17.06.2017

БИРИ-БИРИДАН ҚИЗИҚАРЛИ ЛОЙИҲАЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Биз партиямиз сафига кириб келаётган ёшларга ҳавас билан боқамиз. Қўлимиздан ишимизни олаётган, корхоналар, партия ташкилотларига етакчилик қилаётган, депутатликка сайланаётган навқирон ташкилотчиларни қўллаб-қўвватлаймиз. Оғиримизни енгил қилиш, келажак ва эзгу ишлар учун елка тутаётган шулар. Улар кўп, турли касб соҳиблари ёки шунга интилаётган авлод. Биз уларнинг турмуш тарзи, орзу-ўйларини билишимиз, мадад беришимиз лозим.

Мени ҳамиша масаланинг моҳияти ва ҳаёт жозибаси қизиқтириб келади. Олам-олам орзу билан жамиятга қўшилаётган ёшлардан бирининг ҳаёти билан танишиш истаги туғилди.

Излаб борганим — Феруза Аҳмедова улкан қурилиш ва ободончиликлар давом этаётган Шаҳрисабз шаҳри яқинидаги Хўжабоғ қишлоғида туғилиб ўсди. Миллий университетнинг журналистика факультетини битириб, бугун тумандаги «Кеш» газетасида масъул котиб вазифасини бажараяпти. Тинмай ўқиб, изланади.

— Феруза ёшлигидан кўп ­китоб ўқиб, дарсларини ҳеч ­қолдирмасди, — дейди онаси ­Ҳилола Содиқова. — Қиз бола — онанинг жони-дили. Феруза укаларини улғайтиришда менга кўп ёрдам берган.

— Онам маслаҳатгўйим, таянчим, — дейди жилмайиб Феруза. — Чунки ўқишимга хайрихоҳ бўлди. Отам — фермер хўжалиги раиси. Мен ҳаётимни касбим билан боғладим. Бугун юртимизда кечаётган улуғ ўзгаришларга ҳисса қўша олсам, ўзимни бахтли санайман. Анча режалар тузиб юрибман. Насиб этса, улар аста-секин амалга ошади. Бугун ҳаёт шунчалик жўшқин ва жозибалики, четда хотиржам туриш асло мумкин эмас...

 Эртаси куни Қарши шаҳридаги «Ёшлар маркази»га келганимда, биринчилардан бўлиб кўзим Феруза ва онасига тушди. Улар ҳаяжонда эканлиги кўриниб турарди. Бу ҳаяжон табиий эди. ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов буни изоҳлар экан, жорий йил мингга яқин ёшлар танловнинг бошланғич босқичларида иштирок этишгани, вилоят босқичига келганлар уларнинг пешқадамлари эканини айтди.

Яна вилоят партия ташкилоти етакчиси муносиб ўринбосарлар ва ёшлар орасидан етишиб чиқаётган ташкилотчиларга ­катта умид билдирди.

Бу сафар кимлар ишончни оқлайди, берилган баҳолар ҳақиқийми? Ошириб- тошираётганимиз йўқми?». Шулар ҳақида ўйлар эканман, «Ёш сиёсатчи — 2015» танлови республика ­бос­қичи иштирокчиси ­Нодира ­Умировага кўзим тушди. Икки олий ўқув юртини битирган Нодира компьютерларни дас­турлаш бўйича малакали мутахассис, инг­лиз ва рус тилларини аъло даражада эгаллаган, иқтисодиёт коллежида дарс беради. Партия­миз Муборак туманига анча йилдан буён бошчилик қилиб келаётган Алиме Парпиева яқинда етакчиликни Нодирага топшираман, аъзоларимиз ўртасида обрўси баланд, ўзим тарбияладим, дейди оҳиста. Хурсанд бў­ламан, Нодира катта ташкилотчи. Бугунги танловга у шогирдини олиб келибди.

Танловнинг яна бир республика босқичи иштирокчиси ­Азиза Қўзибоева коллежни аъло натижалар билан битирди. Ниҳоятда ташкилотчи, куйди-пишди бу қизимиз партия­миз вилоят кенгашида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири бўлиб ишлаяпти. Яна ўнлаб умидли ёшларни тилга олгим келади.

