29.06.2017

ХАЛҚ МАНФААТЛАРИНИ КЎЗЛАБ

қатъий позиция билдирилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида май-июнь ойларида жойларда ҳақиқий ҳолатни ўрганиш бўйича олиб борилган ишларнинг натижалари муҳокама этилди.

Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга татбиқ қилиниши истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларни янги бос­қичга олиб чиқмоқда. Хусусан, давлат ҳокимиятининг барча органлари халқ манфаатлари йўлида фаолиятини янада самарали йўлга қўймоқда. Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳар ойда бир туман мисолида жойлардаги ҳолатни ўрганаётганлари ҳам фикримиз тасдиғидир.

Маълумотларга кўра, май ва июнь ойларида 28 туманда ҳақиқий ижтимоий-иқтисодий ҳолат ўрганилди. Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари 17 мингдан ортиқ хонадонда бўлишди. 70 минг нафардан зиёд фуқаро, шу жумладан, 3500 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти вакиллари томонидан жами 10 мингга яқин масала кўтарилди.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ўрганишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жойларда аҳоли мурожаатларини ҳал этиш бўйича тизимли равишда иш олиб борилмоқда. Бу борада маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаоллиги ошаётгани, мутасадди раҳбарларнинг маҳаллий Кенгашлар ва халқ олдида ҳисобот бераётгани муаммолар камайишида муҳим омил бўляпти.

Июнь ойида ўтказилган ўрганишлар аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар сони февраль ойига нисбатан қарийб 1,7 баробарга, хусусан, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги муаммолар 4,6 баробарга, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳолати, шу жумладан, пластик карталар орқали тўловлар бўйича 2,8 баробарга камайганини кўрсатмоқда.

Учрашувлар давомида муайян масалаларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилиняпти. Май-июнь ойларида 2434 масала жойида ҳал этилди. Айни пайтда республика миқёсида 300 дан, вилоят даражасида 800 дан ортиқ масала ўрганиляпти. Уларни парламент назорати имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш кўзда тутилган.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ишларини изчил ўрганиш фракциянинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Жойларда депутатлар томонидан иш билан таъминланмаган, айниқса, уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш масалаларига бағишлаб қатор тадбирлар ўтказилди. Биргина Уйчи туманида ўтказилган шундай тадбирлар натижасида иш сўраб мурожаат қилган 65 нафар ёшдан 50 нафари ишга жойлашиш учун йўлланма олди, қолган 15 нафарига меҳнат қонунчилиги бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Фракциямиз аъзолари ўрганишлар давомида жамият ҳаётидаги долзарб муаммолар муҳокама қилинаётгани, қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти кенг тушунтирилаётганини таъкидлашди. Аҳоли вакиллари Президентимиз олиб бораётган очиқ, халқчил сиёсатдан мамнун эканини, бу ислоҳотлар юртимизнинг янада барқарор ривожланишига, халқ фаровонлиги, турмуш даражаси ва сифати ошишига хизмат қилишини эътироф этмоқда.

 

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, Тошкент шаҳридаги 44-оилавий поликлиника Бош шифокори, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Фракция аъзолари тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишга тўсиқ бўлаётган муаммолар, жумладан, шифокорларнинг етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар ҳақида гапиришди. Бу соҳада туманларда (шаҳарларда) олиб борилаётган ўрганишлар натижалари Қонунчилик палатаси ҳузуридаги комиссияда доимий равишда умумлаштирилиб, таҳлил қилиб борилаяпти. Аниқланаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар белгиланяпти.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, мутасаддилар ҳам муаммоларга шунчаки томошабин сифатида қараб туриши керак эмас. Ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган масалалар ечими ҳақида бош қотириш, камчиликлар бартараф этилишини таъминлаш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади.

Қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари раҳбарларининг ҳар 15 кунда маҳаллалар йиғилишларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳар ойда ҳамда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарларининг ҳар чоракда тегишли маҳаллий Кенгашлар сессияларида ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди. Мазкур йиғилиш ва сессияларда парламент вакиллари, тегишли маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари ва фуқароларнинг иштироки таъминланмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор кимнидир айбдор қилишга эмас, муаммони бартараф этишга қаратилмоқда.

Йиғилишда фракция аъзолари бир қатор қонун ло­йиҳаларини ҳам муҳокама қилишди. Хусусан, «Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутатлар партия дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.