24.06.2017

ИСЛОМ — ПОКЛИК ДИНИ

унда тажовуз, зўравонлик йўқ

Анвар қори ТУРСУНОВ, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:

— Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсин, айни кунларда мамлакатимизнинг моддий ва маънавий ҳаётида жуда катта воқеалар юз бермоқда. Муҳтарам Президентимиз катта ислоҳотларни амалга оширмоқда. Халқимизни яратишга, бунёдкорликка, эзгу ва оламшумул ишларга ундаяпти. Энг муҳими шундаки, ушбу вазифаларни қандай амалга ошириш кераклигини тушунтиряпти, кўрсатяпти, ўзи бош бўлиб бажаряпти. Юрт­дошларимизнинг турмуши фаровон бўлиши учун тиним билмай машаққат чекмоқда. Бу биз учун улкан бахт. Шунга аминманки, у кишининг айтганларини англай олсак, ўз шууримизга жойлай билсак, иншооллоҳ бир бутун миллат сифатида шаклланамиз.

Яқинда мамлакатимизда тарихий воқеа юз берди. ­Президентимиз давлат ишлари жуда кўплигига қарамай муқаддас динимизга бўлган юксак ҳурматини кўрсатган ҳолда юртимиздаги таниқли уламоларни, илм-фан намояндалари ва зиёлиларни, имом-хатибларни йиғиб, уларга ўзининг қимматли маслаҳатларини берди. Бунақаси ҳали бўлмаганди.

Халқимизни турли ёт ғоя ва оқимлардан ҳимоя қилишда имом-хатиблар ҳамда уламолар зиммасида муҳим вазифалар турибди. Бу борада энг катта масъ­улият айнан бизнинг зиммамизда десам, асло хато бўлмайди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида: «Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсинки, ана ўшалар нажот топувчилардир» деган. Бу айнан имом-хатибларнинг вазифасидир. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари бизга «уйғонинглар» қабилида мурожаат қилмоқда.

Имом сўзининг маъноси «аввалида юрувчи» деганидир. Бизнинг зиммамиздаги вазифа фақат никоҳ ўқиш ҳамда турли маросимларда ҳозир бўлиш эмас. Халқимизнинг маънавиятини сақлаш ва янада юксалтириш, муқаддас динимизнинг аҳкомларини одамларга етказиш, тушунтириш каби ишларни амалга оширишда фидойи бўлишимиз, шижоат кўрсатишимиз лозим. Агар ушбу ишларга чин дилдан киришмасак, белимизни маҳкам боғламасак, фарзандларимизни турли ёт ғоялардан асрашимиз қийин бўлади.

Президентимиз яна бир муҳим масалани ўртага ташлади. Бу оилани сақлаш муаммосидир. Динимизда ҳам оила муқаддас саналади ва уни бўлар-бўлмас баҳоналар туфайли бузилиб кетишидан қайтарилади. Бу борада ҳам олдимизга муҳим вазифалар қўйилдики, уларни бажаришга ҳар биримиз масъулмиз.

Юртдошларимизни эзгу ишларга бошлашимиз, уларга тўғри маслаҳатлар беришимиз зарур. Агар бу ишларни қилмасак, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор, Президентимизнинг олдида хижолат бўламиз.

Биз имомлар шу юртнинг фуқароси сифатида Ватанимизнинг тақдири, ёрқин келажаги учун ҳамжиҳат бўлишга, Давлатимиз раҳбарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ахир шундай катта савоб ишларга қўл урилаётган бир пайтда қандай қилиб четда туриш мумкин?

Президентимиз учрашувда яна бир пурмаъно сўзни айтди: «Кейинги йилларда хал­қимиз ўртасида кенг тар­қалган «Ўз уйингни ўзинг асра!» деган даъватга бугун «Ўз болангни ўзинг асра!» деб қўшимча киритиш вақти келди, деб ўйлайман». Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир бола бизнинг фарзандимиз. Уларни асраш ҳаммамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Яхши сўзнинг исрофи бўлмайди. Шунинг учун одамларни эзгуликка чорлашдан асло тўхтамаслик керак. Тушунтириш ишларини муттасил олиб борсаккина кўзлаган мақсадларимизга етишамиз. Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка имом-хатиблар ўз ҳиссаларини қўшмайдиган бўлсалар, улар гуноҳкор бўладилар. Бу ишга камарбаста бўлсалар, жуда катта ажр-савобга эга бўладилар.

Ислом — поклик дини. Унда ҳеч қандай тажовуз, зўравонлик йўқ. Экстремизм бизнинг динимизда мутлақо йўқ! Буни ғараз мақсадли кишилар там­ға қилиб ёпиштириб қўйишган. Бу ҳақиқатни одамларга ким айтади, ким тушунтиради? Албатта, имомлар. Жума намозларида, амру-маъруфларда, матбуот ва телевидение орқали чиқишларда ана шу давр талабини тушунтирсак иншооллоҳ кўзлаган мақсадимизга етишамиз.

 

Темур АЪЗАМ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.