15.06.2017

ҲАР БИР ЛОЙИҲА ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Шу йилнинг 17 май куни Президентимиз Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, бандликни таъминлаш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди. Орадан қарийб бир ой вақт ўтди. Хўш, белгилаб берилган вазифалар қай даражада ҳаётга татбиқ этилмоқда? Вилоятдаги ўзгаришлар, ҳаётий лойиҳалар ҳақида Ўзбекистон Халқ демократик партияси етакчилари ва депутатларининг фикрлари қандай?

— Президентимиз Сирдарё вилоятига ташрифи давомида барча соҳаларни ривожлантириш, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш масаласига катта эътибор берди, — дейди Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Акмал Турсунбоев. — Мирзаобод ва Сардоба ҳудудларида қуриб битказилган сув омбори билан танишди. Бу гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади. Бу эса вилоятдаги ерлардан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишда кўп тармоқли фермер хўжаликларининг такрорий экин экиб, қўшимча даромад топиши ва ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, учрашувларда сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция қурилиши, бу электр энергия таъминотини яхшилаш имконини бериши таъкидланди.

Бундан ташқари, Сардоба мева-собзавотлар логистика маркази ташкил қилиниши, мева-сабзавот етиштириш, саралаш, қадоқлаш, музлатиш, қуритиш ва етказиб бериш ишлари йўлга қўйилиши, шу ор­қали 220 нафар иш ўрни яратилиши ҳаётий аҳамиятга эгадир.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик жамиятига қарашли «Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси» унитар корхонаси томонидан балиқчилик, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ва омихта ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳалар билан ҳам танишилган эди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш кўплаб янги иш ўринлари яратилиши, фуқароларимиз, айниқса, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Президентимизнинг 2017 йил 30 мартдаги қарорига асосан Янгиер шаҳрида кичик саноат зонаси ташкил этилиши режалаштирилган. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳудуднинг саноат салоҳиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш, замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳисобланади. Шуни­нг­дек, хорижий инвестицияларни кенгроқ жалб этиш ҳамда ички ва таш­қи бозор учун рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қулай шарт-шароитлар яратишдир. Бунинг натижасида вилоятда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ривожланади, 3200 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Бир сўз билан айтганда, Президент ташрифидан сўнг вилоят аҳли кўнгли тоғдек кўтарилди, улар катта ўзгаришларга ишониб, меҳнат қиляпти. Бунга асос бор. Дарҳақиқат, ҳаётга татбиқ этиладиган ло­йиҳалар аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, тинч­лик-осо­йишталикни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш орқали кўплаб иш ўрни яратиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади.

— Вилоятимизда катта ўзгариш ва янгиланишлар даври бошланди. Очиғини айтишим керак, ҳаёт синовларини кўрган инсон сифатида бугун олдимизга қўйилаётган талаб ва вазифалар қанчалик муҳимлигини ҳис қиламан, — дейди халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Жумабой Отаханов. — Шу боис, халқимиз ислоҳотларни жипслик, ҳамжиҳатлик ва якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда.

Тўғри, инсон яшар экан, турмушда турли муаммолар, қи­йинчиликлар бўлади. Бу камчиликларни бирданига бартараф этиш осон эмас. Аммо ҳаракат қилинмаса, муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Энг асосийси, одамлар йўллар таъмирланаётгани, ичимлик суви таъминоти яхшиланаётгани, табиий газ босимини яхшилаш бўйича қилинаётган хайрли ишларни кўриб, билиб турибди. Шу нарса аҳолининг эртанги кунга ишончини оширади.

Айниқса, кам таъминланган оилаларга ажратиб берилаётган кредитлар — бу оилаларнинг жамиятда ҳеч кимдан кам бўлмасдан ўз ўрнини топиб олишига ёрдам эмасми? Шундай, албатта.

Вилоятимизда ҳудудларда юз бераётган энг катта ўзгариш, аввало, одамларнинг дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабатида намоён бўлаяпти, деб ўйлайман.

— Шаҳримиздаги «Намуна» маҳалласи фаоллари билан учрашувда маҳалла фуқаролар йиғинлари олдига қўйилаётган юксак вазифалар, жамоатчилик назоратини амалга оширишда уларнинг ўрнини кучайтириш, айниқса, кекса авлод вакилларининг тажрибаларидан самарали фойдаланиш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш борасида сўз юритилган эди, — дейди халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекис­тон ХДП гуруҳи аъзоси Норой Дўстмуродова. — Бугунги кунда учрашувда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, маҳалла фаоллари иштирокида турли таъсирчан учрашув ва мулоқотлар ўтказаяпмиз. Ёшларни турли диний оқимлар, «оммавий маданият»нинг зарарли таъсирларидан асраш борасида тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Кўпчиликни мамнун этаётган яна бир масала — бу Гулис­тон шаҳрида сизот сув сатхини пасайтириш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарга ўтиладиган автомобиль кўприги таъмирланмоқда. Тошкент кўчаси кенгайтирилиб, атрофида кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилмоқда. Ўзбекистон ва Мус­тақиллик кўчалари оралиғида маданий марказ барпо этилиши, Хотира майдони, замонавий амфитеатр ва вилоят теа­трининг янгиланган биноси, китоб дўкони қуриш ва бу ердаги маъмурий бинолар билан уй­ғунлаштириш кўзда тутилган.

Бугун вилоятда амалга оширилаётган барча ишлар, аввало, аҳолининг ижтимоий ҳимоясига, турмуши сифатини оширишга қаратилган. Шунинг учун ҳам бу ислоҳотлар одамлар муносиб ҳаёт кечириши, ҳеч кимдан кам бўлмаслиги учун қилинаётганини партия фаоллари, депутатлар аҳолига кўпроқ тушунтириши, улар ижросида фаол қатнашиши талаб этилади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.