01.07.2017

ҲУЖЖАТ ТОПШИРИШ УЧУН ҚУЛАЙ ШАРОИТ ЯРАТИЛГАН

Маълумки, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига қабул жорий йилнинг 15 июнидан бошланди. Бу йил қабул квоталарининг оширилгани сабабли қайси олий ўқув юртига борманг, айни қизғин иш жараёнига ҳамда абитуриентлар сонининг ҳар йилгиданда кўпайганига гувоҳ бўласиз.

Тошкент темир йўл муҳандислари инс­титутида ҳам бу жараёнга пухта ҳозирлик кўрилган.

— Қабул кўтаринки руҳда бошланди, — дейди Тошкент темир йўл муҳандислари ­инс­титути Қабул комиссиясининг масъул котиби Дилшод Баратов. — Темир йўл соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан биридир. Тизимга замонавий техника ва технологиялар кенг жорий этиляпти. Бу йигит-қизларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Институтимизга ҳужжат топшираётган абитуриентлар сони йилдан-йилга кўпаяётгани бунинг яққол исботидир.

Институтимиз Қабул комиссияси фаолият кўрсатаётган бино ва унинг ҳудуди қабул жараёнига тааллуқли бўлган меъёрий ҳужжатлар, статистик маълумотлар, тарғибот-ташвиқот лавҳалари, фанлар бўйича дастурлар, маслаҳатлар жадвали, эълонлар ва бошқа зарур маълумотлар билан жиҳозланди. Қабул квотаси бўйича қабул қилинадиган йўналишлар номи, талабалар сони ва бошқа маълумотлар, инс­титут ҳаётини акс эттирувчи стендлар ташкил этилди.

Абитуриентлар ҳужжатларни тез ва ортиқча оворагарчиликсиз топширишлари учун қулай имкониятлар яратилди. Абитуриентлар ва ота-оналар учун таълим йўналишлари, ўқитиш шакли ва тили бўйича топширилган ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар ҳар куни эълон қилиниб, инс­титут сайтида янгиланиб борилмоқда. Шунингдек, институт раҳбариятига мурожаат этмоқчи бўлган абитуриентлар ва уларнинг ҳамроҳларини қабул қилиш юзасидан тегишли график тасдиқланди ва шароитлар яратилди. Мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш юзасидан қатъий назорат ўрнатилган.

Жорий йилда институт бакалавриатига белгиланган қабул квоталари 1150 ўринни ташкил этади. Бу ўтган йилга нисбатан 255 тага кўпдир. 2017/2018 ўқув йили учун 14 таълим йўналиши бўйича ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Магистратура йўналишига 13 мутахассислик бўйича жами 105 ўрин ажратилган.

Бундан ташқари, институтда махсус сиртқи бўлимга қабул бошланди. Унга 8 таълим йўналиши бўйича жами 80 ўрин ажратилган. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда амалга оширилади. Ушбу бўлимга фақат тегишли ёки турдош таълим йўналишига мувофиқ ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил темир йўл тизимида иш стажига эга бўлган, ишлаб турган темир йўл соҳасидан тавсиянома берилган кадр­лар қабул қилинади.

Абитуриентлар учун бепул тайёрлов курслари ташкил этилган. Тайёрлов курс­лари зарур услубий қўлланмалар ва дарс­ликлар билан таъминланган, дарс бериш учун юқори малакали, кўп йиллик педагогик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилар жалб этилган.

Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) давом этади.

 

Ўз мухбиримиз 



DB query error.
Please try later.