15.06.2017

СУДЬЯЛАР ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фао­лияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу асосда 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Янги иш бошлаган Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг қарорига мувофиқ биринчи маротаба лавозимга тайинланган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, шаҳар ва туман судлари судьяларининг қасам­ёд қабул қилиш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов ва бошқалар мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш йўлида туб ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш мақсадида суд тузилмаси ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва та­йинлаш тизими такомиллаштирилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2017 йил 7 июндаги қарори билан илк бор беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган 15 судьянинг қасам­ёди эшитилди.

«Мен зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан!»

Халқимиз манфаатларига мос бўлган, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга замин яратувчи, адолатли ҳуқуқий давлатнинг зарурий шарти акс этган бу қасамёдни ҳар бир судья зиммасига юкланаётган юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда ҳаяжон билан қабул қилди.

— Давлатимиз байроғи остида тантанали равишда қасамёд қабул қилиш ҳаётимдаги энг унутилмас кун бўлди, — дейди Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Норин тумани судининг раиси Жасурбек Қурбонов. — Бу юксак шараф бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Иш фаолиятимизда қасамёдга содиқ ҳолда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда фақат адолат мезонига таянамиз.

— Ўғлимнинг судьялик қасамёдини эшитаётганимда ўзимни дунёдаги энг бахтли оналардан бири деб ҳис этдим, — дейди наманганлик Мушарраф Собирова. — Чунки фарзанд камолини кўриш, унинг халқ манфаати йўлида масъулиятли вазифага киришишига гувоҳ бўлишни ҳамма она орзу қилса керак. Мен фарзандим ўз қасамёдига содиқ қолишига, Ватанимиз равнақи, халқимиз манфаати йўлида фидойилик билан хизмат қилишига ишонаман.

Қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳнома ва «Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари» китоби топширилди.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.