04.07.2017

СОБИҚ ҲОКИМНИНГ 102 ТА ҚАРОРИ

қай даражада қонунийлигига аниқлик киритиш юзасидан тегишли идораларга мурожаат қилинибди...

Тўғриси, шу пайтгача таҳририятимизга келган шикоят аризаларга кўпи билан беш-ўн, нари борса, ўттиз-қирқ киши имзо чекканини кўрганмиз. Аммо бу аризага имзо қўйганлар сони юз ёки икки юз киши эмас, балки 500 дан ҳам кўпроқ!

Демак, масала жиддий, кўпчиликка дахлдор. Уни жойига бориб ўрганиш керак...

Агар қўллаб-қувватланса, халқимиз орасида истеъдодли, ташаббускор кишилар кўплигига мустақиллик йилларида такрор ва такрор иқрор бўлганмиз. Шоди Исмоилов ҳам бундан 9 йил муқаддам яхши ният билан иш бошлади. Навоий шаҳрининг қоқ марказидаги «Флора» қаҳвахонаси атрофида ташландиқ бўлиб, ёввойи ўтлар босиб ётган бир гектардан зиёдроқ майдонни ободонлаштириш, болалар аттракциони ва дам олиш маскани яратиш мақсадида Навоий шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди.

Тегишли комиссия аъзолари ҳамда Навоий шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Бахтиёр Ҳамдамов бошчилигида мурожаатда кўрсатилган ҳудуд ўрганилиб, бу эзгу ният маъқулланди. Қаҳвахона атрофини ободонлаштириш, болалар аттракциони ва дам олиш маскани қуриш учун доимий фойдаланишга ер ажратишни сўраб, вилоят архитектура-қурилиш Бош бошқармаси ва «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ОАЖ га мурожаат этилди ҳамда улардан ижобий хулоса олинди. Лойиҳа режалаштирилган ер майдонидан Навоий кон металлургия комбинатига қа­рашли электр кабеллари ўтгани сабабли тегишли корхоналардан рухсатнома олиниб, кабеллар бошқа жойдан ўтказилди.

Кейин ер танлов далолатномаси тайёрланди, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, комиссия раиси Рустам Фармонов бошчилигида шаҳар бош меъмори, ёнғин хавф­сизлиги идораси, ДСЭНМ... хуллас, ўн кишидан иборат комиссия аъзолари ўз розилигини билдириб, унга имзо чекди, муҳр қўйди. Лекин бу орада шаҳар ҳокими Бахтиёр Ҳамдамов ишдан бўшади, далолатнома эса тасдиқланмасдан қолди. Қарор қабул қилинмади.

Шоди Исмоилов 2011 йилда яна шу масала бўйича шаҳарнинг янги ҳокими Баҳодир Жўраевга мурожаат қилиб, унга барча керакли ҳужжатларни, хусусан, «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ»нинг 2008 йил 4 февралдаги хати, протоколи, ажратилиши лозим бўлган ер схемасини тақдим этди. 2012 йилнинг 16 мартида шаҳар ер танлаш ва ажратиш доимий комиссиясининг ижобий хулосасига кўра, қаҳвахонани қайта таъмирлаш ва атрофини ободонлаштиришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шоди Исмоилов бу қарордан қониқмади, яна ҳоким қабулига кирди. Унинг: «Нега ер ажратиш масаласини ҳал қилмадингиз?» — деган саволига Баҳодир Жўраев: «Ер ажратиш масаласи бироз вақт талаб қилади, буни ке­йинроқ ҳал қиламиз, ҳозир бинони қайта таъмирлаб, атрофини ободонлаштираверинг», — деб тайёрланган эскиз лойиҳасига имзо қўйиб, тасдиқлаб берди.

Қаҳвахона атрофидаги ҳудудда болалар ва ўсмирлар ёзги мусиқа ўйингоҳи, аттракцион, йўл ичкарисидан автотураргоҳ, узунлиги камида 40-50 метрлик рангли шаршара, баландлиги 12 метрдан иборат мусиқали ва рангли фаввора, қаттиқ қопламали ва кўкаламзорлаштирилган майдон барпо этишнинг эскиз лойиҳаси вилоят архитектура-шаҳарсозлик Кенгаши йиғилишининг 2012 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланди.

