13.06.2017

ДЕПУТАТЛИК СЎРОВИГА МУНОСАБАТНИ ЎЗГАРТИРИШ ЗАРУР

Алишер ТОШМАТОВ, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

Депутатлик сўрови маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти устидан жамоат назоратини амалга оширишда, қонунларнинг ижросини таъминлашда, сайловчилар, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда катта аҳамиятга эга.

Шунинг учун халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари бу институт имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор бермоқда. Мутасадди идора ва ташкилотларга сўровлар юборилиб, уларнинг ижроси назоратга олинмоқда.

Айни пайтда халқ депутатлари Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига партиямиздан сайланган 129 нафар депутат иш олиб бормоқда. Айтиш керакки, улар партиямиз дас­турий мақсадлари ҳамда вазифаларини амалга оширишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида депутатларимиз томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 100 га яқин депутатлик сўрови юборилди. Муҳими, мурожаатларнинг аксариятига вақтида жавоб олинди ва электорат манфаатларига дахлдор катта-кичик муаммоларни ҳал этишга эришилди.

Халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгаши депутати Олимжон Абдуллаев «Турон» қишлоқ врачлик пунктини замонавий жиҳозлаш тўғрисида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилди ва масала ижобий ҳал қилинди.

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Сайдулла Аллаяров шу йилнинг биринчи чорагида Гулистон шаҳар «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 7-сонли мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш тўғрисида Гулистон шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудирига депутатлик сўрови юборди. Ушбу масалада Сирдарё вилояти халқ таълим бош­қармасига таклиф берилгани тўғрисида ёзма равишда жавоб олинди.

Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Мухторжон Тўйчиев жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 8 маротаба Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган ташкилот ва муассасаларга, хусусан, соғлиқни сақлаш, фуқаролик паспортини биометрик паспортига алмаштириш, ишга жойлаштириш ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан депутатлик сўровлари юборди. Уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

Албатта, ҳар бир масала ортида инсон манфаати туради. Демак, депутатлик сўровига беписанд қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лекин шунга қарамай, депутатларнинг айрим муассаса ва ташкилотларга юборган сўровлари эътиборсиз қолиб кетмоқда ёки уларга ўз вақтида жавоб ололмаслик ҳоллари ҳам мавжуд.

Жумладан, Боёвут туман Кенгаши депутати Холниса Шаимова, Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Рустам Бектемиров, вилоят Кенгаши депутати Анвар Қурбоновнинг депутатлик сўровларига вилоят «Сувоқава» ишлаб чиқариш корхонаси, «Сирдарёавтойўл» бошқармаси, «Сирдарёвилоятгаз» корхоналари раҳбарлари томонидан жавоблар кечиктирилиб юборилган.

Яна бир масалани ёддан чиқармаслигимиз керак. Депутатлик сўровининг имкониятлари кенг, бу борада бизга катта ҳуқуқ, ваколат берилган. Муайян ташкилотга сўров билан мурожаат қилар эканмиз, аввало, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини ҳисобга олишимиз, вазиятни чуқур таҳлил қилишимиз лозим.

Депутатлик сўровини юборишдан олдин дастлаб унда кўрсатиб ўтилган муаммонинг илдизига етиб бориш керак. Шунда масала аниқ ва асосли қўйилган бўлади ҳамда кутилган самарани беради. Ҳар бир депутат, партия ташкилоти шунга амал қилса, депутатлик сўровининг таъсир кучи юқори бўлади.

Лекин сўровларни жўнатишда айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланиб турибди. Хусусан, депутатларимиз сўровлар юборишда баъзан бир сайловчининг мурожаати билан чекланиб қолмоқда. Аслида депутатлик сўрови ҳудуддаги кўпчиликни ўйлантираётган масала ёки қонунлар, қарор ва фармонлар, давлат дастурларининг ижроси юзасидан умумлаштирилган хулосаларга асосланиши мақсадга мувофиқ бўларди. Ана шунда битта сўров орқали кўпчиликни ўйлантираётган муаммони бартараф этиш имкони ортади, қонуний меъёрлар таъминланади.

Демак, маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарлари ҳам, депутатлар ҳам депутатлик сўрови институтига бўлган муносабатни янада такомиллаштириши, ҳар қандай масалага қонун талаблари, аҳоли манфаатлари ҳимояси нуқтаи назаридан ёндашиши зарур.



DB query error.
Please try later.