20.06.2017

ИЖТИМОИЙ МУАММОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ САМАРАЛИ ЙЎЛИ

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши Сирдарё туманида «Халқ билан мулоқот — ижтимоий муам­моларни ҳал этишнинг самарали йўли» лойиҳаси доирасида тадбир ўтказди. Дастлаб «Илғор», «Адолат» маҳаллаларида яшовчи 5 оилага ташриф уюштирилди. Депутатлар, партия фаоллари, ташкилот ва муассасалар вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари «Илғор» маҳалласида ёлғиз яшовчи 82 ёшли Рипиза Абдураззоқова хонадонида бўлиб, дилдан суҳбатлашишди.

Хонадон бекаси кутилмаган дийдорлашувдан жуда таъсирланди, дуога қўл очди. Кўп йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилгани, давлатимиз томонидан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликлардан миннатдор эканини айтди. Халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари Шерали Бўронов, Тўлқин Ғофуров онахоннинг мурожаатига асосан у истиқомат қилаётган хонадоннинг кадастр ҳужжатларини тайёрлашда ёрдам кўрсатди.

 «Адолат» маҳалласида яшовчи Турдигул Дўстматованинг хонадонига туман тиббиёт бирлашмаси шифокори ҳам биз билан бирга борди.

Турдигул Дўстматова нон ёпиб, маҳаллага хизмат қилади. Партиямиздан сайланган депутат Тоштемир Қаюмов маҳалладаги ичимлик суви таъминотини яхшилашда ёрдам берганини айтиб, миннатдорлик билдирди.

Шу куни «Наврўз» маҳалласида аҳоли вакиллари билан депутатлар учрашуви бўлиб ўтди. Депутатлар — Хосият Абидова, Абдураҳмон Умрзоқов, Зебо Нажмуллаева, Олимжон Абдуллаев электорат вакиллари мурожаатларини қабул қилди.

 

Мурод ҲАЙИТОВ,

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.