13.06.2017

МУЛОҚОТ — ИНСОН МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан бир гуруҳи Тошкент вилояти Оққўрғон туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ўрганиш якунлари Ўзбекистон Республикаси Қо­нунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, маҳаллий ҳокимият бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, фаоллар иштирокида ўтказилган халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинди.

Депутатлар 10 кун давомида тумандаги 900 дан зиёд хонадонда бўлиб, фуқаролар билан бевосита мулоқот қилди. Учрашувларда турли соҳа бўйича 967 масала кўтарилиб, уларнинг айримлари жойида ҳал этилди. Қолганлари бўйича маҳаллий идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатма берилди. Ижтимоий объектлар, жумладан, туман тиббиёт бирлашмаси, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан танишди.

— Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга керакли тавсиялар берилди, — дейди Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ш.Турсунбоев. — Депутатлар ва сенаторлар томонидан амалга оширилган тегишли чора-тадбирлар натижасида 224 муаммо ва масала кўриб чиқилиб, ижроси таъминланди. Биринчи навбатда, қишлоқлардаги ички йўллар ҳолатини яхшилаш, бандликни таъминлаш, ичимлик суви, газ ва электр таъминоти бўйича аҳоли норозилигига сабаб бўладиган ҳолатларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сессияда барча масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ чоралар, уларнинг ижрочилари, муддатлари белгиланди. Халқ депутатлари туман Кенгаши, доимий комиссиялар, партия депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

 

А.МУСАЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.