01.07.2017

ЗАМОНАВИЙ, АРЗОН КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАР

кимларга ва қай тартибда берилади?

Жорий йилнинг февраль ойида Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев Сергели туманида бунёд этилаётган замонавий кўп қаватли уй-жойлар қурилиши билан танишган пайтида: «Асосий мақсадимиз — одамларга қулайлик яратиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш. Мазкур уй-жойлар тақсимотида адолат мезонига қатъий риоя этилиши керак. Шунда халқимизнинг кайфияти яхши, ҳаётдан рози бўлади. Эртанги кунга ишончи ортади. Аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб, бундай уйларни Тошкент шаҳрининг барча туманларида 10 тадан қуришни режалаштирмоқдамиз», деган эди.

Дарҳақиқат, бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017-2020 йилларда шаҳарларда 945 кўп хонадонли уй-жой қурилади. Янги турар жой бинолари атрофида аҳоли учун дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиль туриш жойлари, чиқинди қабул қилиш пункт­лари қурилиши режалаштирилган.

 2017 йилда қуриладиган 191 кўп хонадонли уйнинг 102 таси пойтахтимизнинг Сергели туманида бунёд этилиб, ёш ва эҳтиёжманд оилаларнинг турар жойга бўлган талабини қондириш имконини яратади. Эътиборлиси, мазкур уйлар оилаларга имтиёзли ипотека кредити орқали берилиши белгилаб қўйилган.

Ушбу бунёдкорлик ишлари қай тартибда молиялаштирилаяпти ва қурувчиларга қандай имтиёзлар берилган?

 Мазкур савол билан «Ипотека-банк» акциядорлик-тижорат банкининг турар жой бинолари қурилишини молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат ТОШПЎЛАТОВга мурожаат қилдик.

— Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида шаҳарда яшаётган аҳолини, шу жумладан, ёш оилалар, эскирган уй-жойларда яшаётган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги фуқароларни арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш вазифалари белгиланган, — дейди у. — Қурилаётган уй-жойларнинг таннархини арзонлаштиришнинг бир қатор механизмлари белгиланган. Бош пудратчи ва ёрдамчи пудрат ташкилотларига, лойиҳа институтларига, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона тўловлари соҳасида бир нечта имтиёзлар берилган. Кўп квартирали уй-жойларнинг қурилиши ва реконструкциясини молиялаштириш, шунингдек, ёш оилаларга, эскирган уй-жойларда яшовчи ҳамда бошқа тоифадаги уй-жой шароит­ларини яхшилашга муҳтож фуқароларга кўп қаватли уй-жойдаги квартираларни реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги қарори билан тасдиқланган.

Ушбу уйларнинг 66 тасини Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топшириш учун барча чоралар кўрилаяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, уйлар ёнида таълим муассасалари, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам барпо этилади.

Ушбу уй-жойлар қандай имтиёзлар асосида, кимларга берилади, деган саволимизга эса «Ипотека-банк» акциядорлик-тижорат банкининг ипотека ва истеъмол кредитлари бош­қармаси бошлиғи Бобур НУРМУҲАМЕДОВ жавоб берди:

— Бундай квартиралар учун йигирма йилга бериладиган кредитнинг имтиёзли даври — уч йил. Уй-жойга муҳтож фуқаролар шаҳарлар ҳокимликларида ташкил этилган ҳудудий комиссияларга ариза билан мурожаат этиши керак. Комиссиянинг ижобий хулосасига кўра, кўп қаватли уй-жойдаги хонадонлардан бири фуқарога бириктирилади. Шу вақтнинг ўзида хонадон қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги сумма бошланғич бадал сифатида банк филиалларига тўланиши лозим.

Яна шуни айтиш керакки, уй-жой қуриб битказилгач, бириктирилган хонадонни сотиб олиш истагидаги фуқаро банкка бир қатор ҳужжатлар тақдим этади. Ариза, кредит олувчининг паспорт нусхаси, кредит олувчи (биргаликда кредит олувчилар) нинг охирги 12 ойда олган даромадлари тўғрисидаги маълумотлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, кредитдан фойдаланганлик учун тўланадиган фоиз дастлабки беш йилда йиллик етти фоиздан иборат бўлиб, кейинги йиллар Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкасига кўра ҳисобланади. Сотиб олинадиган уй-жой умумий қийматининг 75 фоизи миқдоригача бўлган сумма кредит сифатида берилади.

Эътиборлиси, кредит олувчига яна бир қатор солиқ имтиёзлари ҳам яратилганидир. Бунда кредит олувчининг ўзи ёки оила аъзоларининг кредит бўйича ойлик тўловларни қайтариш учун йўналтирган маблағи солиққа тортилмайди. Агарда корхоналар қайтиб олмаслик шарти билан ўз ходимларига ипотека кредитининг бошланғич бадалини тўлаб берган бўлса, мазкур маблағ ҳам солиққа тортилмайди. Шунингдек, кредит тўлиқ қайтгунига қадар хонадон учун мол-мулк солиғи тўланмайди.

Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож жисмоний шахсларни бириктириш, қуйида келтирилган мезонлардан бири мавжуд бўлган тақдирда ҳудудий комиссия томонидан амалга оширилади:

— мулк ҳуқуқи билан турар жойи йўқлиги ва турар жойда ижара ёки ­бепул фойдаланиш шартларида яшаши ҳамда эскирган уй-жойларда истиқомат қилиши;

— бошқа оила ёки бошқа оилалар билан бир уйда (квартирада) яшаши;

— кўп болалик оила;

— тўлиқ бўлмаган оилада ота (она) томонидан фарзанд (лар) тарбияланиши;

— оила аъзолари таркибида оғир сурункали касалликка учраган ва қонунчиликка мувофиқ алоҳида уйда яшашга муҳтож бўлган қариндош мавжудлиги;

— оила аъзолари таркибида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги;

— уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги эътиборга олинади.

Тегишли ҳокимликлар томонидан уй-жойга эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш жараёни билан параллел равишда, «Ипотека-банк» томонидан бошлан­ғич бадалларини жамлаш мақсадида янги «Имконият» омонати жорий қилинди. Мазкур омонатга бошланғич бадалларни ўз вақтида йиғиб олиш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 14 автомобиль ҳамда 476 маиший техника воситаларини ютуқ сифатида қўйиш, шунингдек, ютуқлар тиражини ҳар бир ҳудудда алоҳида ўтказиш белгиланган.

— Кўпчиликни қизиқтирадиган яна бир савол. Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлмаган, лекин давлат ташкилотида бир неча йиллардан бери ишлаб келаётган фуқаролар Сергели туманида бун­ёд этилаётган замонавий кўп қаватли уй-жойлардан сотиб олиши мумкинми?

— Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга кириш ва уй-жой олди-сотди битимларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ­Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги Низомда ўз аксини топган. Уй-жой сотиб олмоқчи бўлган шахснинг ижтимоий ҳолати ушбу Низом талабларига мувофиқ келса, пойтахтимиздаги замонавий кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонлардан бирини сотиб олиши мумкин.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.