20.06.2017

ЁЗ КУНЛАРИДА ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ

соғлиқ учун кони фойда

Ёз фасли кириб келиши билан юртимизда пишиқчилик бошланади. Турли хил ҳўл мевалар, қовун ва тарвуз ҳамда сабзавотларнинг ғарқ пишган пайти. Бу каби маҳсулотларни барчаси тўғри, яъни тартиб қоидаларга риоя қилинган ҳолда истеъмол қилинса, одам организмига кони фойда ҳисобланади. Тошкент тиббиёт академияси овқатланиш гигиенаси кафедраси, профессори Гули Шайхова бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди.

— Ёз кунлари ҳўл мевалар, хом ҳолатдаги сабзавот ва улардан тайёрланган салатлар энг керакли неъматлар ҳисобланади. Бу маҳсулотларнинг кўпчилиги чанқоқни қондиради ҳамда организмни керакли минераллар ва витаминлар билан озиқлантиради. Лекин уларнинг калорияси кам ва кун давомида кетган қувватнинг ўрнини боса олмайди.

Шунинг учун гўшт маҳсулотлари ва унинг ўрнини босувчи маҳсулотлар кунлик таомномага киритилиши керак. Лекин, қовурилган ва ёғли маҳсулотларнинг ҳазм бўлиши анча қийинчилик туғдиради. Шу боис, ёзнинг иссиқ кунларида кўпроқ мошхўрда, мастава, қайнатилган шўрва (ёғсиз), манпар ва шунга ўхшаш енгил ҳазм бўладиган гўштли овқатлар тавсия қилинади.

Иссиқ бўлишига қарамай кабоб (шашлик)дан ҳеч ким воз кечмаса керак. Бундай ҳолатда кабобни сабзавотдан қилинган салатлар билан истеъмол қилиш ва сиркани кам ишлатиш лозим.

Ёз фаслида овқатланиш тартибини озгина ўзгартириш зарур. Одатда эрталабки нонушта кунлик овқат миқдорининг 25 фоизини ташкил этади. Демак, куннинг узоқлигини эътиборга олган ҳолда уни яна 10 фоизга кўпайтириш лозим. Нонуштада сутли маҳсулотлар, творог, қаймоқ, сутли чой, сувда пиширилган гўшт, парранда гўшти, тухум, ёнғоқ ва шунга ўхшаган маҳсулотлар бўлиши керак. Тушлик эса мошхўрда, мастава, манпар, котлет, парранда гўштидан қилинган таомлар (сувда ёки буғда тайёрланган) дан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Хом ҳолатдаги сабзавот ва мевалар, улардан тайёрланган салатлар, бодринг, помидор, пиёз, кўк пиёз, кашнич, укроплар дас­турхонда доимий бўлиши лозим. Ҳўл мевалардан тайёрланган шарбатлар иссиқ кунларда айни муддао.

Шўр балиқ, дудланган гўшт, қази ҳамда кўп тузли маҳсулотларни ёз кунлари истеъмол қилиш тавсия этилмайди, чунки бу маҳсулотлар тез чанқатади.

Кечки овқат эртароқ ейилса, фойдадан холи бўлмайди, албатта. Таом енгил ҳазм бўладиган бўлиши керак. Соат кечки 20.00 дан кейин қатиқ, кефир, олма ва шунга ўхшаш углеводларга бой бўлмаган ҳўл мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Чанқоқни босадиган, организмни керакли микроэлемент ва витаминлар билан бойитадиган овқатлар кони фойдадир. Бундай таомлар сирасига окрошка, борш, сабзавотлардан қилинган шўрва ва бош­қа енгил гўштли, тухумли маҳсулотларни киритиш мумкин. Севимли маҳсулотларимиз — қовун ва тарвузни тушлик вақтида истеъмол қилган маъқул. Чунки улар углеводларга бой, қувват беради. Яна шундай маҳсулотлар борки, улар чанқоқни босади. Буларга бодринг (99 фоизи сув), қовун, тарвуз, қулупнай, апельсин киради.

Ёзнинг иссиқ кунлари кўпроқ сув ичган маъқул. Қайнатиб, совутилган сув 18-24 даражада илиқликда бўлиши керак. Сувни ҳар соатда 200 мл ичиш тавсия этилади. Қора чой, кўк чой, ўтли чойлар ҳам жуда фойдали, улар орқали организм минерал моддалар ва витаминлар билан тўйинади. Бир кунлик сувнинг меъёри 3 литргача бўлиши лозим. Албатта бу меъёр соғлом инсонлар учун. Юрак қон-томир касаллиги, буйрак хасталиги бор инсонларга сувни кўп ичиш тавсия этилмайди.

Қисқаси, ёзнинг иссиқ кунларида соғлом ва тетик юришнинг муҳим шартларидан бири тўғри овқатланиш, кўпроқ сув ичиш ҳамда гигиена қоидаларига риоя қилишдадир.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.