07.12.2017

АФҒОНИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ БУХОРОГА ТАШРИФИ

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида 6 декабрь куни Бухорода бўлди.

Олий мартабали меҳмонни ­Бухоро халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев кутиб олди.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди.

Мазкур университет Ўзбекистондаги йирик билим масканларидан биридир. Олий ўқув юртининг 8 факультетида 7 мингдан зиёд талаба ва магистр таълим олмоқда. Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ушбу олий ўқув юрти моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, тегишли шароитлар яратилди, замонавий мутахассис кадрлар тайёрлаш сифати ошди.

Афғонистон Президенти университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳузурида маъруза қилди.

Муҳаммад Ашраф Ғанига ­Бухоро давлат университети фахрий доктори унвони берилгани тўғрисида диплом топширилди.

Дунё илм-фани ва ислом оламида катта ўрин тутган Бухорои шарифни зиёрат қилиш орзуим эди. Бу имкониятни яратиб бергани учун муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон заминидан Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан. Бу ерда таълим олаётган ёшлар мана шундай боболарига муносиб бўлиб вояга етишмоқда, деди Президент ­Муҳаммад Ашраф Ғани.

Афғонистон раҳбари университетнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қолдирди.

Куннинг иккинчи ярмида Президент Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация аъзолари Бухоро шаҳрининг тарихий марказига ташриф буюрди. Маълумки, ушбу ҳудуд 1993 йилда ЮНЕСКО ташкилоти томонидан Жаҳон маданий мероси объекти сифатида рўйхатга олинган.

Меҳмонлар Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси таркибига кирувчи Минораи Калон, Масжиди ­Калон ва Мир Араб мадрасаси ҳамда шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди. 10 минг кишига мўлжалланган Масжиди ­Калон тарихи, бинонинг меъморий улуғворлиги, ибодатчилар учун яратилган қулайликлар ҳам уларда катта таассурот қолдирди.

Афғонистонлик меҳмонлар пиллани чуқур қайта ишлайдиган ­«Бухоро Бриллиант Силк» Ўзбекис­тон — Хитой қўшма корхонасида ипакдан тайёрланган камалакранг матолар билан танишди.

Афғонистон делегацияси аъзолари Когон тумани ҳудудида жойлашган буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида ҳам бўлиб, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.

Шунинг билан Афғонистон ­Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи ниҳоясига етди.

 

З.ЖОНИБЕКОВ,

Э.ЁДГОРОВ,

ЎзА махсус мухбирлари.



DB query error.
Please try later.