хонадон кириб, хорижга кетган ёки бекор юрган, кимнингдир ноинсофлиги оқибатида нотўғри йўлга тушиб қолган ёшлар, уларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари билан яккама-якка суҳбатлар ўтказаяпмиз. Бу борада таълим-тарбия, тарғибот амалларидан, шахсий ибрат кўрсатиш усулларидан фойдаланаяпмиз.

Ватанимиз тақдири, халқимиз, хусусан, ёшларимиз келажагига бефарқ бўлишдан сизу бизни Яратганнинг ўзи асрасин. Бу йўлда собитқадам, ҳамжиҳат бўлиш, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш, аҳоли ўртасида соғлом эътиқод йўлини кенг тарғиб этиш, йўлдан адашганларга ҳар жиҳатдан кўмак бериш барчамизнинг бурчимиз, муқаддас динимиз даъват этадиган эзгу амалларга уйғун вазифа эканлигини унутмасак, ўйлайманки, Оллоҳ сизу бизга мададкор бўлади.

 

Раҳмонқул ҳожи МАМАТҚУЛОВ,

Бахмал тумани бош имом хатиби.



DB query error.
Please try later.