13.06.2017

ХИЗМАТЛАР ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Давлат божхона қўмитаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

— 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида божхона органларига юклатилган вазифалар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда, — дейди Давлат божхона қўмитаси Ишлар бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Феруз Сафарбоев. — Шунингдек, божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратиш мақсадида bojxona.uz веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали ор­қали 22 турдаги электрон хизмат кўрсатиб келинмоқда. Сўнгги икки йилда божхона органларида расмийлаштирилган божхона юк декларацияларининг 99,9 фоизи элек­трон тарзда амалга оширилди.

Божхона органларига келиб тушаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, қонуний ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелидан интернет тармоғида Давлат божхона қўмитаси раисининг виртуал қабулхонаси (http://online.customs.uz манзилида) ишга туширилди.

Жорий йил бошидан буён Давлат божхона қўмитасига келиб тушган 995 мурожаатнинг барчаси белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Уларнинг 313 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали, 211 таси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган. Мурожаатларнинг асосий қисми божхона назорати ва расмийлаштирув масалалари, божхона тўловларидан озод қилиш ва имтиёзлар қўллаш ҳолатлари билан боғлиқдир.

Диний экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида давлат божхона хизмати органлари томонидан 60 ҳолатда 452 дона экстремистик ва ақидапарастлик руҳидаги рисолалар, 260 ҳолатда 7996 дона мафкуравий буз­ғунчиликка хизмат қиладиган аудио, видео маҳсулотлари ушлаб қолингани маълум қилинди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.