07.12.2017

КОНСТИТУЦИЯ ВА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР

Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейида Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Кўргазмали анжуманда Конституциямиз тарихи, фиқҳ илми асосчилари бўлган бобокалонларимиз фаолияти, миллий қонунчилигимиздаги ислоҳотлар ва уларнинг самаралари, ҳуқуқий фуқаролик жамияти асослари хусусида қимматли фикрлар ўртага ташланди.

Буюк бобокалонимиз Бурҳониддин Марғиноний томонидан 1178 йилда ёзилган «Ҳидоя» асари ўз давридаёқ оммалашган, кўплаб тилларга таржима қилинган. Икки китоб­дан иборат бу асар жаҳон қонуншунослигида ҳозиргача ўз қимматини йўқотмаган.

Музей тарих бўлими мудираси ­Латофат Аҳмадалиева, музей ходими Эркин Қорабоев, манбаашунос олим Аҳмад Убайдуллоҳ, НамДУ доцентлари Тоҳиржон Қозоқов ва Озодахон Чубаевалар «Конституция тарихига бир назар», «Ҳидоя» ва Конс­титуция», «Қозилик ва суд ишлари», «Бурҳониддин Марғиноний ва жаҳон қонуншунослиги» мавзуларида қизиқарли маърузалар тақдим этишди.

Маълумки, дунёнинг кўпгина ҳуқуқшунослари шарқ фиқҳшунослиги жаҳондаги умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам эта олган мукаммал қонунлар мажмуаси бўлганини эътироф этиб келишади.

Бош Қомусимизда қамраб олинган умуминсоний ғоялар ҳам улуғ аждодларимизнинг бебаҳо дурдона асарлари, хусусан, «Ҳидоя» асари билан боғлиқдир. Бундай асарларни ўқиш, ўрганиш бугун ҳам муҳим аҳамиятга эга экани, шунингдек, Конституциямиз моддаларида миллий қадриятларимиз ўз ифодасини топгани аниқ мисоллар асосида таъкидланди.

Тадбир якунида талабалар ва «Ҳидоя» ислом билим юрти ўқувчилари қонун устуворлигини таъминлашга бағишланган диний-маърифий мавзудаги видеомаърузани тингладилар.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.