15.06.2017

САРҲИСОБ ВА ГАЛДАГИ ВАЗИФАЛАР

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Парламент комиссияси раиси А.Саидов ва бошқалар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли кучайтирилиб, давлат бош­қаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаётир.

Йиғилишда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан 2016 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тингланиб, уларнинг кейинги фаолияти устувор вазифалари белгилаб олинди.

Фуқаролик жамияти шаклланиши ва ривожланишида фуқаролик институтлари, ННТ роли ва ўрнини кучайтириш, ОАВни демократлаштириш ва либераллаштириш, мамлакатни демократик янгилашда сиёсий партияларнинг, демократик ислоҳотлар жараёнида ёшлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш мақсадида марказ ва чекка ҳудудларда 4 минг 200 дан ортиқ тадбир ўтказилган. 2016 йилда институт мутахассислари 50 дан ортиқ қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига 2016 йилда 150 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилгани ҳақида маълумот берилди. Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли ва масъулиятини кучайтириш, соҳа ходимларининг замонавий билим ва касб маҳоратини оширишга доир фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан 2016 йилда 21 лойиҳа фаолияти мувофиқлаштирилди, — дейди ассоциация раиси Ф.Абдухолиқов. — Ушбу лойиҳалар ассоциацияга аъзо ҳудудий телерадиостанцияларга ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш, ОАВ фаолиятига оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва бу жараёнда нодавлат телерадиоузатувчилар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган. Нодавлат телерадиостанциялар эфир дастурларини ижтимоий, маданий-маърифий, мусиқий, киновидео медиа маҳсулотлар билан бойитиш, ассоциацияга аъзо нодавлат телерадиоузатувчилар ходимларининг профессионал маҳоратини ошириш ва уларни моддий рағбатлантириш, турли фестиваллар, кўрик-танловлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган.

 

Г.САТТОРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.