Термизда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти шаҳар ва туманлар кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси — хизмат автомашиналарини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари нуфузини юксалтириш, ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар жойларда тинчлик-осойишталик ва аҳолининг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
— Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллик байрами арафасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти шаҳар ва туманлар кенгашларига Президентимиз номидан хизмат автомашиналари совға қилингани соҳага қаратилаётган юксак эътибор ифодаси бўлди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдулҳаким Эшмуродов. — Вилоятда 717 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва халқ билан яқинлаштиришда шаҳар, туман кенгашларининг алоҳида ўрни бор.
Тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Термиз шаҳар ва 13 туман кенгашига Президент совғаси — хизмат автомашиналарининг калити топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Р.Комилов, О.Муродов, Қ.Қуронбоев, Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева ва Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.
Х.МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири.