29.06.2017

МАҲАЛЛА ИНСТИТУТИ ХАЛҚНИНГ МАСЛАКДОШИ ВА КЎМАКДОШИГА АЙЛАНИШИ ЛОЗИМ

Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида 28 июнь куни Фуқаролар­нинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда парламент аъзо­лари, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудудий кенгашларнинг ташкилий йиғилишларида сайланган делегатлар иштирок этди. Анжуманнинг видеоконференцалоқа тизимида ташкил қилингани фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар аъзоларига конференция жараёнини онлайн кузатиб бориш имконини берди.

Анжуман иштирокчилари дастлаб ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.

Конференцияда Қарши шаҳар «Хонтепа» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Р.Зоҳиров, Бахмал тумани «Гулбулоқ» ҚФЙ раиси У.Ҳамроев, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Чимбой тумани бўлинмаси раиси Б.Абдуллаев ва бошқалар Президен­тимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамоли­гида маҳалла институтини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳот­лар фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинлари манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорли­гини янада ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада тако­миллаштириш чора-тадбирлари тўғри­сида»ги фармони билан мазкур тизим фаолиятида янги тараққиёт босқичи бошланди, тузилма тубдан ислоҳ қилиниб, замон талаблари асосида такомиллаштирилмоқда.

Мазкур фармонга мувофиқ Фуқаро­ларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақоми берилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар кенгаш­лари Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида ташкил этилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомил­лаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ойида мамлакатимизнинг туман ва шаҳарлари, май-июнь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, ви­лоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаш­лари­нинг ташкилий йиғилиш­лари ўтказилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларнинг таркиби, кенгашлар раислари лавозимига тегишинча туман (шаҳар)лар ва вилоятлар ҳокимлари, уларнинг би­ринчи ўринбосарлари ҳамда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, кенгашлар котиблари тасдиқланди. Кенгашларнинг намуна­вий низомлари муҳокама этилди.

Айни пайтда ҳар бир фуқаролар йиғинида шакллантирилган Жамоатчи­лик назорати гуруҳи маҳаллалар ва оилалардаги, айниқса, эҳтиёжманд оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганмоқда. Фуқаролар йиғин­лари моддий-техник базаси мустаҳкам­ланаётгани, 2018 йилнинг 1 декабрига қадар туманлар ва шаҳарлар марказла­рида намунавий лойиҳалар асосида «Маҳалла маркази» мажмуалари барпо этилиши, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари учун «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилгани фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишда муҳим омил бўлади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, маҳалла институтининг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, «адолат тарози­си»га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одам­ларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Республика кенгашининг таъсис конференциясида давлатимиз раҳбари фармонида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ва аҳамияти, мазкур ҳужжат ижросини таъминлашда Респуб­ли­ка кенгаши, ҳудудий кенгашлар ва фуқаролар йиғинлари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзусидаги йиғилишда сўзлаган нутқида маҳалла институти фаолиятига доир белгилан­ган устувор вазифалар, уларнинг ижроси ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Бу борада маҳалла фуқаро­лар йиғинлари биноларида босқичма-босқич кутубхоналар ташкил этиш, жойларда «Маҳалла китобсеварлари» ҳафталигини ўтказиш лозимлиги таъкидланди. Мафкура соҳасида ҳеч қачон бўшлиқ бўлмаслиги, инсоннинг қалби, онгу тафаккури ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирла­нишдан тўхтамаслиги, мамлакатимиз­даги ҳар бир инсон ана шу маънавий озиқни, аввало, ўзи яшаётган муҳитдан олиши кераклиги қайд этилди. Акс ҳолда бу мафкуравий бўшлиқни турли бузғунчи кучлар эгаллаши ҳеч гап эмас. Бугунги глобаллашув даврида бунга бепарво бўлиш — фарзандларимиз тақдирини хатарга қўйиш деганидир.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг «Ўз уйингни ўзинг асра!» деган даъватга бугун «Ўз болангни ўзинг асра!» деб қўшимча киритиш вақти келганини таъкидлагани зиммамизга катта масъулият юклади, фаолиятимиз­га янгича ёндашиб, ишлаш усуллари­мизни замон талаблари асосида қайта кўриб чиқишга ундади, — дейди Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Шаҳрихонсой» МФЙ раиси, сенатор Тожибар Йўлдошева. — Шу пайтга қадар уюшмаган ёшлар билан ишлашда аниқ тизим бўлмагани, улар дардини, орзу-мақсадини кимга айтишни, ким билан маслаҳатлашишни билмагани боис айрим ёшлар турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолгани, ёшлар ва ўсмирлар орасида безорилик, жиноят­лар ортгани аччиқ ҳақиқат. Бугунги анжуманда бу борада йўл қўйилган хато-камчиликларни таҳлил қилиб, истиқболдаги вазифалар борасида фикрлашиб олдик.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларга сафарлари давомида маҳаллаларга ташриф буюрмоқда, фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишиб, халқ билан мулоқот қилмоқда. Президентимиз шу йил 25 март куни Юнусобод тумани Увайсий номидаги маҳалла ҳаёти билан танишар экан, «Маҳалла аҳли бир оила каби ишончли, мустаҳкам ришталар билан ўзаро узвий боғланиши керак. Бунинг учун маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ҳар бир оила аҳволидан, қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиши, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик тарғиботчисига айланиши лозим. Шундагина одамлар маҳаллага келиб ўз фикрини, таклифини, дардини бемалол айтади, муаммосига ечим топади», деб таъкидлади.

— Кеча Увайсий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, тажриба алмашдик, — дейди Самарқанд шаҳ­ридаги «Лолазор» маҳалла фуқаро­лар йиғинининг диний маърифат ва маъна­вий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ирода Юсупова. — Бизнинг маҳалламиз каби бу ҳудудда ҳам турли миллат вакилларидан иборат аҳоли яшар экан. Маҳаллаларда миллат­лараро тотувлик, халқимизга хос дўст­лик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилат­ларини янада кучайтириш мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги асосини, мустақиллигимизни мустаҳкам­лаш билан чамбарчас боғлиқдир.

Анжуманда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашини тузиш, кенгаш аъзоларини тасдиқлаш, кенгашнинг Устави ва рамзи лойиҳаларини муҳокама қилиш, кенгаш бошқарувини сайлаш, тафтиш комиссиясини сайлаш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Республика кенгашининг раиси, унинг биринчи ўрин­босари, ташкилий ишлар ва услубий масалалар, ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўрин­босар­лари, кенгаш котиби сайланди. Республика кенгаши қошида жамоат­чилик назорати гуруҳи ташкил этилиб, унинг таркиби тасдиқланди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг Давлат маслаҳатчиси Р.Комилов иштирок этди.

 

Умид ЁҚУБОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.