15.06.2017

РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИК

оила мустаҳкамлигига хизмат қилади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларида репродуктив саломатлик тушунчасига қу­йидагича таъриф берилади: Аёлларнинг ҳомиладор бўлиши ва фарзанд кўриши, эр-хотин ўртасидаги соғ­лом муносабат, ҳомиладорлик ва туғиш хавфсизлиги, боланинг яшаб кетиши, онанинг саломатлиги...

Бир сўз билан айтганда, репродуктив саломатлик инсоннинг, оиланинг, жамиятнинг умумий саломатлиги белгиси, кўрсаткичидир.

Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, соғ­лом оилада соғлом бола туғилади. Аёл саломатлигининг ёмонлиги нафақат ўзининг имкониятлари ва репродуктив потенциалига, балки, унинг фарзандига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Демак, аёл саломатлиги жуда катта ижтимоий масала ҳи­со­б­ланади. Бундан кўз юмиш ёки эътиборсизлик қилиш нохуш ҳолатларни келтириб чиқаради. Она ва бола саломатлигини сақлаш йўлида ташланган ҳар бир қадам, сарфланган маблағлар бу келажак авлодларни соғ­лом, баркамол бўлишига йўналтириладиган инвес­тициядир.

Репродуктив саломатликни ташкил қиладиган аспектларга қуйидагилар киради. Репродуктив саломатликни болалик ва ўсмирлик даврларида сақлаш, эр-хотиннинг бир-бирига соғлом муносабатда бўлиши, туғилишни бош­қаришнинг самарали усулларининг имконияти ва мақбуллиги, ҳомиладорлик соғлом кечиши ва бола туғилиши, репродуктив тезис касалликлари профилактикаси ва даволаш ҳамда климактерик ҳолатларни меъёрда кечиши кабилардир.

Бу талаблар қуйидаги мезонларда ҳам ўз ифодасини топган: кутилган ва соғлом бола туғиш; аёл ва эркакнинг жисмоний ва психик саломатлигини сақлаш; болалар ва оналар ўлимини камайтириш; она-бола муносабатларини яхшилаш; оилада эр-хотин ўртасида уйғунликка эришиш шулар жумласидандир.

Бир қатор мамлакатларда ногирон болаларни даволашга сарфланадиган маблағ аксинча, соғлом фарзандларни дунёга келтириш муаммоларини ҳал этишга харажат қилинади. Шунингдек, абортлар сонини камайтириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини доимий назорат қилиш, бу борадаги жаҳон тажрибасини ўрганиш ниҳоятда муҳим ва зарур эканлигини бугун даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Она ва бола тақдирига ғамхўрлик қилувчи ҳар бир шахс — ушбу йўналишда амалиётга жорий қилинаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиши ва уларнинг моҳиятини тушуниб етиши лозим.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 18 ёшгача бўлган ва 35 ёшдан ке­йинги ҳомиладорлик она ва бола саломатлигига бўлган хавф­ни оширади.

Она ва бола соғлиғини асраш учун туғуруқлар ораси 2 йилдан кам бўлмаслиги зарур. Афсус билан айтиш керакки, ҳар йили ер юзида тахминан 530 минг аёл ҳомиладорлик ва туғиш даврида ҳаётдан кўз юмади. 16 миллионга яқин аёлда ногирон гўдак туғилишига сабаб бўлувчи жиддий муаммолар содир бўлади.

Мамлакатимизда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар тиббиёт соҳасига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўр­сат­моқда. Соғ­лиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар бунинг яққол далилидир. Аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган, соғлом турмуш тарзини тар­ғиб этувчи лойи­ҳаларнинг амалга оширилиши халқимиз тиббий маданиятини янада ўстиради ҳамда соғ­лиғи ва келажаги учун биринчи навбатда ўзи қай­ғуриши кераклигини анг­латади.

Фарзандининг соғлом бўлиши ва баркамол ўсиши ҳар бир ота-онага беҳад шодлик ва қувонч бағишлайди. Туғилган фарзандда наслий касаллик ёки туғма нуқсоннинг борлигини билиш уларга чексиз қайғу ва ташвиш келтиради. Бундай ҳолатларда хасталикларнинг олди ўз вақтида олинмаса, бола ногирон бўлиб туғилиши мумкин. Оқи­батда бу ҳолат ота-она, оила ва қариндош-уруғлар ўртасидаги ришталарни узилишига олиб келиши мумкин.

Албатта, барча касалликлар каби наслий касалликларнинг ҳам олдини олса бўлади. Кўп ҳолатларда никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўзлари ўтмасдан сохта маълумотнома олишга ҳаракат қилади. Оқибатда бундай ёш­ларда тўйдан кейин у ёки бу касалликлар аниқланиб, пушаймон, бўлиб қолмоқдалар. Оила деб аталмиш муқаддас тушунчага дарз кетмоқда. Шунинг учун ҳам ёшларимиз соғ­лом фарзанд кўриб, бахтли оила бўлиб яшашни истаса, албатта, тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.

 

Шаҳноза РОЗИҚОВА,

Нуробод тумани ФХДЁ бўлими мудири.



DB query error.
Please try later.