28.11.2017

РЕЗАВОРЛАР — ЯШИЛ КЎКАТЛАР

ёки тупроғида олтин гуллаётган замин

Бугун Ўзбекистонимизда етиштирилаётган ноз-неъматларни дунёнинг кўплаб давлатлари аҳолиси яхши билади. Сархил мева, узум, қовун-тарвузларнинг харидорлари беҳисоб. Энди Қашқа воҳаси тупроғида ўстирилган кўкатлар ҳам хорижга жўнатилмоқда.

Қарши шаҳрига эрта тонгда етиб бордик. Кейин Касби тумани йўлидан Миришкор сари бурилдик.

Араббой ака Хосиятов туман оқсоқолларидан бири. ЎзХДП фаоли, анча йил партия кенгашига раҳбарлик қилган. Хозир «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси. Иши кўп эканлигига қарамай, бизга ҳамроҳлик қилди. Томорқалардан яхши фойдаланаётган миришкорлар ҳузурига бошлади.

Миришкор маҳалласида яшаётган 69 ёшли Тўрақул бобо Нусратов 4 ўғил ва 4 қизни улғайтириб элга қўшган инсон. Тўрт ўғилнинг томорқалари ёнма-ён экан.

— Ўзим кенжа ўғлим билан бир ҳовлида тураман, — дейди Тўрақул бобо. — 16 сотих томорқамиз бор. Эртаги картошкадан 1 миллион, пиёздан 4 миллион сўм фойда олдик. Ўрнига саримсоқпиёз экиб, кўкартириб олганмиз. 8 бош соғин сигирдан ҳар куни соғиб олинган 70-80 литр сут қайта ишлаш учун тадбиркорларга топширяпмиз. Бошқа ўғилларнинг олаётган даромади ҳам чакки эмас.

 Бобо билан хайрлашгач, дала йўлидан катта майдонга етиб келдик. Ям-яшил майсалар денгиздай чай­қалади. Дала четидаги кўркам шийпон олдида бизни фермер Асқар ­Зарипов кутиб олди.

— Хўжалигимизни 2006 йилда ташкил этганмиз, — дейди Асқар. — Жами майдонимиз 50 гектар. Бу йил 40 гектар ғалланинг ҳосилдорлиги юқори бўлди. Режадагидан 38 тонна кўп, жами 148 тонна дон сотдик. Ке­йин 10 гектар ердаги пахта режасини 120 фоиз қилиб бажардик. Сўнг ўйланиб қолдим. Нега ерга бошқа экин экиш мумкин эмас? Сўраб-суриштириб, Сурхондарё вилоятида бир ­тажриба борлигини билиб олдим ва таваккал қилдим.

Асқар бизни Ражаббой Ёқубжонов билан таништирди. Асли термизлик бўлган Ражаббой анча йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланар, ўғли Бобиржон ёрдамчиси экан.

— Бизнинг вилоятда бўшаган ғалла майдонларидан иккинчи ҳосил олиш кўпдан одат тусига кирган, — дейди Ражаббой. — Асқаржон таклиф қилгач, шартнома тузиб, ерни ижарага олдик. Август ойида 10 гектар ғалладан бўшаган майдонга шивит уруғини ташладик, ниҳолларни парваришлаб, озиқлантириб бордик. Энди манави кўкатларни бемалол бозорга чиқарса бўлади.

— Шивит экиб ҳам бой бўлиш мумкин экан-да? — дейман қизиқишимни яширмасдан.

— Сурхондарёда ўн йилдан буён кўкатчилик билан шуғулланадиган деҳ­қонлар бор, — тушунтиради Ражаббой. — Уруғини ўзимиз етиштирамиз, ҳар килосини 80 минг сўмдан сотса бўлади. Асқаржон билан шериклигимиз бир мавсумда тугамайди. Шартномани узайтириб, 15 октябрь куни 14 гектар ерга шивит уруғини ташладик. Эрта баҳорда ҳосилини йиғиб, савдога чиқарамиз.

— Сир бўлмаса, сизлар етиштираётган резаворларнинг харидори кимлар?

— Шивитни уч марта ўриб оламиз, — дейди Ражаббой. — Анави «Мерседес» юк машинасини кўраяпсизми? Ичига музлатгич ўрнатилган. Тошкент­дан алоҳида муз бўлакларини олиб келганмиз. Картон қутиларнинг ҳар бирига ўртача 20 килодан дасталанган шивит боғламлари солиниб, матога ўралган муз бўлагини ҳам жойлаймиз. Бир ­машинага 15 тоннагача юк кетади. Маҳсулотни Россия, Украина, Белорусь каби давлатлардаги ҳамкорларимизга етказамиз. Йўл узоқ бўлса-да, маҳсулот яхши сақланиб боради. Ҳали бирор марта харидорларимиз сифат юзасидан эътироз билдиришгани йўқ.

Ҳа, барча ишлар пухта ўйланган. Фермер хўжалигининг номига алоҳида ҳисоб рақами очилган экан. Хориждан келадиган валюта тушумлари шунга ўтказилади. Фойда эвазига далада меҳнат қилганлар тақдирланади...

Дарвоқе, Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экс­портга жўнатиш борасида анча тажриба тўпланган. Мен яқинда «Аргументы и факты» газетасида Россияга энг кўп тарвузни ўзбекистонлик миришкорлар жўнатгани ҳақида ўқиб, фахрлангандим. Бу ўринда тарвуз етиштиришда катта тажриба тўпланган Чироқчи тумани деҳқонларининг хизмати катта. Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларида узум, олма, дуккакли маҳсулотлар четга чиқарилаяпти. Косон туманида қовун экиб, картон қутида экспортга чиқараётган тадбиркорлар анчагина.

Эндиликда улар сафига миришкорликлар ҳам қўшилди. Сирасини айтганда, туманда шивит етиштириш ва четга чиқариш тажрибасини ўрганса арзийди.

Бу йил туманда 1600 гектар ерга кечки экинлар экилди. Оралиқ экинлар экспортидан режадаги 159 минг доллар ўрнига 1 миллион долларга яқин даромад олинди. Келгуси йилда тўқсонбости экинларнинг ўзидан 11 минг тоннага яқин маҳсулот етиштириб, камида 3 минг тоннасини экспортга жўнатиш режалаштирилган.

Саҳро бағридаги туман далалари, томорқаларни айланиб, улуғ адибимиз Ойбекнинг «Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди...» деган сўзларини қайта-қайта дилимдан ўтказаман...

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.