24.06.2017

АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ — ДОЛЗАРБ ИЖТИМОИЙ МАСАЛА

«Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекис­тана» газеталари бирлашган таҳририятида ЎзХДП Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда ушбу мавзуда ўтказилган давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон ногиронлар жамия­ти, Касаба уюшмалари федерацияси вакиллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари иштирок этди.

Давра суҳбатини «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов олиб борди.

— Инсон тинч, хотиржам яшаши, орзу-умидларини рўёбга чиқариши, бир сўз билан айтганда, бахтли ҳаёт кечириши учун аввало барқарор иш ўрнига эга бўлиши керак, — деди у. — Ишли одамнинг вақти банд бўлади. У тинчликни истайди.

Мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, бандлик муаммосини имкон қадар самарали ҳал этиш масаласига давлат миқ­ёсида энг долзарб вазифа сифатида қараб келинмоқда. Ҳар йили янги иш ўринлари яратиш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилиб, парламент томонидан тасдиқланмоқда.

Бироқ ҳаммамизга яхши маълумки, банд­лик масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Шу боис бу масала бўйича янги-янги чора-тадбирлар белгиланмоқда. Биргина жорий йилнинг май ойида иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Президентимиз 6 майда «Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Унда қўйилган ўткир талаблар бандлик масаласига ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатиб турибди.

Ушбу қарордан сўнг орадан икки ҳафта ўтгач, Президент «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилди.

Унда бандлик масаласида эришилаётган ютуқлар билан биргаликда қатор муаммолар борлиги таъкидланди. Биринчидан, бандлик муаммосини ҳал этишга эскича ёндашувлар давом этаётгани, меҳнат бозоридаги ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолаётгани, муҳим ижтимоий масала ҳисобланган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашиш ҳолатлари учраётгани қайд этилди.

Энг муҳими, фармонда бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш бўйича янги устувор вазифалар белгилаб берилди.

Бу фармоннинг ҳар бир банди Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ғояси, Сайлов­олди дастури билан бевосита боғлиқ.

Бугунги давра суҳбатида Президентимизнинг бандлик масаласида қабул қилган қарори ва фармонида белгиланган вазифалар ижросининг аҳамияти, ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришдаги камчилик ва ­муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари хусусида фикрлашмоқчимиз.

Бандлик — ижтимоий ҳимоянинг энг муҳим ва самарали воситаси. Бандлик нафақат ижтимоий ҳимоя, балки ижтимоий барқарорликни, тинчлик-осойишталикни таъминловчи стратегик масала. Шу боис амалга оширилаётган ишларга тан­қидий қараб, ҳаётий мисоллар, аниқ таклифлар кўпроқ айтилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Муҳайё Ҳайитова, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бандлик дастурини шакллантириш ва мониторинг бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

— Президентимизнинг фармонидан келиб чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш учун меҳнат бозорида талаб ва таклифни баҳолаш буйича чуқурлаштирилган ўрганиш ўтказилди, барча туман ва шаҳарлар учун кейинги йилда бандликни таъминлашга бўлган эҳтиёж ҳамда унинг таркиби аниқланди. Бу эса, таълим муассасалари (коллежлар ва олий таълим муассасалари) битирувчиларини, меҳнат мигрантларини, аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳларини, ишсизларни ишга жойлаштиришнинг ҳақиқий йўналишларини аниқлаш имконини бермоқда.

Яна шуни айтиш керакки, ўрганишлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 193 туман (шаҳар) учун меҳнат бозори эҳтиёжи прогнозларидан келиб чиққан ҳолда, асосий касблар (мутахассисликлар) кесимида ке­йинги йилда аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан буюртмалар шакллантирилмоқда. Шунингдек, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан коллежлар битирувчилари, меҳнат мигрантлари, ишдан бўшатилаётган ходимлар ва ишга жойлашишга муҳтож бошқа шахслар сонидан келиб чиқиб, аҳолини иш билан таъминлаш параметрлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, муҳим масалалардан яна бири ҳисобланган миллий вакан­сия­лар базасини яратиш бўйича корхона, ташкилот ва муассасалар мавжуд иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни ҳар ҳисобот ­ойининг 5-санасига қадар маҳаллий меҳнат органларига тақдим этиши белгиланган бўлиб, бу борада ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, вазирлик томонидан иш берувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ва ишдан озод этилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни жорий йилнинг май ойидан бошлаб электрон тарз­да тақдим этиш тизими жорий қилинди.

