20.06.2017

МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ МУҲИТ МУСАФФОЛИГИ ЙЎЛИДА

Муқаддас китобимиз ҳисобланмиш Қуръони каримда «Хайрли, эзгу ишлар учун ҳамкорлик қилингиз», дея таъкидланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан куни кеча маънавий-маърифий ишлар мутасаддилари, барча манфаатдор идоралар раҳбарлари, зиё аҳли, жумладан, дин уламолари, биз, имом-хатиблар жалб этилган йиғилиш айнан юқорида келтирилган фикрга ҳамоҳангдир. Чунки ҳозир дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, халқаро қалтис вазият она Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида ҳар қачонгидан мустаҳкам ҳамжиҳатликни, қатъият билан ҳаракат қилишни тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур анжумандаги маърузасида юртимиз равнақи, мамлакат маъмурлиги, Ватан тараққиёти учун тинчлик, барқарорликни таъминлаш масаласи бугун энг долзарб вазифалардан эканлигига қатъий урғу берилди. Маърузада, жумладан, шундай де­йилди: «...ислоҳотларимизнинг барча-барчаси улуғ ва ягона бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, халқимизнинг тинчлиги, осо­йишталигини асраш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашдан иборат».

Афсуски, айрим ёшларимизнинг турли диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиб, ҳаётлари хазон бўлаётгани аччиқ ҳақиқат. Айрим ёшларимиз эса ҳалол ишлаб, пул топаман деб, хорижга чиқиб кетиб, у ерда бузғунчи кучлар домига илиниб, ёвуз ишлар билан шуғулланаётганидан хабар топаяпмиз. Бундай ҳолатларнинг ҳар бирига катта фожиа сифатида қарамоғимиз зарур. Бефарқ бўлишга мутлақо ҳаққимиз йўқ.

Анжуманда таъкидланганидек, жамиятимизда бундай иллатлар пайдо бўлмаслигига, айниқса, биз, имом-домлалар масъулдирмиз. Аслида биз ҳаммамиз Ўзбекистоннинг фарзандларимиз, юрт тинчлиги, осойишталиги, халқимиз ҳаёти фаровонлиги учун ҳар биримиз бурч­лимиз. Йўлдан адашган бола кимнингдир фарзанди, кимнингдир акаси, укасидир. Аммо у бизнинг юртдошимиз, демак, у бизга бегона эмас. Улар тақдири ҳақида қайғуришимиз, имонини йўқотмаган, чин юракдан тавба-тазарру қилганларни тўғри йўлга солишимиз лозим.

Ўзбекистонимиз — буюк алломалар юрти, кўплаб азизу авлиёлар туғилиб, вояга етган замин, улуғ мутафаккирларни дунёга инъом этган муқаддас маскан. Шу боис ҳам экстремистик гуруҳларга айрим ёшлар, юртдошларимизнинг қўшилиб қолиши биз учун уятли ва чидаб бўлмайдиган аянчли ҳолатдир.

Демак, ёшларимизга ҳақиқий ислом дини ғоялари қандай эзгу мақсадлардан иборатлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтиришимиз муҳим аҳамиятга эга. Диний экстремистик оқимлар, чаласавод шахслар тиқиштираётган ғоялар сохталиги, ислом динига мутлақо алоқаси йўқлиги, дину диёнатимиз, элу юртимиз манфаатларига мутлақо зид эканини англатишимиз зарур. Энг муҳими, уларни соф ислом дини, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келаётган покиза динимиз асослари билан таништиришимиз керак бўлади. Бунинг учун бизда кўп минг йиллик асослар, бебаҳо маънавий мерос мавжуд. Ушбу таълимотлардан унумли фойдаланиш шу юрт фуқароси бўлган ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Тўғрисини айтай, ушбу йиғилишдан мен ўзимга кўп хулосалар чиқариб олдим. Бош­қа иштирокчилар ҳам жамиятда ўз ўрни ва вазифаси нимадан иборат бўлишини аниқ белгилаб олди, деб ўйлайман. Агарда барчамиз бир ғоя атрофида бирлашсак, бир жону бир тан бўлиб, шу азиз ва суюкли Ўзбекистонимиз равнақи учун камарбаста бўлсак, зиммамиздаги вазифани виждонан ҳамда сидқидилдан адо этсак, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Бошқача айтганда, агар ҳар биримиз ўз ички оламимиз, руҳиятимизни эзгу амаллар, покиза ниятлар билан мунтазам бойитиб борсаккина, юртимизда соғлом маънавий-маърифий муҳит шаклланади, ижтимоий барқарорлик таъминланади, муқаддас динимиз софлигини ҳимоя қилган бўламиз.

Зотан, барчамизнинг эзгу тилагимиз битта: Яратган Мустақил Ўзбекистонимизни турли бало-қазолардан асрасин! Муҳтарам Президентимизнинг олиб бораётган эзгу ишларига мададкор бўлсин! Юртимизни, дунёмизни тинч қилсин!

 

Ҳабибулла қори АБДУРАЗОҚОВ,

Тошкент шаҳар «Ҳазрати Имом» жоме масжиди имом ноиби.



DB query error.
Please try later.