20.06.2017

ФАОЛ ЁШЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

Ҳаётга изчиллик билан тадбиқ этилаётган Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар замирида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоядан ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш, арзон уй-жойлар барпо этиш, таълим, илм-фан ва турли соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларда ёшларнинг порлоқ келажаги асосий мақсад қилиб олинган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг ёшлар қаноти ҳам давлатимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ижтимоий-сиёсий жараёнларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсадида самарали тадбирлар ва лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Улардан бири «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловидир.

Фарғона вилоятида «Ёш сиёсатчи — 2017» кўрик-танловида иштирок этиш истагини билдирган ёшлар сони 2200 нафардан ошди. Шундан 19 нафари шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлиб, танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Улар орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, давлат стипендиантлари ва кўплаб нуфузли мусобақалар ғолибларининг борлиги танлов нуфузи йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Иштирокчилар дастлабки «Билимдон сиё­сатчи» шартида Конституциямиз, сиёсий партиялар, парламент, сайловлар, ёшлар масалаларига оид қонунлар, Оила, Меҳнат кодекслари, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастури юзасидан тузилган саволларга атрофлича жавоб беришди.

Нотиқлик санъати шартида эса турли хил мавзуларни ўзларининг ижтимоий-сиёсий билим салоҳияти орқали очиб бериб, маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Партиянинг фаол ёшлари фикрича, ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мамлакатни янада тараққий эттиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугунги кунда партиялар олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашишдир.

Танлов ёшларни ватанпарварлик, истиқлол ғоялари, миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда, уларни бирлаштирмоқда.

Танлов дастурида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастури ва Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган ғоялар мужассам бўлиб, уларда ёшлар масалаларига, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга катта эътибор қаратилган.

Лойиҳалар тақдимотида иштирокчилар ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларни таҳлил қилган ҳолда, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз таклифларини билдиришди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, 3-ўринни Қувасой саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Сойибжон Ҳакимов, 2-ўринни Риштон туманидан Исмоилжон Абдухолиқов эгаллади. Энг юқори балл тўплаб, ғолибликни қўлга киритган Фарғона давлат университети талабаси Мухлиса Орифжонова танловнинг республика бос­қичига йўлланмани қўлга киритди.

Ғолиблар эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.