Президентимизнинг «Банд­лик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолия­ти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони аҳоли бандлигини таъминлашда ҳамда ҳудудий меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини оширишда муҳим дас­туриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Масалан, меҳнат органлари томонидан интернет орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг мутлақо янги шакли жорий этилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фуқароларни ишга жойлаштиришни таъминловчи филиаллари тармоғини кенгайтириш ҳамда меҳнат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича асосий йўналишлар ва 55 банддан иборат комплекс чора-тадбирлар дас­тури тасдиқланди.

Шунингдек, хусусий секторни меҳнат бозоридаги ишга жойлаштириш хизматларини кўрсатишга жалб қилиш мақсадида рекрутинг хизматларини ташкил этиш ва келгусида ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда «Рекрутинг фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон ­Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.

Шу ўринда бир муаммоли ҳолат юзасидан ўз фикримни билдириб ўтмоқчи эдим. Қонунчиликка кўра, корхона-ташкилотлар ўзларидаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни меҳнат органларига тақдим этади. Аммо амалиётда шундай бўлмоқдаки, иш сўраб келган фуқароларни ушбу маълумотлар асосида ташкилотларга жўнатилганда, бўш иш ўрнига кимдир олиб қўйилган бўлади ёки ушбу штат қисқартирилган бўлиб чиқади. Яъни, кўп ҳолларда «маълумот бердикми, бердик» қабилида иш тутилади. Шунинг учун бу масалада масъулиятни янада кучайтириш долзарб вазифадир.

Президентимизнинг тегишли фармони асосида амалга оширилаётган барча ишлар аҳолини иш билан банд қилиш, оилалар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Бироқ шу ўринда айтиш керакки, фармон ва қарор ижросини таъминлашда Халқ демократик партия­си, Касаба уюшмалари федерацияси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиришимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

 

Боймурод Юсупов, ЎзХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири:

— Партиямиз Сайловолди дастурида бандлик муаммосига алоҳида эътибор қаратилган. Тўғриси, бу масала устувор вазифаларимиздан ҳисобланади. Шу боис жойлардаги аҳволни ўрган­япмиз. Меҳнат ярмаркалари ташкил этяпмиз. Маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари бу масалани изчил равишда доимий комиссиялар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритмоқда. Бандлик масаласида партиямиз тизимида маълум лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Ҳудудда қайси мутахассисларга эҳтиёж борлиги аниқланиб, коллежда ўқиш бўлмаган пайт­да йигит-қизларни шу йўналишларда ўқитиш орқали уларни меҳнатга жалб қилиш кўзда тутилган. Шахсий томорқа хўжалигини ривожлантириш орқали оилалар фаровонлигини ошириш, уларни кам таъминланганлар рўйхатидан чиқариш бўйича индивидуал дас­турлар ишлаб чиқиляпти.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш чора-тадбирлари улар ўқишни тугатганидан ке­йин эмас, балки ундан анча олдин кўрилаётгани жуда муҳимдир. Бундай ёндашув ёшлар бандлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга бўляпти.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлашган битирувчилар иш ҳақидан олинган даромадларидан ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини, таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб, уч йилдан ортиқ вақт ўтмаганлик шарти билан, уларни ишга жойлашганликларидан кейинги бир йил ичида 50 фоизга, иккинчи ва учинчи йил давомида 25 фоизга камайтириш белгиланди.

Гап коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳақида кетганда, бу борадаги муаммоли масалаларни ҳам таъкидлаб ўтиш ўринли, деб ўйлайман. Биз коллежлар мутахассисликларини ҳудудлардаги эҳтиёжга қараб белгилаш керак, деган фикрни кўп айтамиз. Бу масалада ўзгаришлар ҳам бўляпти. Лекин бу ўринда яна бир нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак. Йўналиши ўзгарган касб-ҳунар коллежларида янги мутахассисликлар бўйича ўқитувчилар етарлими?

Бугунги кунда кўплаб ҳудудларда йирик саноат корхоналари бунёд этиляпти. Жумладан, Жиззах вилояти Зафар­обод туманида 10 мингдан ортиқ иш ўрнига эга бўлган янги нефтни қайта ишлаш заводи ишга тушади. Албатта, шу соҳага ихтисослаштирилган ҳолда маҳаллий ёшлар ўқитилади. Минтақада ёшларга мазкур билимларни бера оладиган педагоглар борми?..

Мана шу саволлар ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўриш зарур.

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳукумат томонидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда партиямиз ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари муаммога ёндашувни бутунлай ўзгартириши талаб этилади.

