13.06.2017

БМТ БОШ КОТИБИ ЎЗБЕКИСТОНДА

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 10 июнь куни Самарқандга ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз ­Комилов ҳамроҳлигида Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

БМТ Бош котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасига ташриф буюрди. Меҳмонга мамлакатимизда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг қонуний асослари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари фаолияти, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Антониу Гутерриш Халқ қабулхонасидаги тиббиёт, она ва бола хоналари ҳамда фуқаролар учун яратилган шароитлар билан танишди. Фуқароларни қабул қилиш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнларини кузатди.

БМТ Бош котиби Самарқанд шаҳридаги «Юксалиш» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла фаоллари, бу ерда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ҳамда вилоятдаги миллий маданий марказлар ходимлари билан учрашди.

Учрашувда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, уларнинг давлат бошқаруви идоралари билан ижтимоий шериклик асосида амалга ошираётган ишлари ҳақида сўз юритилди. Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида тизимда амалга оширилаётган янгилик ва ўзгаришлар, уларнинг ҳудуд обод­лиги, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги аҳамия­ти, фуқаролар йиғини қошидаги комиссиялар фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди.

Антониу Гутерриш бугунги кунда сайёрамизнинг турли минтақаларида миллатлараро келишмовчилик ва бир-бирини тушунмаслик оқибатида ҳар хил низолар келиб чиқаётгани, бундай нохуш ҳолатлар наинки ўша миллатлар, балки дунё халқлари бирдамлиги, хавфсизлигига таҳдид солаётганини таъкидлади. Ана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат ­вакилларининг аҳил-иноқ, ҳамжиҳат ҳаёт кечираётгани, бунда маҳалла институти муҳим ўрин тутаётгани таҳсинга сазовор эканини қайд этди. Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталик, барқарорлик ва бағрикенглик муҳити БМТнинг асосий мақсад ва тамойилларига тўла мос эканини алоҳида таъкидлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу ­Гутерриш Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонни ­Нукус халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов кутиб олди.

Орол денгизи ва унинг атрофидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди.

БМТ Бош котибига Орол денгизининг бугунги аҳволи ва минтақадаги экологик вазият ҳақида сўзлаб берилди. Бир вақтлар мавж уриб турган денгизнинг суви кейинги 50-55 йилда 15 мартадан зиёд камайиб, сув сат­ҳи 29 метрга пасайган, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлган. Бу ҳолат минтақа табиати, одамлар ҳаёти, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатмоқда. Денгизнинг қуриган ҳудудида 350 минг гектар майдонда иқлимга мос қандим, черкес, саксовул экилиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинмоқда.

Мамлакатимизда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида умумий қиймати 4 миллиард сўмликдан зиёд 50 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида Мўйноқ туманида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамроҳлигида Орол денгизи акваториясида бўлди. Мўйноқ туманидаги «Кемалар қабристони»ни кўрди, жамоатчилик вакиллари билан учрашди. БМТ томонидан ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар самараларига эътибор қаратди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи экспонатларини кўздан кечирди.

 

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Аминбой ОРТИҚБОЕВ,

ЎзА мухбирлари.



DB query error.
Please try later.