Бундан руҳланган Шоди Исмоилов ғайрат билан ишга киришди. 49 метр чуқурликдан артезиан қазилди, ер ости суви чиқарилиб, тегишли ускуналар ўрнатилди. 102 метр квадратдан иборат бўлган рангли фаввора ишга туширилди. 1700 метр квадрат майдон ва йўлакларга манзарали қоплама плиталар ётқизилди. 7000 метр квадрат майдонга томчилаб суғориш ускуналари ўрнатилиб, яшил майса ҳамда 80 дона манзарали дарахт экилди. Маҳаллий ҳайкалтарошларга буюрт­ма берилиб, дарахтлар орасига турли эртак қаҳрамонларининг ҳайкалчалари ўрнатилди. Тадбиркорнинг айтишича, бу эзгу-ниятлар учун ўз чўнтагидан оз эмас, кўп эмас, уч юз миллион сўм атрофида маблағ сарфлаган.

Бу орада 2013 йилнинг охирида тадбиркорга ер майдони ажратиш ҳақида қарор чиқариб беришни ваъда қилган Баҳодир Жўраев эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, ўрнига Неъматулло Ахатов тайинланди. Шоди Исмоилов бу ҳокимга ҳам ўз дардини дас­турхон қилди, уни амалга оширган ишлари билан таништирди. Неъматулло Ахатов тадбиркорнинг бу ишларини маъқуллади, яна нималар қилиш лозимлиги ҳақида маслаҳат ва кўрсатмалар бериб, ер ажратишни ваъда қилди. Аммо ваъда ваъдалигича қолди...

Хўш, муаммо нимада? Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2015 йил 7 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботлари ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда майдони бир гектаргача ва бир гектар бўлган ер участкалари танлов асосида берилиши белгиланган. Шоди Исмоилов ободонлаштиришни кўзда тутаётган «Флора» қаҳвахонаси атрофидаги ер майдони эса бир гектардан зиёд, яъни бундай ҳолатда жой танловга қўйилмасдан, ҳоким қарори билан тадбиркорга расмийлаштириб берилиши керак.

Аслида шуни назарда тутган Шоди Исмоилов ана шу майдонни доимий фойдаланишга ажратиш тўғрисида қарор қабул қилишни сўраб мурожаат қилган...

Шундан сўнг Шоди Исмоилов бу каби сансалорликлардан ҳафсаласи пир бўлиб, 2012 йил 16 мартда собиқ ҳоким Баҳодир Жўраев томонидан қабул қилинган қарорга қисман ўзгартириш киритиш мажбуриятини Навоий шаҳар ҳокимлигига юклатилишини сўраб, даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилди.

— 2016 йил 22 июлда Навоий вилоят хўжалик суди томонидан даъво аризамиз кўриб чиқилди, — дейди Шоди Исмоилов. — Суд жараёнида шаҳар ҳокимлиги вакили даъвони тўлиқ тан олиб, мансабдор шахслар томонидан ўша вақтда нотўғри қарор қабул қилинганини баён қилган бўлса-да, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Абдуқаҳҳор Саломов томонидан имзоланган: фикрномада «Корхонанинг мазкур мурожаати шаҳар ҳокимлиги ҳузурида 2016 йил январь ойи­да тузилган ер танлаш ва ажратиш комиссияси иштирокида кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқлигини билдирамиз», — деб қайд этилган. Шу билан бирга, унда: «...бугунги кунда ҳам даъвогарнинг ер ажратишнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибига риоя этган ҳолда шаҳар ҳокимига ариза тақдим этиб, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолда ер ажратилиши имконияти йўқолмаган», — деб таъкидланган.

Яна расман ҳоким номига хат билан мурожаат қилди. Натижа бўлмади.

