07.12.2017

МУРОЖААТЛАР ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ...

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент вилоят кенгаши фаоллари Паркент ва Юқори Чирчиқ туманларида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.

Дастлаб партия фаоллари Паркент туманидаги «Чўққайма» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Элёр Азизбеков хонадонига боришди.

Ҳовли саранжом, саришта. Айниқса, турли-туман гуллар уйга ўзгача файз бериб турибди.

— Гул парвариши нозик иш, — дейди уй бекаси Гулмира Азизбекова. — Бу одамдан сабр-тоқат ва меҳр талаб этади. Меҳмонлар хона гулларини кўриб, дили яйрайди. Аслида уларни турмуш ўртоғим ўстирганини билишмайди...

— Турмуш қурганимизга ўн йилдан ошди, — дейди хонадон соҳиби Элёр ака. — Шукр, ҳаётимиздан нолимаймиз. Икки нафар фарзандимиз бор. Фақат уларнинг хасталаниб қолгани бизни ташвишга солади. Катта қизим буйрак етишмовчилигидан азобланади. Айниқса, охирги вақтларда касали зўрайиб боряпти. Кичик фарзандим ҳам гепатит С вируси билан оғриган. Ота-она учун фарзандининг соғ­лиги ва кулгусидан ҳам катта бахт йўқ экан. Улар даволаниши учун катта маблағ керак. Қарийб икки йил мобайнида Паркент тумангаз унитар корхонасида ишладим. Штатлар қисқаргани боис ишдан бўшатилдим. Очиғи, дори-дармон олишга қийналяпмиз. Ишга тикланишимга ёки мутахассислигим бўйича бошқа ишга жойлашишимга ёрдам беришса, яхши бўларди...

Маҳалладаги Ўрикзор кўчаси, 106-уйда истиқомат қилаётган Иброҳим Ҳайдаровнинг хонадонига кириб борганимизда оила бошлиғи ҳовлидаги дарахтларга шакл бераётган экан.

— Дарахтлар вақтида бутланса, меҳр билан парвариш қилинса, албатта, мўл ҳосил беради, — дейди Иброҳим ака. — Фарзандларим туғилганда мана бу ёнғоқларнинг кўчатини ўтқазганман. Насиб қилса, невараларимга ўз қўлларим билан меваларни узиб бераман. Ўрик, гилос, олмалар пишганида, меваларидан қоқи қиламиз. Эҳтиёжимизга лойиғини олиб қолиб, ортганини сотамиз.

Турмуш ўртоғи омборхона томон кетганини кўрган Зебинисо Ҳайдарова бизга уларни ўйлантираётган муаммо ҳақида гапириб берди.

 — Турмуш қурганимизга йигирма йилдан ошди, — дейди у. — Икки нафар фарзандимиз бор. Умр йўлдошим икки йилдирки, оғир дардга чалинган. Тошкентдаги шифохоналарда тиббий кўрикдан ўтди. У ерда оёқнинг чаноқ суяги емирилиши ташхисини қўйишди. Оғриқдан тунлари ухламай чиқяпти. Суриштириб билсак, хасталикни жарроҳлик амалиёти орқали даволаш мумкин экан. Бунинг учун катта маблағ керак. Бир неча марта Паркент туман ҳокими қабулхонасига, сўнгра Тошкент вилоят Халқ қабулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун ўн минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи кетиши, ушбу операция давлат Дастурига киритилиши кераклигини айтишди. Бир йилдан буён ёрдам сўраб мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Сотай десак, яшаб турган уйимиздан бошқа мулкимиз йўқ. Катта фарзандим ҳам ногирон. Вақти-вақти билан даволатиб турамиз. Пул жамғаришга ҳам имкониятимиз бўлмаяпти.

Суҳбат давомида Иброҳим ака жорий йилнинг апрель ойида банкдан имтиёзли кредит олганини билдик. Ушбу кредит маблағига тўрт бош қўй харид қилган. Яқинда қўйлар иккитага кўпайибди.

Кун давомида бўлган барча мурожаатларни Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрож Дархонов ёзиб олди. Аҳоли вакилларига имтиёзли кредит олиш, маблағни мақсадли сарфлаш масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

— Меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос фазилат, — дейди Меҳрож Дархонов. — Белгилаб олинган мурожаатларни ҳал қилиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Биринчи навбатда тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилади. Ҳеч бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмаймиз.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА



DB query error.
Please try later.