Пойтахтимиздаги вақтин­чалик иш билан таъминлаш ­марказлари, турли ҳудудларда, халқ тили билан айтганда, «мардикор бозорлари»да вилоятлардан оиласи, бола-чақасини ташлаб келиб, вақтин­чалик ишларни бажариб юрган юртдошларимиз камаймаётгани одамни хавотирга солади. Айрим туманлардан юзлаб ёшлар Тошкентда ёки бош­қа ҳудудларда овора бўлиб, ҳеч қандай ҳуқуқсиз, ҳимоясиз ишлаб юргани ҳеч кимга сир эмас. Савол туғилади: ўша ҳудуднинг ҳокими, депутатлари, қолаверса, партия ташкилотлари етакчилари бундан бехабарми? Нима учун ҳудудлардаги ўткир ижтимоий муаммолар тан­қидий таҳлил қилинмайди, сес­сия­ларда муҳокама этилиб, таъсирли чора-тадбирлар белгиланмайди?

Афсуски, охирги пайтларда кўпгина ҳудудий партия ташкилотлари, депутатлар Марказий Кенгашдан таклиф, тавсия кутишга ўрганиб қоляпти. Ваҳоланки, жойларда бандлик борасида тўпланиб қолган масалаларни улар яхши билишади. Ҳар бир партия ташкилоти, гуруҳи банд­лик масаласида ўз таҳлили, режалари ва ташаббусларига эга бўлиши зарур.

 

Шарбат Абдуллаева, иқтисод фанлари доктори, профессор:

— Умуман бандлик масаласи ҳақида гапирганда, аввало, унинг аҳамиятига тўхталиш керак, деб ўйлайман. Юқорида тўғри таъкидланди. Агар одам ишли бўлса, у маълум бир ижтимоий таъминотларга эга бўлади. Масалан, унинг меҳнат дафтарчаси бор, у эртага нафақага чиқиш, шунингдек, ўз соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бир сўз билан айт­ганда, ишсиз юрган одамдан кўра, ишли одамнинг ҳуқуқи, имконияти кўпроқ бўлади.

Агар чуқурроқ ўйлаб, мулоҳаза юритсак, бир одамни ишга жойлаштириш ўз-ўзидан амалга ошмаслигини англаймиз. Иш ўрни яратилиши масаласи кўплаб омилларга боғлиқ. Бунинг учун, аввало, иш жойлари яратишнинг янги механизмларини ҳаётга жорий этиш керак бўлади.

Президентимиз қарорида 2017-2020 йилларда фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар учун микромолиялаш хизматларидан фойдаланиш қулайликларини, йўналиш ва ҳажмларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш, биринчи навбатда кам таъминланган оила аъзоларини энг аввало якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлик соҳасига, касаначиликка, қишлоқ жойларда эса шахсий томорқа хўжаликлари асосида иқтисодий фаолликка жалб этишга қаратилган тадбирлар ва механизмлар ишлаб чиқиш белгиланган. Ўйлайманки, ана шу жиҳатлар бандлик масаласида жуда ҳам муҳим.

Касаначиликни янада ривожлантириш ҳамда замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилиш учун молиявий ресурслардан фойдаланишни кенгайтириш орқали оила бюджетлари даромадларини кўпайтириш мақсадида яқинда Президентимиз қарори қабул қилинди. Унга кўра, «Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум» масъулияти чекланган жамияти 50,0 миллиард сўмлик бошланғич устав капитали билан ташкил этилмоқда. Шу асосда замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилишга касаначи ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи корхоналарга заёмлар ажратилади. Биламизки, заём — бу кредит эмас, вақтинча фойдаланиб туриш учун бериладиган пул маблағи, унга фоиз тўланмайди.

Яна бир гап. 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб касаначилар учун жисмоний шахсларга қўлланиладиган даромад солиғи қатъий 7,5 фоиз миқдорида белгиланади. Ишлаб, оиламни таъминлайман, деган одам учун бу жуда катта имконият ва қулайлик яратади.

Бу янгилик уйда ўтирган аёлларни иш билан таъминлашда, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим ўрин тутади. Чунки муайян мутахассислиги бўлмаган аёллар бандлигини таъминлаш алоҳида ёндашувни талаб қиладиган ўткир масалалардан биридир.

Қишлоқларда оилавий тадбиркорлик, касаначиликни бошлаш ниятида юрган кишилар кўп. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш зарур. Шунингдек, баъзи хонадонларда томорқа ерлар бўш турганини кузатиш мумкин. Нима учун? Чунки қизиқиш, уқув ёки кўникма йўқ. Демак, кўпроқ тар­ғибот қилишимиз, тушунтириш ишларини олиб боришимиз зарур.

Мана, шу кунларда кўряпмиз, гувоҳи бўляпмиз, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар орасида бандлик масаласига алоқадорлари оз эмас. Шу ерда табиий савол туғилади: ­муаммолар кўтарилаётган туманларда партия туман кенгашлари, депутатларимиз борку?! Агар улар жойлардаги муаммолар билан жиддий шуғулланганида, Халқ қабулхоналарига бунчалик кўп мурожаат тушмасди.

Маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар олис қишлоқлардаги шарт-ша­роитлар билан яқиндан танишиши, одамларни ўйлантираётган ёки иш бошлашига тўсқинлик қилаётган масалалардан хабардор бўлиши зарур. Айниқса, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.

 

Мақсуда Ворисова, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Президентимизнинг тегишли фармони ва қарорида аҳоли бандлигини таъминлашнинг аниқ устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Хўш, бандлик нима учун бунчалик муҳим?.. Агар инсон меҳнат қилса, кўнгли тинч, ўзига ишончи мустаҳкам бўлади. Агар у бировнинг қарамоғида яшаса ёки вақтинчалик ёлланиб ишлаётган бўлса, бу унинг дунёқараши, руҳиятига салбий таъсир ўтказади. Бундай одамнинг кўнгли хотиржам бўлолмайди, эртанги кунга ишончи ҳам қолмайди. Давлатнинг, жамиятнинг вазифаси эса ҳар бир инсонга меҳнат қилиши учун ҳуқуқий асослар, шарт-шароит яратиб беришдан иборат.

Бандликни таъминлаш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўплаб омилларга боғлиқ. Шулардан бири бўлғуси кадрларга таълим бериш, касб-ҳунар ўргатиш сифатини оширишдир. Яқинда касб-ҳунар коллежлари фаолиятини ўрганиб чиқдик. Бир гуруҳга кирсак, ўқувчилар компьютер тузатувчиларимиз, дейишди. Лекин ўша коллежда компьютер синфи йўқ. Дунёдаги энг қиммат нарса — вақт. Уни ортга қайтариб бўлмайди. Демак, биз боланинг 3 йиллик умрини ўғирлаб қўйяпмиз. Уларга фақатгина назарий билим бериш билан чекланиб қолсак, эртага улардан қандай мутахассис етишиб чиқади, деган савол кўндаланг турибди.

Иккинчи масала — режалаштириш ҳақида. Мамлакатимизда илк бор касб-ҳунар коллежлари ташкил этилганда, шошма-шошарлик ёки тажрибасизлик оқибатида қайси ҳудудга қандай касб эгалари кераклиги чуқур ўрганилмаган. Бу камчиликни кейинчалик бартараф этишга ҳаракат қилинди, кўплаб касб-ҳунар коллежлари фаолияти йўналишлари қайта кўриб чиқилди. Аммо бу ишлар охирига етказилмаганини ҳаёт кўрсатмоқда. Ҳар бир туман ёки шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, имкониятлари, истиқболи чуқур ўрганилиб, 5-10 йилдан кейин ўша ҳудудга қанча ва қандай мутахассис кераклиги ҳисоб-китоб қилиниб, ёшлар шунга қараб ўқитилса, ишсизликнинг олдини олиш бўйича яхши самара беради, деб ҳисоблайман. Бу борада муайян ишлар бошланди ва улар изчил давом этади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза билдирмоқчиман. Охирги вақтларда негадир боланинг касб танлаши, ишга жойлашишидаги масъулият кўпроқ мактабдаги педагоглар зиммасига тушиб қолди. Негадир бола 15-16 ёшга етганда, яъни 9-синфни битираётганда боланинг эртага ким бўлиб етишиши мактабда ҳал бўляпти. Ўқувчининг синф раҳбари уни тиббий кўрикдан ўтказади, ҳарбий чақирувга олиб боради, ҳужжатларини йиғади-да, амаллаб битта коллежга жойлаштириб келади. Буниси ҳам қолиб, агар бола ўша коллежга қатнамаса, ўқитувчи унинг уйига бориб, вазиятни ўрганишга мажбур. Бу жараёнда ота-онанинг иштироки нега кўринмаяпти? Ваҳоланки, фарзанд тарбиясига асосан ота-она ­масъул. Қолаверса, боласи нимага қизиқишини улар яхши билишади. Боладаги касб-ҳунарга бўлган қизиқиш 11-12 ёшдан шаклланади. Айрим ота-оналар боласини илмга, касбга йўналтиришда иштирок этмаётгани ачинарли ҳол. Бола тақдирига бундай бефарқлик эртага қимматга тушади. Қонунчиликка мана шу масалада ота-она масъулиятини кучайтириш бўйича ўзгартириш киритсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман.

 

Меҳрож Дархонов, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Президентимизнинг бандлик масаласидаги қарори ва фармонида белгиланган вазифаларни вилоят кенгашида фаоллар иштирокида алоҳида ўрганиб, бу борадаги ишларимизни белгилаб олдик. ­Айниқса, ёшлар масаласига алоҳида эътибор қара­таяпмиз.

Бу йил Тошкент вилоятида 35 мингдан ортиқ йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини битиради. Бандлик дастури доирасида уларнинг 16 мингдан кўпроғини ишга жойлаштириш белгиланган. Айниқса, ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида тиббиёт ва таълим соҳаларига 10 мингта мутахассис керак. Агар битирувчиларнинг 30 фоизи олий ўқув юртига ўқишга кирадиган бўлса, шунда ҳам бўш иш ўринларини тўлдириб бўлмайди. Сенаторлар, депутатлар билан бирга юрганимизда кўрдик, Қуйи Чирчиқда замонавий типдаги тиббиёт муассасаси бунёд этилган. Аммо ишлайдиган мутахассис-врач етишмайди. Демак, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ҳам ҳудудларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиб ёндашилиши ҳар томонлама тўғри. Бу масалада ҳозир бошланган ишларни изчил ривожлантириб бориш керак.

Яна бир масала. Коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш кўп жиҳатдан мутасадди вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар, корхона-ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятига боғлиқ. Коллежни тамомлаган орзу-умидли ёшлар қаерда, қандай шароитда иш бошлаши уларнинг ҳаётга муносабати шаклланишида муҳим ўрин тутади. Шу боис Президентимиз қарорида ёшларни иш билан таъминлаш бўйича мутасадди идора-ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар, таълим муассасалари ҳамда корхона-ташкилотлар раҳбарлари зиммасига бу борада аниқ вазифалар қўйилаяпти. Мақсад — ёшлар эътиборсиз қолмасин, катта ҳаёт остонасида қоқилиб, умидсизликка тушмасин. Бандлик масаласи нафақат ижтимоий, айни чоғда маънавий, ҳуқуқий, сиёсий масаладир.

 

Жасур Қулмуҳаммедов, Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи директори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Юқорида айтилган қарор ва фармон ижроси бизни қийнаётган муаммоларни ҳал этишига ишонаман.

Аммо ҳозир мен қилаётган ишларимиз ҳақида эмас, муаммоларга тўхталмоқчиман. Аҳоли бандлигини таъминлаш маркази томонидан тақдим этиладиган бўш иш ўринлари кўп ҳолларда банд ёки маоши жуда кам бўлади. Оқибатда битирувчилар учун муносиб иш жойлари ҳар доим ҳам топилмайди. Бундан ташқари, берилган вакансияга фақат иш стажига эга бўлган ишчиларни қабул қилиш шарти иш берувчилар томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчиларга дастлабки синов муддати ўтилмайди, деб белгилаб қўйилган. Мана шу меъёрга қатъий амал қилиниши бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги битирувчиларга кам фоизли кредит берилиши белгиланган. Лекин уни олишда битирувчи бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Булар кредит олиш учун кафолат берувчи ёки гаровга қўйиладиган мулк, жой масаласи ҳамда бериладиган маблағни ўз вақтида олиш ва бош­қа масалалардир.

Битирувчилар дуч келаётган яна бир муаммо хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Битирувчилар ўз хоҳишлари билан тўрт томонлама шартнома тузгандан сўнг иш берувчилар томонидан ҳар доим иш билан таъминланмайди. Сабаби шартнома бир-икки ой олдин тузилади, лекин ишлаш июнь ойидан бошланади. Унгача «бўш иш ўрнига кимдир ишга олиб қўйилган» бўлади ёки иш ўрни сақланиб қолмайди.

Ушбу масалалар борасида ўз таклифларимни айтиб ўтмоқчи эдим. Коллежларга бириктирилган иш берувчи корхоналар реал бўш иш ўринларини коллежга тақдим қилишса ва шунга асосан тўрт томонлама шартнома тузилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек, битирувчилар банд­лигини таъминлаш бўйича ота-она масъулиятини ошириш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки айрим ота-оналар фарзандларининг ўзлари ёқтирган касбда эмас, балки ўзларига маъ­қул бўлган касбда таҳсил олишини ҳоҳлашади. Масалан, фарзанднинг ­техникага қизиқиши баланд, аммо ота-онаси унинг шифокор бўлишини истайди. Шу ерда савол туғилади: бор вужуди билан техникага қизиққан боладан қандай қилиб яхши шифокор чиқиши мумкин?..

Коллеж ўқувчиларини биринчи курсдан бошлаб иш берувчи корхоналарга бириктириш ва келажакда ўша жойда амалиётни ўтказишга алоҳида эътибор бериш керак, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун лавозимлар даражасини қонун доирасида қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш зарур. Фикримни янада аниқроқ айтадиган бўлсам, масалан, тиббиёт коллежини битириб, шифохонада ҳамшира бўлиб ишлаётган ходимнинг лавозими пен­сия­га чиққунича ҳамшираликда қолиб кетадими ёки маълум даражагача кўтариладими? Яъни, ўрта махсус дипломига эга бўлган йигит-қизнинг мутахассислиги бўйича қайси ловозимгача ишлаши мумкинлиги меъёрий ҳужжатларда аниқ кўрсатилган бўлиши зарур.

