Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
07.12.2017

ОДАМЛАР ҲАМ, ҲАЁТ ҲАМ ЎЗГАРЯПТИ

Куни кеча Чироқчи тумани кенгликлари, далаларини оралаб ўтиб, Сувлик қишлоғига етиб бордим. Бир томонга чодир тикилиб, стол-стуллар қўйилган, бир томонда дош­қозонда ош дамланяпти, байрамга тайёргарлик кўрил­япти. Олтмиш беш ёшли, чеҳраси очиқ фермер Нортайлоқ Келдиёров бизни кутиб олди.

Бундан бир неча йил бурун хўжаликлар қайта ташкил этилаётганда, унинг оиласига ҳам 400 гектар лалми ер ажратилди. Шу тарзда «Замин» фермер хўжалиги пайдо бўлди. Қишлоқ Сувлик, аталса-да, бир гектар суғориладиган ерга эга эмас, бари лалми, яйлов.

Фермер хўжалигини тузгач, ҳам деҳқончилик, ҳам чорвачилик йўлга қўйилди. Кам бўлишмади. Бу йил ҳам 200 гектар ерга лалми буғдой экиб, 100 тоннадан кўпроқ дон топшириб, режани уддалашди.

— Айни пайтда қишлоғимизда 6,5 минг киши истиқомат қилаяпти, — дейди Сувлик МФЙ раиси Ҳолмаҳмат Умбаров. — Фермерларимиз 2,4 минг гектар ердан унумли фойдаланмоқда. Баҳриддин Бойманов оиласи иссиқхонада лимон ўстираяпти. Бекмирза Воҳидов бодринг етиштиради. Машина тузатадиган тўртта устахона бор. Бир тадбиркоримиз «Зиё нур» тўйхонасини қуриб берди. Нортойлоқ ҳожи бобо ўғли Дилмурод билан бирга аҳолига маиший газ тарқатадиган шохобчани қурди. Чиял мавзесидаги барча қишлоқларга хизмат қилаяпти.

Элнинг оқсоқоли Нортайлоқ ҳожи Келдиёров кўпчиликнинг ­бошини қовуштириб, маҳалла учун янги бино қуришга бош-қош бўлибди. Ушбу мақсадга 5 миллион сўм маблағ сарфланибди. Хайрли ишга ­Фахриддин Бекмуродов, Жаҳонгир Обидов каби ўнлаб фермер ва тадбиркорлар ўз ҳиссасини қўшибди. Фермер Зокир Саъдинов бинодаги 9 хонанинг бирида тикувчилик цехи ташкил этибди. Цехга унинг қизи Наргиза раҳбарлик қилаяпти. Бино кўркам, шароит қулай...

«Маҳалла» хайрия жам­ғармаси Чироқчи туман бўлими раиси, ЎзХДП фаоли Шоназар Жовлиевнинг айтишича, яна ўндан ортиқ маҳалланинг янги бинолари қурилмоқда.

 

МУРУВВАТ

Шу куни Чироқчи шаҳрининг бир чеккасидаги ҳовлига келдик, хом ғишт­лари кўриниб турган эски иморат, ёнида сувоқ ва бўёқдан чиққан ихчамгина янги уй. Хонадон эгаси Нодира Раҳмонова экан. Нодира шу қишлоқда туғилиб ўсган. Тақдир тақозоси экан, ўғли Баҳриддин билан ёлғиз қолди. Қанчалик оғир бўлмасин, бировлардан ҳеч нима сўрамади. Тикувчилик касбини ўрганди. Жам­ғармаси 35 миллион сўмга етгач, Чироқчи шаҳрининг бир чеккасидан 6 сотих ер олиб, хом ғишт­дан бошпана қуриб олди. Тинч ишлаб, яшаб юрганди. Афсуски, 2003 йилда устига девор ағдарилиб, қаттиқ ­жароҳат олади. ­Даволангач, II гуруҳ ногирони бўлиб қолади. Шу аҳволда омонат турган уйда яшаш қийин эди. Шунинг учун жорий йилнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Унга уй-жойни таъмирлаш учун махсус сертификат берилди. Туман ҳокимлиги бошчилигида бир хонали янги уй қуриб берилди. Кўчма газ печкаси, телевизор ва бош­қа буюмлар совға қилинди.

— Президентимиздан жуда миннатдорман, — дейди Нодира. — Шу кишининг халққа қилаётган ғамхўр­лиги туфайли биз ҳам янги уйлик бўлдик.

Ҳамроҳим Шоназар Жовлиевнинг айтишича, туманда 35 фуқаро ижтимоий муҳофазага олинган экан. Мавжуд 83 маҳалла мутасаддилари Конституция байрами олдидан улар ҳолидан хабар олишибди, ижтимоий ёрдам кўрсатилибди.

 

ШАҲАР ЯНГИЛАНДИ

Чироқчи шаҳри улкан дашт бағридаги кичкина мавзе. Узоқ йиллар аниқ лойиҳаси йўқ эди, қурилишлар дуч келган жойда олиб ­бориларди. Бундан икки йил олдин Тошкентдаги шаҳарсозлик институти шаҳарчанинг лойиҳасини тайёрлаб берди.

— Қисқа муддатда катта ишлар қилинди, — дейди туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Шерали Ҳусанов. —Янги «Бахт» уйи­нинг биносини қаранг, оддий иморат эмас, кошона. Кўчанинг четидаги эски уйларни кўчирамиз. Замонавий бинолар қурамиз. Ҳадемай шаҳарчамиз бутунлай ўзгаради.

Конституция байрами арафасида шаҳардаги марказий кўчанинг катта қисми таъмирдан чиқариб бўлинди. Очиғи, кенг кўламли ишлар атиги тўрт-беш ойда уддаланди.

Бахтимиз қомуси байрами арафасида Чироқчида ҳам қор ёғди. Мен Чироқчи шаҳарчасининг яхши асфальт ётқизилган марказий кўчасининг четидаги кўркам бинолар, арча дарахтларига қараб, қувонаман. Шаҳарлар ҳам, одамлар ҳам ўзгараяпти, тараққиётнинг янги даври бошлан­япти...

 

ЮНУС УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.