13.06.2017

БИТИРУВЧИЛАР БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛМОҚДА

Сурхондарё вилоят ва Термиз шаҳар партия кенгашлари қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда бу масалага бағишлаб тадбир ўтказди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят, туман, шаҳар кенгашлари раислари, фаоллар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир доирасида ўғил-қизлар Термиз давлат университети ҳовлисида ташкил қилинган ҳунармандчилик ва касаначилик маҳсулотлари намо­йиши билан яқиндан танишди. Шунингдек, китоб­лар кўргазмаси барчада яхши таассурот қолдирди.

— Айни кунларда воҳада 116 касб-ҳунар коллежи ва 5 академик лицей фаолият кўрсатмоқда, — дейди Сурхондарё вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим мудири Зиёдулло Абдамов. — Жорий йилда махсус комиссия томонидан битирувчилар тўғрисидаги маълумотлар тўпланди. Ёшларимиз саноат, қурилиш, сервис, хизмат кўрсатиш, соғ­лиқни сақлаш, савдо ташкилотларида ишлаб чиқариш амалиётини ўтади. 2016-2017 ўқув йилида 39 минг нафарга яқин ўғил-қиз мустақил ҳаётга қадам қўйса, уларнинг асосий қисми билан тўрт томонлама шартномалар тузишга эришилди.

Семинарда партиянинг сайловолди дастури ижросини таъминлашга бағишланган учрашув ҳам ташкил қилинди. Унда шаҳар, туман партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг ташаббускорлигини ошириш лозимлиги қайд этилди. Партия фаолларининг талабчанлиги ва фидойилиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Бугун халқимизни банд­ликни таъминлаш, соғ­лиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, қишлоққа саноатни олиб кириш, йўл-транспорт ва бош­қа соҳалардаги муаммолар кўпроқ ўйлантиряпти, — дейди халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Фаррух Абжалов. — Электоратни ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш фаровонлигини яхшилашнинг самарали усулларидан бири — уларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишишдир. Шуни инобатга олган ҳолда, ҳар ойда учрашув ва семинарлар ташкил қилаяпмиз. Ҳар бир депутат коллеж битирувчисини иш билан таъминлашга амалий кўмак берадиган бўлди.

 Микромолиявий хизмат кўрсатиш ва банк соҳасига доир маърузалар барчада яхши таассурот қолдирди.

— Жорий йилнинг ўтган даврида 5 минг 700 нафарга яқин мижозга 3,5 миллиард сўмдан ортиқ микрокредит ажратилди, — дейди «Микро­кредит­банк»­нинг Термиз шаҳар бўлими бошлиғи Шерзод ­Норқувватов. — Паррандачилик, чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш йўналишида мингдан ортиқ янги иш жойлари яратилди.

— Жойларда касаначиликни ривожлантириш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг яхшиланаётгани айни муддао бўлмоқда, — дейди Сурхондарё вилоят Бандликка кўмаклашиш бошқармаси масъул ходими Шерзод Ёдгоров. — Шу билан бир қаторда тадбиркорликни кенгайтириш эвазига ҳам кўплаб янги иш ўринлари яратиляпти. Бундай эзгу ишлар замирида ёшларнинг эртанги куни ва фаровон турмуши мужассамдир.

Семинар давомида кўч­ма жамоатчилик қабулхонасининг ташкил қилингани электорат вакиллари учун яна бир қулайлик бўлди. Унда депутатлар ва мутасадди корхоналар раҳбарлари ёшларни қийнаётган масалаларни атрофлича ўрганишди.

— Битирувчиларни ишга жойлаштириш учун зарур шароит яратиш бугуннинг муҳим вазифаларидан ҳи­собланади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Мус­тақил ҳаётга қадам қўяётган ўғил-қизларимиз кредит олиш ва тадбиркорликни йўлга қўйишда айрим сунъий тўсиқларга дуч келаяпти. Муддатли ҳарбий хизматдан қайтган йигитлар иш топишда қийинчиликка учрамоқда. Тадбир давомида шу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр алмашилди.

— Кредит олишни мақсад қилгандим, — дейди Термиз мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Мухлиса Салимова. — Кўчма жамоатчилик қабулхонасида банк мутасаддилари ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам берди. Йил охиригача тадбиркорликни йўлга қўядиган бўлдим. Бизни қўллаб-қувватлаётган ташаббускорларга раҳмат.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.