 

Хушнудбек ХУДОЙБЕРДИЕВ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими етакчи юристконсульти:

— Муайян касб-ҳунарлар бўйича ёшларни коллежларда 3 йил эмас, ундан қисқароқ муддатларда ўқитиб, уларга тегишли сертификатлар бериш масаласи қўйилмоқда. Бу ­дарҳақиқат тўғри ёндашувдир. Лекин бу ўринда битирувчи ишлаши учун қонун нормаларини ҳам ўйлаб кўриш лозим. Ўқитиш муддати қисқариши муносабати билан коллеж битирувчиси неча ёшда бўлади? Уни ишга олиш мумкинми? ­Хал­қ­аро меҳнат тажрибасидан маълумки, ишга жойлашишнинг энг кичик ёши бўйича стандарт 16 ёш. Алоҳида ҳолларда ота-она ва меҳнат муносабатларига масъул бўлган ташкилот рухсати билан 15 ёшдан ҳам ишга жойлашиш мумкин.

Яна бир фикрни мулоҳаза учун ўртага ташламоқчиман. Коллежда ўқиётган ёшлар аслида потенциал ишчи ҳисобланади. Улар ўз мутахассислиги бўйича билим олади-ю, меҳнат ҳуқуқи фани бўйича ўқитилмайди. Меҳнат ҳуқуқи фани фақатгина ҳуқуқшунослик йўналишларидаги коллежларда ўқитилади, холос. Қолган касб-ҳунар коллежларида умумий ҳуқуқ­шунослик фани ўқитилади. Меҳнат ҳуқуқи фанига жуда кам соат ажратилган. Таълим стандартлари бўйича аслида барча касб-ҳунар коллежларида меҳнат ҳуқуқи фани ўқитилиши керак, деб ҳисоблайман. Боиси, битирувчи меҳнат ҳуқуқини билиши жуда муҳим. Норасмий бандлик кўпайишининг сабабларидан бири ҳам ёшларнинг меҳнат ҳуқуқини билмаслиги билан боғлиқ. Шулардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўл­сак, касб-ҳунар коллежларида меҳнат ҳуқуқи бўйича ҳеч бўлмаганда махсус курслар ташкил этилса, яхши бўларди.

Бугунги кунда кафе, рес­торан, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаларида минг-минглаб ёш йигит-қизлар норасмий меҳнат қилмоқда. Норасмий бандликни камайтириш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган йигит-қизларни ишга олган тадбиркорга солиқ соҳасида кўпгина енгилликлар яратилган. Бироқ тадбиркорлар орасида ишчи кучидан фойдаланишга фойдаланиб, меҳнат шартномаси тузмайдиган, расмий иш ҳақи тўламайдиганлари оз эмас. Нима бўлаяпти? Ишчи ижтимоий ҳимоясиз қолмоқда, тадбиркор солиқ тўловидан қочяпти. Буни тадбиркорларга кенгроқ тушунтириш, қонун асосида иш юритишларини тартибга солиш лозим бўлади. Шунингдек, бу масалада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам принципиал аҳа­миятга эгадир.

 

Фарида Қосимова, Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокори, халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини бюджет ташкилотларига ишга жойлаштириш борган сари қийинчиликлар туғдирмоқда, турли хил чигалликларни келтириб чиқармоқда. Чунки бюджет ташкилотларида тасдиқланган иш жойлари мавжуд бўлиб, ҳар йили янги иш ўринлари яратилмайди.

Бундан ташқари, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар натижасида шифохоналарда ўрин-жойлар қисқариб, штатлар камайган. Лекин тиббиёт коллежлари ҳар йили янги битирувчиларни чиқаради. Уларни ишга жойлаштириш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи бўйича танлов асосида ўтказилади. Барча битирувчиларни иш билан таъминлашнинг имконияти бўлмаяпти. Тўрт томонлама шартномаларга қўшимча банд киритилиб, муҳр қўйилмоқда. Буни нима фойдаси бор? Барибир бир йилда уч ёки тўрт нафар коллеж битирувчисини ишга олиш мумкин, ундан ортиғини эмас. Шунда ҳам кимдир таътилга кетса ёки бошқа ишга ўтса.