Танловнинг биринчи ва иккинчи шартлари бир кун олдин партия вилоят кенгашининг ахборот-ресурс марказида ўтказилганди. Унда ёшлар «Билимдон сиёсатчи», «Нотиқлик санъати» йўналишлари бўйича ўз билим ва тайёргарликларини намойиш қилишди. Ёш сиёсатчилар мамлакатимиз Конститутцияси, сиёсий партиялар, парламент сайловлари, ёшлар масалаларига оид қонунлар, Оила, Меҳнат кодекслари, Президент асарлари, ЎзХДП дастури ва бошқа мавзуларга оид саволларга жавоб беришди. Учинчи «Лойиҳа тақдимоти» шарти ҳам ниҳоятда қизиқарли, таассуротларга бой бўлди. Бу ҳақда ЎзХДП Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори мудири Умрбек ­Бектимиров шундай дейди:

— Қатнашчиларнинг зукколиги, қизиқиш доираси кенглиги, астойдил меҳнат қилишга шайлиги дилни қувонтиради. Шуниси эътиборлики, ёшлар мамлакатимизнинг яқин йиллардаги тараққиёт стратегияси, ислоҳотлар юзасидан кўп маълумотларга эга бўлиб қолмай, уларни амалга оширишга ҳисса қўшишни исташади. Партиямизнинг Сайловолди дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, кўплаб истиқболли лойиҳаларни тақдим этишмоқда. Ёшлар юксак натижаларга эришишлари учун барча имкониятлар яратиляпти. Энг муҳими, улар тақдирига бефарқ бўлмаслик.       

Бефарқ бўлмаслик!.. Бу гап менинг ҳам дилимда эди. Ёшлар атрофдаги воқеаларга бефарқ эмасликлари, билимлари пухталиги, айрим мураккаб масалаларни дадил ечишга уринаётганликларини исботлаб беришди. Шаҳрисабз туманидан Феруза Аҳмедова 2017-2021 йилларга мўл­жалланган Тараққиёт стратегиясидан келиб чиққан ҳолда кичик бизнесни йўлга қўйиш, ёшларнинг бўш вақтларини фойдали ўтказиш юзасидан яхши мулоҳазаларни баён этиб берди. Муборак туманидан ­Фаррух Кенжаев имконияти чекланган, ногирон бўлиб қолган ёшларни фаол ҳаётга йўналтириш, касбга ўқитиш юзасидан амалга оширса бўладиган режани ўртага ташлади. Бу кўпчиликка маъқул бўлди.

Деҳқонобод туманидан Ўрайхол Қўлдошева «Консой шифобахш суви ёнида сайёҳлар хизмати ташкил этиш» лойиҳасини шарҳлаб берди. У Консой қишлоғидаги хонадонларни миллий кашта, кўрпача, хонтахталар билан жиҳозлашни таклиф қилди. Уйнинг бир хонаси мутолаа учун ажратиларкан. Бу — қизиқарли ва истиқболли лойиҳа. Қарши шаҳридан Равшанбек Абдуллаевнинг ясси товонли оёқларни даволаш, атроф-муҳитни тоза тутиш ҳақидаги фикрлари юқори баҳо олди. Косон туманидан ­Гулнора Нусратованинг «Халқ­аро кутубхона ва кафе ташкил этиш» ло­йиҳаси ҳар жиҳатдан замон талабига мос.

— Китоб туманининг Қўрғонча қишлоғида туғилганман, иқтисодчиман, — дейди Бобуржон Ҳусниддинов. — Мен фойдаланилмаган захиралар ҳақида фикр юритмоқчиман. Масалан, туманимиз боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашиб бораяпти. Хусусан, 2500 гектардан ортиқ узумзор бор. Шундан 548 гектари лалми, қолгани суғориладиган ерда. Ҳисоблаб чиқилган: сувли ерларда 2 миллион 843 минг туп, лалми ерларда 730 минг 751 туп ток мавжуд. Уларнинг барглари исроф бўлмоқда. Ваҳоланки, ток барги — яхши даромад манбаи. Уни консервалаш, қиш даврида истеъмол қилиш, таом тайёрлашда қўллаш мумкин. Лойиҳамда кичик корхона ташкил этиб, ток баргини консервалаш масаласи қўйилган...

Бобуржон ток барги консерва банкасини ҳакамлар столига олиб бориб қўйди. Барча тўлқинланиб кетди.

Зукко қатнашчиларнинг барчаси танлов йўналиши бўйича тақдирланишди. Қарши шаҳридаги қурилиш коллежи ўқувчиси Равшанбек Абдуллаев танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди, ғолиб бўлди.

 

Юнус УЗОҚОВ

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.