Шоди Исмоилов болалар аттракциони ва дам олиш маскани қуришга рухсат олиш учун бир неча йиллар давомида идорама-идора югуриб юрган пайтда майдоннинг бир қисми ҳоким Неъматулло Ахатов томонидан «Vegas-Navoiy» МЧЖ га ошхона қуриш учун қарор чиқариб берилди.

Шу ўринда ўз-ўзидан савол туғилади: атиги битта болалар аттракциони ва дам олиш маскани мавжуд бўлган Навоий шаҳрининг шу ҳудудида яна бир ошхона қурилишига эҳтиёж бормиди? Ҳолбуки, шаҳарнинг 1-, 6-кичик туманларида умуман дам олиш масканлари мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 64-моддасининг иккинчи бандида аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, шунингдек, ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар) аҳоли пунктларининг умумий фойдаланиш ерлари ҳисобланиши, 6-бандида эса умумий фойдаланишдаги ерларда бу ер қайси мақсадга хизмат қилса, фақат шунга мос келадиган иморат ва иншоотлар қуришга рухсат берилиши, 7-бандида йўл­лар ва ариқ тармоқлари эгаллаган ерлардан ташқари умумий фойдаланишдаги ерлардан туман ёки шаҳар ҳокимининг қарорига биноан юридик шахс­лар ва фуқароларга енгил иморат ва иншоотлар (савдо чодирлари, дўкончалар, реклама иншоотлари ва шу кабилар) қуришда вақтинча фойдаланишга ижара шартлари асосида ер участкалари берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Навоий шаҳар ҳокимининг қарорига асосан шаҳар халқининг умумий фойдаланишида бўлган дарахтзорлар, са­йилгоҳ (сквер)лар, хиё­бонларда капитал ошхона қурилиши қай даражада мантиққа ва қонун талабига мос келади? «Vegas-Navoiy» МЧЖ га шаҳарнинг бош­қа захира ерларидан ошхона қуриш учун жой ажратилса бўлмасмиди?

Ошхона қурилиши мўлжалланаётган ҳудуд атрофида шундоқ ҳам 4 та ёнма-ён фаолият кўрсатаётган умумий овқатланиш шохобчалари, йўл­нинг қарама-қарши томонида эса 25 дан зиёд ана шундай емакхоналар мавжудлиги ҳокимият томонидан ёки мониторинг қилинмаган, ёки эътиборга олинмаган...

Шаҳар ҳокими қарори билан «Vegas-Navoiy» МЧЖга ажратилган ўттиз сотихга яқин жой дарҳол ўраб олиниб, қурувчилар ишга тушиб кетишди. Турли ҳайкалчалар техника ёрдамида суриб ташланди, дарахтлар кесилди, бетон устунлар ўрнатилди. Шу атрофда кечқурунлари сайр қилиб ҳордиқ оладиган, кўп қаватли уйларда яшайдиган аҳоли бунга бефарқ қараб туролмади: ошхона қураётган тадбиркор устидан шаҳар ҳокимига шикоят хати ёзишди. Лекин хатга жавоб бўлмади...

— Мен ана шу ошхона қурилиши мўлжалланаётган ҳудуд ёнидаги кўп қаватли уйда тураман, — дейди иккинчи гуруҳ ногирони, 82 ёшли Евгения Мелихова. — Бу жой баҳаво, дарахтзор эди, кечқурунлари шу ерда сайр қилиб, ҳордиқ чиқарардик. Шуни ҳам кўп кўришди... Ёшим бир жойга бориб қолган бўлса-да, бундай ноҳакликлардан қаттиқ ранжидим. Болажонларимиз келажакда қаерда ўйнашади, деб барибир безовтаман. Ҳокимиятга болалар майдончаси қуриб беришни сўраб турганимизда, улар мавжуд майдончаларни ҳам йўқ қилишмоқда. Ошхона қурилишига қарши бўлган маҳалла фуқароларининг норозиликларига ҳеч ким эътибор қаратмаётганини тушуна олмаяпман...

