15.06.2017

КАСАНАЧИЛАР ВА ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАР УЧУН

кенг имкониятлар яратилмоқда

Бу йил касаначи сифатида иш бошламоқчиман. Шу масалада қандай янгилик ва қулайликлар бор?

Ирода Йўлдошева, тикувчи (Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани).

 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Жорий йил 24 май куни касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Ундан кўзланган асосий мақсад касаначиликни янада ривожлантириш, замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилиш учун молиявий ресурслардан фойдаланишни кенгайтириш, шу ор­қали оила бюджетлари даромадларини кўпайтиришдан иборат.

Қарорга кўра, касаначиларга замонавий машина, асбоб-ускуналар, хом­ашё ва материалларни харид қилиш учун заёмлар ажратилади. Бунда сотиб олинаётган товарлар кафилликка олинади.

2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб касаначилар учун жисмоний шахсларга қўлланиладиган даромад солиғи қатъий 7,5 фоиз миқдорида белгиланади.

Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банк, Молия вазирлиги ва тижорат банкларининг Тошкент шаҳрида тижорат банклари томонидан «Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум» масъулияти чекланган жамиятини 50,0 миллиард сўмлик бошланғич устав капитали билан ташкил этиш белгиланди.

Консорциум замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилишга касаначи ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқишга буюртма берувчи корхоналарга заёмлар ажратади. Уй шароитида маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш учун маркетингни амалга ошириш ва буюртмачиларни топиш, касаначи ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи ташкилотлар ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатишни таъминлаш бўйича Тошкент шаҳрининг барча туманларида филиалларини ташкил этади.

Бундан ташқари, қарорда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига ҳам бир қатор вазифалар юклатилган. Шунга мувофиқ, улар касаначилар билан корхоналар ўртасида ўзаро иқтисодий ҳамкорлик борасидаги, шу жумладан, корхоналар буюртмаларини уй шароитларида бажариш истагини билдирувчи маҳаллалар аҳолисини аниқлаши керак. Аҳоли орасида касаначиликнинг афзалликларини тушунтириш бўйича жадал тарғибот ишлари олиб борилади.

 

 

Мамлакатимизда ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилганини эшитдим. Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз...

Фарҳод Мираҳмедов, тадбиркор (Тошкент вилояти, Қибрай тумани).

 

Асом ЗОҲИДОВ, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Президентимизнинг «Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида уюшма ташкил этиляпти.

Маҳаллий табиий иқлим шароитларига мослаштирилган ёнғоқнинг серҳосил замонавий плантацияларини яратиш, шунингдек, ёнғоқ етиштиришнинг илмий асосланган усулларини ва ресурсларни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш уюшманинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Шунингдек, уюшма республика ҳудудларида ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш чораларини кўриш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш мақсадида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Республика ҳудудларининг табиий иқлим шароитларига мос келишини инобатга олган ҳолда, ёнғоқнинг серҳосил ниҳолларини лаборатория шароитларида етиштиришни ташкил этиш, ишлаб чиқилган инновациявий технологияларни ёнғоқ етиштириш жараёнига жорий қилиш учун илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳам унинг вазифасига киради.

Уюшма, шунингдек, ёнғоқ кўчатларини парвариш қилишга жалб этиладиган агрономларни ёнғоқ плантацияларида агротехник тадбирларни тўғри ўтказиш бўйича ўқитиш учун махсус тайёрлов курсларини ҳам ташкил этади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.