20.06.2017

БЕШ ВА УНДАН ОРТИҚ ИШ ЖОЙИ ЯРАТГАН ТАДБИРКОР

йиллик 6 фоиз миқдорида устама тўлайди

«Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган мат­буот анжумани ўтказилди.

— Бугунги кунда аҳолининг ишончини қозониш, уларнинг тадбиркорлик борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» кичик бизнес субъектларини кредитлаш бошқармаси бошлиғи Нурбек Ҳусанов. — Ўтган вақт давомида банкимиз томонидан тадбиркорлар ва аҳолига 753 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Натижада 29 минг 861 янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, қатор туманларда чорвачилик, паррандачилик ва лимончиликни ривожлантириш, ҳудудларда енгил саноат ва фармацевтика соҳасида янги корхоналар ташкил этиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт лойи­ҳаларини молиялаштиришга имтиёзли кредитлар берилмоқда.

Банк ходимлари ҳозирги вақтга қадар 496 минг хонадонга бирма-бир кириб, уларнинг имкониятини ўрганди. Натижада тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ва кредит маблағига эҳтиёжи бўлган 24 минг 283 хонадонга 175 миллиард сўмлик имтиёзли микрокредитлар ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 27 минг 868 янги иш ўрни яратилди.

Тадбирда меҳнат бозорига янги кириб келаётган ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган шахслар, меҳнат органларида рўйхатга олинган ишсиз фуқаролар учун янги иш жойлари ташкил этилишини таъминлайдиган оилавий ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида микрокредитлашнинг янги схемаси жорий этилгани ҳақида ахборот берилди.

Унга мувофиқ имтиёзли микрокредитлар энг кам иш ҳақи миқдорининг 200 баробаригача, асосий қарзни тўлашга 6 ой муддатли имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, 3 йилгача муддатга берилади. Хусусан, тадбиркор битта иш ўрни яратса, 9 фоиз, иккита иш ўрни яратилганда 8 фоиз, учтадан тўрттагача иш ўрнига 7 фоиз, беш ва ундан ортиқ иш жойи яратилганда эса 6 фоиз миқдорида йиллик устама тўлайди.

Матбуот анжуманида журналист­ларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.