Албатта, бу жуда чуқур масала, лекин бу муаммоларни босқичма-бос­қич ҳал қилиш чоралари кўрилиши керак. Бюджет ҳисобидаги шифохона ва поликлиникаларда хўжалик ҳисобида ишлашни кенгайтириш ва шу ҳисобдан янги иш ўринлари яратиш масаласи ҳақида ўйлаб кўриш мумкин. Маҳалла фуқаролар йиғинларига биттадан ҳамширани бириктириш ва уларга ойлик маошини маҳалла имкониятлари орқали тўлаш йўлга қўйилса, бу тажриба муаммони юмшатишга хизмат қилади.

Ҳаётдан келиб чиқиб, фикр юритадиган бўлсак, кўп гувоҳи бўлганимиз, маҳаллада, айниқса, кўп қаватли уйларда яшаётганлардан кимдир уйида муолажа олмоқчи ёки қон босимини ўлчатмоқчи. Тез ёрдам чақириш ўрнига, маҳалладаги ҳамширани чақиргани маъ­қул эмасми? Ёки кекса киши ёки ногиронни поликлиникага қатнаши осонми? Поликлиникадан врач ёки ҳамширанинг келиб-кетиши ҳам қатор ноқулайларни юзага келтиради.

 

Нурмуҳаммад Абдуллаев, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Биз бир масалага узоқ вақт томошабин бўлиб келдик. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлашганлиги билан боғлиқ маълумотлар ҳақ­қонийлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмади. Битирувчи қоғозда касби бўйича ишга жойлаштирилган, амалда эса бошқа ерда, бошқа касбда ёки ишсиз эди.

Шунинг учун 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларнинг барча ўқувчиларини, уларнинг ҳар бирига солиқ тўловчининг индивидуал рақами очилган ва элек­трон рақамли имзо (ЭРИ)ни тегишли тўловни ундирмасдан берган ҳолда, солиқ тўловчи сифатида давлат солиқ органларида рўйхатга қўйиш белгиланди. Айни пайтда бундан кейин битирувчилар ишга жойлашгани ҳақидаги маълумотлар ҳаққонийлиги, уларнинг солиқ тўлаганлиги ҳамда жам­ғармасига туширган маблағига қараб аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилмоқда. Унинг асосий вазифаси йирик инвес­тиция лойиҳаларини амалга ошириш, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шаҳар ва туманларни ободонлаштириш билан боғлиқ мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг иштирок этишини ­молиялаштириш этиб белгиланди.

Бандлик даражасини ошириш, битирувчиларни иш билан таъминлаш партиямиз дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари бу борада учраётган камчиликларни бартараф этиш бўйича ташаббус кўрсатиши, ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорлик муносабатларини кучайтириши талаб этилмоқда. Бандликни таъминлаш масаласига Президент томонидан шунчалик жиддий эътибор берилаётганидан биз хулоса чиқариб олишимиз лозим. Томошабин бўлиб ўтирмасдан амалий таклифларни илгари суриш ҳамда улар ҳаётга татбиқ этилиши учун барча куч ва имкониятларни бирлаштириш талаб этилади.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари коллеж битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан кўрилаётган чо­ра-тадбирлар ижросини назорат қилиши, маълумотларнинг ҳаққонийлигини ҳар бир коллеж кесимида мунтазам ўрганиб бориши зарур, деб ўйлайман.

 

Комил Абдуллаев, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси:

— Тўғриси, мавзу жуда долзарб. Бандлик масаласи биз учун ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. Жисмоний имконияти чекланган кишилар бандлигини таъминлаш, ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш уларнинг ҳаётга қизиқишини оширади, руҳини кўтаради.

Айтиш керакки, бу борада Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан изчил ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Ногиронлар ҳолидан хабар олиш, уларни ишга жойлаштириш ва бошқа имкониятлар яратиб бериш масалаларида ўзаро алоқа ўрнатилган. Хусусан, ушбу йўналишда меморандум имзоланган. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг тегишли бандлари бўйича режа ишлаб чиқилган. Июль ойидан ушбу режани амалга ошириш бошланади.

Мамлакатимизда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида катта ғамхўрликлар кўрсатиляпти, қонун қабул қилинган. Лекин тизимдаги айрим муаммоларни ҳал этиш учун мазкур қонунга ўзгартириш киритиш керак, деб ўйлайман. Қонуннинг 25-моддасида ҳар бир муассаса ва ташкилотдаги ишчилар сонининг камида 3 фоизи ногиронлар учун банд этиб қўйилиши кераклиги белгиланган. Бу масалани чуқурроқ ўрганиш керак. Чунки йигирма кишининг 3 фоизи 1 та иш ўрнига ҳам тўғри келмайди.

Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ногиронлар ҳафтасига 36 соатдан кўп ишламаслиги лозим. Лекин бунга амал қиладиган ташкилотлар саноқли. Бизни ранжитаётган яна бир ҳолат бор. Имконияти чекланганлар ўқийдиган коллежларни битираётган ёшлар ҳам қаердадир ишлаши, яшаши, оила қуриши керакку! Хўш, улар қаерда ишлайди?..

