29.06.2017

МИЛЛИЙ ЖУРНАЛИСТИКА МАКТАБИ:

малакали кадрлар зарур

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини ўқиб, ҳали қиладиган ишларимиз кўплигига, соҳа ходимлари олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун кўп меҳнат қилиш кераклигига ишонч ҳосил қилдим.

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, миллий журналистика мактабини яратиш, таълим сифатини ошириш, аввало, юксак салоҳиятга эга бўлган, бугунги кун талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни тарбиялашга боғлиқдир. Бу муҳим вазифани амалга ошириш учун журналистлар тайёрланадиган олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим стандартлари ва ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, педагоглар савияси ва малакасини ошириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик институтлари, экс­пертлар ҳамжамияти, халқаро ижодий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарур.

Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида таълим сифатини ошириш, хорижий алоқаларни янада ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, Корея Республикасининг Ҳанкук чет тиллар университети, Жежу миллий университети ва Даегу университетлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Факультетимиз профессор-ўқитувчилари Корея олий ўқув юртларида тажриба алмашмоқда. Эндиликда талабаларимиз малакавий амалиётларини Жанубий Кореянинг етакчи ОАВларида ўташ имкониятига эга бўлишди.

Куни кеча халқаро журналистика факультетининг бир гуруҳ ўқитувчилари Корея Республикасида хизмат сафарида бўлиб, «Замонавий журналистиканинг истиқболлари ва муаммолари» мавзусидаги Ўзбекистон — Кореа анжуманида иштирок этиб келишди. 2015 йилнинг октябрь ойидан бошлаб факультетимизда кореялик профессор Вонтай Соул талабаларга дарс бериб келяпти.

Шунингдек, дунёнинг қатор ривожланган мамлакатлари — Буюк Британиянинг Birkbeck University of London ва АҚШнинг Boston university College of Сomunication олий ўқув юртларининг тажрибаси чуқур ўрганилиб, ўзаро қиёсланди ва янги ўқув режа шакллантирилди.

Университетимиз бинолари қайтадан тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, жаҳон стандартларига мос, қулай имкониятлар яратилди. Энг муҳими, моддий-техник базани такомиллаштириш борасида катта ишлар амалга оширилди. Халқаро журналистика факультетининг ijf.uz сайти ташкил этилди. Кафедраларнинг trif.uz, «Халқаро журналист» ўқув газетаси фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, «Талаба тўлқини» ҳаваскор радиостудияси янгича форматда иш бошлади... Лекин булар етарли эмаслигини, ўз ишимизга танқидий қараб, фаолиятимизни янада кучайтиришимиз, замон талаблари даражасига олиб чиқишимиз кераклигини тушуниб, англаб турибмиз.

Асосий мақсадимиз — Ватанимиз шаънини, унинг миллий манфаатларини жаҳон медиа маконида муносиб ҳимоя қиладиган, хорижлик ҳамкасблари билан бемалол беллаша оладиган журналист кадрларни етказиб бериш, пировардида замонавий миллий журналистикамиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишдан иборатдир.

 

Алишер МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, халқаро журналистика факультети декани.



DB query error.
Please try later.