Бу борада «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини собиқ раиси Ойнахол Бозорова, маҳалла фаолларидан Муҳаббат Муродовалар ҳам бир хил фикр билдиришди: бу ҳудуд унинг атрофида жойлашган кўп қаватли уйларда яшаётган болалар, кексалар дам оладиган, ҳордиқ чиқарадиган кўкаламзор маскан бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 66-моддасида «Шаҳарлардаги дарахтзорлар эгаллаган ерлар аҳолининг дам олишини ташкил этишга, шаҳардаги микроиқлимни, атмосфера ҳавосининг ҳолатини ва санитария-гигиена шароитларини яхшилашга, аҳолининг маданий-эстетик эҳтиёжларини қондиришга, шаҳар ҳудудини сув ва шамол эрозиясидан муҳофаза қилишга мўлжалланади. Улар таркибидаги дарахтзорлар эгалламаган ер участкаларидан спорт майдончалари ташкил этиш ва бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланилади», — деб белгилаб қўйилган.

Шоди Исмоилов 2008 йилда қаҳвахона атрофидаги ташландиқ ва чакалакзор ерларни обод қилишга бел боғлаганида Навоий вилоят табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан: «Дам олиш масканини жойлаштириш учун танланаётган ер майдонида ҳозирги вақтда ҳар хил ёшдаги 179 туп арча, 91 туп қайрағоч, 2 туп чинор ва бир туп қарағайдан иборат манзарали дарахтлар мавжуд. Аттракцион ва дам олиш масканини жойлаштиришда мавжуд дарахтларнинг кесилишига йул қўйилмаслиги, маскандаги лойиҳалаштирилган иншоотларни қуришда мавжуд дарахтлар инобатга олиниши белгиланган», — деган Давлат экологик экспертизаси хулосаси берилган эди.

2016 йилда эса ўша жойнинг бир қисмидаги дарахтларни кесиб, ошхона қуришга рухсат берилган қарорга Навоий шаҳар табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Фахриддин Бозоров комиссия аъзоси сифатида имзо чекди. Навоий вилоят табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Шариф Худойқулов эса «умумий овқатланиш, ошхона» биноси қурилиши атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги баёнот лойиҳасига ижобий хулоса берди.

Бу каби муаммолар ҳақида Шоди Исмоилов вилоятнинг турли идораларига арз қилди. Натижа бўлмади. 2017 йил 27 март куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисда Шоди Исмоилов сўзга чиқиб, шаҳар ҳокими Неъматулло Ахатов 4 йил мобайнида тадбиркорлар билан умуман учрашмагани ва у шаҳар ҳудудидаги дарахт­зорлар, болалар майдончалари, хусусан, умумий фойдаланишдаги ерларнинг ноқонуний тақсимоти билан шуғулланаётгани тўғрисида очиқ-ойдин гапирди. Зал бир қалқиб тушгандай бўлди. 2017 йилнинг 7 апрелида шаҳар ҳокими ишда йўл қўйган камчиликлари сабабли лавозимидан озод этилди...

Масалани ўрганиш пайтида вилоят ҳокимлигига ҳам бордик. Маълум бўлишича, Неъматулло Ахатов ҳокимлиги даврида қабул қилинган 102 та қарорнинг амалдаги қонун нормаларига қанчалик тўғри келишини аниқлаб, баҳо бериш учун тегишли идораларга мурожаат этилибди. Тўғри, ҳали бирор-бир хулоса чиқаришга вақт эрта. Бироқ шу факт­нинг ўзиёқ кишини ўйга толдиради. Ишончимиз комил, собиқ ҳокимнинг қарорларига тегишли идоралар ҳуқуқий баҳони беради.

Шунингдек, ўн йилдан буён сарсон-саргардон бўлиб юрган Шоди Исмоиловнинг эзгу мақсадларини ҳам кимдир қўллаб-қувватлар. Эҳтимол, бу ҳаракатдан фойда йўқлигини унга тушунтирар...

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.