15.06.2017

ҒИЖДУВОН: ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНА

янги иш ўринлари очилиши, бандлик муаммоси ечими ва вилоят иқтисодиёти юксалишига хизмат қилади

Газетамизнинг ўтган сонларида «Ургут» ҳамда «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари истиқболига бағишланган мақолалар эълон қилинган эди. Бугун эса «Ғиждувон» ЭИЗда имкониятлари, белгиланган режалар ҳақида тўхталамиз.

Эркин иқтисодий зона барпо этилиши, аввало, Ғиждувоннинг ёрқин келажагини белгилаб берди. Бу эзгу мақсад ҳудуддаги ресурслардан самарали фойдаланиш, саноат ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, замонавий, барқарор иш ўринлари барпо этиш, энг муҳими, аҳоли ҳаётини фаровонлаштиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

­— Ғиждувон ўзининг лафзи пок, тадбиркор, уддабурон, меҳнатсевар одамлари билан азал-азалдан ном қозониб келган, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП аъзоси, маш­ҳур зардўз Муяссар Темирова. — Айниқса, бу ерда зардўзлик касби жуда ривож топган. Умуман, зардўзлик уйда ўтирган хотин-қизлар, аёллар учун жуда ҳам қулай касб саналади. Авваламбор, улар иш билан таъминланади, рўзғорини тебратади, шунингдек, бир вақтнинг ўзида уйида фарзанд тарбияси билан ҳам шуғулланиш имкониятига эга бўлади.

Бу ҳудудда ЭИЗнинг ташкил этилиши натижасида эндиликда халқ­аро миқёсда ҳам зардўзлар маҳсулотларига кўплаб харидорлар топилишига ишончим комил. Энг муҳими, янги иш ўринлари яратилади. Вақтинча ишсиз юрган ёшлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд­лиги таъминланади. Демак, эркин иқтисодий зонанинг ташкил этилишидан, аввало, партиямиз электорати манфаатдор бўлади. Шу боис, партиямиз фаоллари, депутатларимиз фармон ижросини таъминлашда фаол иштирок этиши лозим.

Дарҳақиқат, ЭИЗ ҳудудида 3 фарм­саноат, 3 қурилиш, 3 енгил саноат ва пойабзал, 1 кимёсаноат, 2 электротехника маҳсулотлари, 3 мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган корхоналар бунёд этилади ҳамда 1300 дан ортиқ янги иш ўрни очилади.

Бухоро давлат университети доценти, иқтисод фанлари номзоди Ҳалим Ҳамроев шундай дейди:

— Эркин иқтисодий зона деганда, хорижий инвесторларнинг ўша ҳудудга эркин кириб келиши, хорижий технологияларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхоналарининг барпо этилиши, божхона муносабатларида эркинлик, солиқ соҳасида имтиёзларга эга бўлган хўжалик юритувчи субъект­лар мажмуи тушунилади. Уларда асосан замонавий халқ­аро андозаларга жавоб берадиган, асосий қисми экспорт қилишга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

ЭИЗ категориясининг энг кенг тарқалган ва тан олинган таърифи Киото конвенциясида 1973 йилда берилган эди: «Эркин иқтисодий зона мамлакат ҳудудининг бир қисми бўлиб, унга келтирилган товарлар божхона чегарасидан таш­қарида, деб ҳисобланади. Демакки, улар одатдаги божхона назоратига, солиққа тортилмайди».

Айнан Ғиждувонда эркин иқтисодий зона ташкил қилинишининг боиси туманда кўпгина маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун хомашё базаси мавжуд. Мева-сабзавот ва бош­қа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилади, уларни чуқур қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш каби технологик жараёнларни жорий қилиш, маҳаллий хомашё ҳисобидан қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш имкониятлари кенг. Қолаверса, маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш учун имкониятлар катта.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланади. Республикамизнинг экспорт салоҳияти ошади ва валюта тушуми кўпаяди. Ушбу валюта эвазига тадбиркорларда хориждан илғор технологияларни келтириш имконияти пайдо бўлади.

— Янги эркин иқтисодий зоналар ташкил қилишдан асосий мақсад ҳудудларда минерал-хом­ашё ресурслари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий корхоналар яратиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этишга қулай шароитларни юзага келтиришдир, — дейди Иқтисодиёт вазирли­гининг масъул ходими Ўткир ­Ҳамроев. — Бундан ташқари, хал­қаро меҳнат тақсимотининг чуқурлашувига, чет эл сармояси жалб қилинишига, янги иш жойлари ҳамда замонавий мутахассисликлар ташкил этилишига, импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ҳажмининг ошишига асос бўлади. Шу билан бирга, маҳаллий хомашёлар асосида экспорт­боп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти кенгаяди.

Умар Рашидов, тарих фанлари номзоди, доцент:

— Ғиждувонга кўплаб сайёҳлар, эл эътиборидаги олимлар, шоир ва ёзувчилар келишган. Мустақиллик йилларида бу анъана янада кучайди. Ғиждувон айни чоғда халқимизнинг узоқ ўтмишидан ҳикоя қилувчи тарихий обидалари, меъморчилик ёдгорликлари, ўзига хос қадим анъаналари билан кишини ҳайратга солади.

Ғиждувон муҳим транспорт йўли ёқасида жой­лашган. Шаҳар 10 дан зиёд тарихий-меъморий обидалари, жумладан, Абдулхолиқ Ғиждувоний масжиди ва мақбараси (ХII аср), Улуғбек мадрасаси (1432 — 1433), Тошмасжид ва Деҳқонобод хонақоси (XV — XVI асрлар), Хожа Сок­таре масжиди (VII аср), Чорсу масжиди билан ҳам машҳурдир.

Бу ерда эркин иқтисодий зонанинг ташкил этилиши бутун дунё сайёҳлари, ишбилармону олимлар эътиборининг Ғиждувонга жалб этилиши, демакдир. Шунинг учун ҳам Президентимиз тегишли фармони ғиждувонликлар томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Одамларимиз ушбу фармон ортида ёрқин келажакни, тўкин ҳаётни ҳис этишмоқда.

— Ғиждувон эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши туман иқтисодиётида, айниқса, озиқ-ов­қат, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик ва автомобилсозлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида самарали меҳнат қилаётган тадбиркорларни жуда мамнун этди, — дейди «Бухоро Файз Текс­тиль» масъулияти чекланган жамият раҳбари Мус­тақим Тўхтаев. — Бундай қулай имкониятдан унумли фойдаланиш мақсадида қиймати 12 миллион долларга тенг ип-калава ҳамда ип-газлама ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни ният қилиб, «Ғиждувон» ЭИЗ маъмуриятига мурожаат қилдим. Шу асосда менга 2,4 гектар ер майдони ажратилди. Лойиҳа қувватига кўра, биринчи босқичда бир йилда 2000 тонна ип-калава ишлаб чиқарилса, иккинчи босқичда 8,0 миллион кв.метр ип-газлама ишлаб чиқариш имконияти туғилади. Ушбу лойиҳа асосида 180 янги иш ўрни барпо этилади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ғиждувон эркин иқтисодий зонаси ҳудудда ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш, пировардида аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади.

Бу эса миллий иқтисодиётимизнинг барқарор тараққиётини, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.