Дипломи, мутахассислиги бор. Иш сўраб борилса, ташкилотларда қисқартириш бўлди, деган жавобни олиш ҳоллари кўп учраяпти. Бундай ҳолда улар ишсизлик нафақаси олиши лозим. Бунинг учун ҳам бир қанча ҳужжатларни йиғиш керак. Демак, бунга ҳам анча вақт кетади. Уларнинг имконияти чекланганини ҳисобга олсак, масаланинг долзарблиги янада чуқурлашади.

Битирувчилар ногиронлар жамиятига мурожаат қиладиган бўлса, унитар корхона очишида кўмак бериляпти. Ташкилот ходимларининг 50 фоизидан кўпроғини ногиронлар ташкил этса, катта имтиёзларга эга бўлади.

Албатта, ногиронларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларга имкониятлар яратиб бериш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаш, ижтимоий адолат принципини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга.

 

Малика Қодирхонова, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими раиси, «Inter Stal» МЧЖ бош директори:

— Мен амалиётчи тадбиркор сифатида фикр билдирмоқчи эдим. Бугунги кунда норасмий бандликни камайтириш мақсадида хусусий тадбиркорлик субъектларига ягона ижтимоий тўлов ставкасини пасайтириш масаласи ҳақида ўйлаб кўриш жуда долзарбдир. Шундай механизм яратиш керакки, ходимларнинг сони ошгани сайин ижтимоий тўлов миқдори пасайиб бориши керак. Акс ҳолда, тадбиркорлар ишчиларга норасмий пул тўлаб ишлатишдан манфаатдор бўлиб қолаверади...

Грант асосида Бўка, Бекобод, Чиноз, Қўйи Чирчик, Оққўрғон, Оҳангарон туманларидаги 36 касб-ҳунар коллежида амалий семинарлар ва маҳорат дарслари ўтдик. Ушбу жараёнда маълум бўлдики, битирувчиларнинг тадбиркорлик борасидаги билимлари, амалий машғулотлар сифати паст. Асбоб-ускуналар ва хомашёлар етарли эмас, баъзи бир касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник базаси талабга жавоб бермайди.

Коллеж битирувчиларида тадбиркорлик соҳасига қизиқиш жуда катта, уларнинг бизнес ғоялари ҳам турли-туман. Шу боисдан уларга хусусий бизнес тўғрисида кўпроқ маълумот берилса, ўз мустақил ишини йўлга қўйишни истаган ёшларимиз сафи тобора кўпайиб бораверади.

Касб-ҳунар коллежларининг дарс жадвалига «Тадбиркорлик асослари» бўйича кўпроқ дарс соатлари киритилса фойдали бўларди. Шунингдек, кредит учун юридик шахс кафиллиги бўйича банк талаб қиладиган ҳужжатлар ичида аудитор хулосаси ҳам бор. Агар юридик корхона касб-ҳунар коллежи битирувчисига кафил бўлса, аудитор хулосасини хусусий аудиторлик корхоналари эмас, (чунки бу жараён бир мунча мураккаб ва қиммат) балки банк ички аудиторлари бериши кўзда тутилса яхши бўлар эди.

Ўйлашимча, юқоридаги таклифлар бандликни таъминлаш имкониятларини оширишга, ишчиларни норасмий тарзда ёллаб ишлатиш амалиётини камайтиришга, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни самарали ҳал этишга хизмат қилади.

 

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Бир давра суҳбати доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ барча масалаларни тўлиқ қамраб олишнинг имкони йўқ, албатта. Таклиф, мулоҳазаларнинг айримлари баҳсли бўлиши ҳам мумкин. Аммо одамларни иш билан таъминлаш бўйича жойларда муаммолар борлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Бандлик масаласига энг муҳим вазифаларимизнинг энг муҳими, деб қаралмоғини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Президентимизнинг бандлик масаласидаги фармони ва қарори ижроси таъминланишидан энг аввало партиямиз электорати вакиллари манфаатдор бўлишини ҳисобга олсак, зиммамизда катта вазифалар турганини англаймиз. ЎзХДП вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари, партиямизнинг «Фаол аёллар» қаноти, «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари бу жараёнда ўз позицияси ва ташаббусларига эга бўлмоғи лозим. Улар ҳудудлардаги аҳволни ўрганиб, таҳлил этиб, таклифлар тайёрлаб, тегишли идораларга тақдим этиб боришлари анъанага айланмоғи керак.

 

Давра суҳбатини «Ўзбекистон овози» мухбирлари

Лазиза ШЕРОВА ва Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.