13.06.2017

ЎЗБЕКИСТОН МАҲСУЛОТЛАРИ БАРЧАНИНГ ЭЪТИБОРИНИ ТОРТМОҚДА

Остона шаҳридаги ЭКСПО — 2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазмада 120 дан ортиқ давлат ўзининг технологик, илмий, маданий ютуқларини намойиш этмоқда. Ўзбекистон павильони кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари эътиборини жалб қилмоқда.

ЎзА махсус мухбири Бекзод Ҳидоятов уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Майкл ХОИ, «Zoodel» компанияси таъсисчиси (Швецария):

— Ўзбекистон павильони бизда катта таассурот уйғотди. Мамлакатингиз энергетика соҳасида юксак натижаларга эришганига гувоҳ бўлдик. Табиий ва минерал ўғитларга бой. Иқтисодий салоҳияти юксалиб бормоқда. Ёшларнинг робототехника йўналишида қўлга киритаётган ютуқлари бизнинг ҳавасимизни келтирди.

Кўргазмадан ўрин олган маҳсулотлар Ўзбекистон қўлга киритаётган ютуқларни ёрқин ифодалаб турибди.

Али Салмон АНЧАН (Покистон):

— Мутахассислигим дизайн-санъатшунос бўлгани учун кўргазмада иштирок этаётган мамлакатлар павильонининг декорацияси билан қизиқмоқдаман.

Барча павильонларни айланиб чиқиб, Ўзбекистонники сингари бетакрор дизайнга кўзим тушмади. Бир қарашда оддий, содда кўринса-да, дид билан безатилган. Ёруғлик меъёрида. Ранглар наинки ЭКСПО — 2017 мазмун-моҳиятига, кўргазмага қўйилган маҳсулотларга ҳам уйғун равишда танланган, мамлакатингиз байроғидаги ранглар акс эттирилгандек гўё. Бу ерга кирган одам руҳан дам олади. Фикри тиниқлашади.

Ўзбекистон ҳақида, унинг бой тарихи ва бетакрор маданияти ҳақида жуда кўп эшитганман. Павильон билан танишар эканман, ўзимни юртингизда юргандек ҳис қилдим.

Пенг Зи ЗИ, Жаҳон савдо маркази лойиҳа раҳбари (БАА):

— Ўзбекистон павильони кўргазма мавзусига мос интерфаол усулда лойиҳалаштирилган. Шу боис бу ер жуда гавжум. Муҳими, ташриф буюрувчилар мамлакатингизнинг сув, қуёш, шамол энергияси ва робототехника соҳаларида амалга ошираётган ишлари, қўлга киритаётган ютуқлари ҳақида муайян маълумотга эга бўлмоқда.

Мен Ўзбекистон павильонини «миллийлик ва замонавийлик акс этган макон», деб атаган бўлардим.

ЭКСПО — 2020 Дубайда ўтказилади. Мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг ҳам иштирок этишини чин юракдан истаймиз.

Дуглас КЛАН, иштирокчи (Канада):

— Ўзбекистон павильони барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мен бу ерда нафақат келажак энергияси қандай бўлиши ҳақида маълумотга эга бўлдим, балки оддий сув ёрдамида ҳаракатланадиган ихчам автомобиль ва қуёш нуридан қувватланадиган «Ravon»ни ўз кўзларим билан кўрдим. Юртингизнинг бой маданий мероси, тарихи ва бугуни билан танишдим. Жуда ажойиб!

Цзян ЛИ, Хитой миллий нефтгаз корпорацияси бош менежери:

— Ўзбекистоннинг газ ва электр энергиясини тежаш ва ундан самарали фойдаланиш тўғрисидаги ғояси таҳсинга лойиқ.

Мамлакатингизнинг келажак энергияси бўйича тажрибасидан намуна олса арзийди. Экспозицияга қўйилган маҳсулотлар кўргазма иштирокчиларида катта таассурот қолдирмоқда. Буни уларнинг юз-кўзларидан билса бўлади.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.