24.06.2017

ЎЗ БОЛАНГНИ ЎЗИНГ АСРА

Ўз уйинг — ўлан тўшагинг,

Бўстонинг бор, чаманинг бор.

Асрлар келар яшагинг,

Боқиб тўймас Ватанинг бор.

Тоғу тошинг, еру сувинг,

Шалолангни ўзинг асра.

Ўз уйингни асра ўзинг,

Ўз болангни ўзинг асра.

 

Бу дунёда қолар изинг —

Қанду новвот ўғил-қизинг.

Қувончинг ҳам, давомчинг ҳам

Ёруғ юзинг, ёруғ юзинг.

Гард қўнмасин, эҳтиёт қил,

Кўз қорангни ўзинг асра.

Дилпоранг ҳам жигарбандинг,

Ўз болангни ўзинг асра.

 

Дунё — ёнғин, дунё — тутун,

Борми бирор бағри бутун?..

Ироқдан то Шому Қатар

Ёйилмиш бир хавфу хатар.

Қурол-яроғ дунёсида

Гуллолангни ўзинг асра.

Асролмагай сен-чун биров,

Ўз болангни ўзинг асра.

 

Эй одамзод, тўқу очинг,

Мунглуғ ҳилол, ожиз хочинг,

Биринг муслим, биринг кофир,

Биринг мужрим, биринг ғофил.

Ўзинг бунёд этиб келдинг,

Ўзинг барбод этиб келдинг,

Зуволангни ўзинг асра,

Ўз болангни ўзинг асра.

 

У бир кўчат, бир навниҳол,

Эгилгай бир эсса шамол.

Жаҳолат куч шайлаб турар,

Шу болангни пойлаб турар.

Қанча орзу-ҳавас, умид...

Бўлмай десанг юзим шувит.

Мисли қошу кўзинг асра,

Ўз болангни ўзинг асра.

 

Гарчи Ватан севмоқ — иймон,

Диёнатдир, диёнатдир.

Бир нобакор арзанданг лек

Шу Ватанга хиёнатдир.

Тўғри фарзанд ўстирмоқ ҳам

Жасоратдир, матонатдир.

Болангдан бир ўғлон ўстир,

Иймон ўстир, ирфон ўстир,

Ҳеч қандай куч емиролмас

Қўрғон ўстир, қўрғон ўстир.

Термизийлар тупроғи шу,

Бухорийлар урпоғи шу —

Ер юзига ҳикмат эккан

Сулолангни ўзинг асра.

Ўз болангни ўзинг асра!

Ўз болангни ўзинг асра!

 

2017

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири.



DB query error.
Please try later.