17.06.2017

САВОЛ ВА ЖАВОБ

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда Соғлиқни ­сақлаш вазирлиги зиммасига бир қатор қўшимча вазифалар қўйилгани ҳақида ўқиб қолдим. Бу борадаги янгиликлар асосан нималардан иборат?

Фарангиз ҲАСАНОВА,

Тошкент тиббиёт академияси талабаси.

 

Аваз ЎРИНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг 2017 йил 12 июндаги қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янгиланган вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари белгилаб берилди.

Унга кўра, вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолига тўлиқ ва ўз вақтида тиббий хизматларни, давлат томонидан кафолатланган ҳажм­да кўрсатиш, тизимдаги идора ва ташкилотлар раҳбарларининг роли ва масъулиятини кўтаришга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритади.

Жамоат соғлиғини сақлаш устуворлигини таъминлаш, аҳолини соғлом турмуш кечиришга кенг тарғиб қилиш, тиббий маданият ва саводхонликни, биринчи навбатда, ўз соғлиғи ва атрофдагилар саломатлиги учун масъулият ҳиссини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Шунингдек, вазирлик миллат генофондини яхшилаш мақсадида соғлом авлоднинг дунёга келиши ва уларни тарбиялаш учун қулай шароитларни барпо этиш, оилаларда тиббий маданиятни ошириш, умр кўриш сифати ва давомийлигини кўтариш, соғлиқни сақлаш соҳаси ва аҳоли санитар-эпидемиологик фаровонлигига қаратилган давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқади.

Бундан ташқари, қишлоқ фуқароларига тиббий ёрдам кўрсатиш ҳажмини ошириш, туманлар даражасида кўп учрайдиган касалликлар бўйича ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатади.

Ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни даволаш, тизимли соғломлаштириш, профилактик тадбирларни кенгайтириш, тиббий-ижтимоий ёрдам сифати ва даражасини ошириш билан боғлиқ вазифалар ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.

 

 

Мамлакатимизда «электрон меҳнат дафтари» тизими жорий этилаётган экан. Шу ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз?

Раъно ТОЖАЛИЕВА,

Жалақудуқ енгил саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси.

 

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

Президентимизнинг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида аҳолини иш билан таъминлаш масаласида қатор янги механизмларни жорий қилиш режалаштирилди.

Шулардан бири ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг «электрон меҳнат дафтари» тизимини жорий этишдан иборат. Унга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга қабул қилинган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилиши тўхтатилади. Меҳнат дафтарчаларидаги ёзувларни солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) ва фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тўлови бўйича индивидуал рақами (ПТИР) асосида, ходимнинг иш жойи ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўловлар амалга оширилган даври бўйича ҳисобга олиш билан босқичма-босқич алмаштириб борилади.

Бу тартиб иш ўринлари, солиқ ва бошқа ижтимоий тўловлар ҳақидаги маълумотларнинг ишонч­лилигини оширишга, ишчи-ходимларга қулайлик яратишга, замонавий технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.