30.11.2017

ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН КИШИЛАР

ижтимоий ҳимояси учун Тошлоқ туманида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Халқ депутатлари Тошлоқ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Муҳаммаджон Жўрабоев Назира Йўлдошеванинг хонадонига бориб, оила аъзолари билан суҳбатлашди. Улар депутатга ўзларини ўйлантираётган муаммо ҳақида гапириб берди:

— Ўғлим болалигида ҳасталаниб, юролмай қолди. Шунинг учун ногиронлик аравачасига эҳтиёж сезяпмиз. Ўзимизда уни сотиб олишга имкон йўқ. Қаерга мурожаат қилишни билмаяпмиз.

 

Шуҳратжонга ҳомийлик маблағлари ҳисобидан аравача олиб берилди. Аммо туманда имконияти чекланган кишиларни ўйлантираётган яна кўплаб масалалар бор.

Депутат уларни тизимли ҳал қилиш учун туман Кенгаши сессиясига олиб чиқиш керак, деган тўхтамга келди. Туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари унинг таклифини қўллаб-қувватлади. ЎзХДП ишчи гуруҳи томонидан назорат-таҳлил ишлари бошлаб юборилди. Ҳудуддаги вазият атрофлича ўрганилди, аниқланган камчиликлар сессияда муҳокама этилди.

 

— Туманимизда икки юз минг нафарга яқин аҳоли яшайди, — дейди ЎзХДП туман кенгаши раиси Турсунбой ­Солиев. — Шундан 3172 нафарини имконияти чекланган кишилар ташкил қилади. Улар билан турли мавзуларда давра суҳбатлари ўтказамиз. Бу каби тадбирлар ногиронларнинг жамиятдаги фаоллиги ошишига туртки бўляпти. Учрашувлар мобайнида эҳтиёжманд аҳоли вакиллари ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ ёки протез-ортопедик маҳсулотлар олиш учун қайси ташкилотга мурожаат қилишни билмасликларини айтишди. Шунда ҳуқуқий билимни ошириш кераклигини анг­ладик. Биринчи қилган ишимиз ҳокимият биносида мутасаддилар билан биргаликда қабул кунлари ташкил этиш бўлди.

— Туманимизда 400 нафарга яқин 16 ёшгача бўлган ногирон бола бор, — дейди туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, 4-мактабгача таълим муассасаси мудири ­Нилуфар Эминова. — Шундан 193 нафари ўрта таълим мактабларида, 80 нафари уй шароитида ўқитиляпти. 12 нафари эса руҳий ­ривожланишдан орт­да қолгани сабабли таълим олмайди. Уларнинг эртасини ўйлаш ҳар биримизнинг бурчимиз, деб ҳисоблайман. Бугунги кунда имконияти чекланган кишиларнинг бўш вақтини сермазмун ўтказиши, спорт билан шуғулланиши, маданий дам олиши учун туманда етарлича шароит яратилмагани аниқланди.

Айниқса, туман тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими томонидан ногиронларнинг соғ­лиғини назорат қилиш, хонадонларга бориб мулоқот олиб бориш, муаммоларни аниқлаш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Таълим беришнинг амалдаги тизими замонавий талабга жавоб бермайди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун тумандаги педагогларни махсус курсларда ўқитиш лозим. Ўқиш харажатлари иш берувчи томонидан қопланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

— Аҳоли вакиллари катта-кичик муаммолари билан олдимизга келади, — дейди туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, «Тошлоқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаммаджон Жўрабоев. — Уларга қонун доирасида ва имкон даражасида ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз.

Яқинда маҳалламиздаги ёш йигит Муроджон ­Жалилов имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежини тугатишини айтди. Уяли алоқа ва электротехника воситаларини таъмирлашни ўргангани, мустақил иш бошлаш учун маҳалладан жой ажратиб беришимизни сўради. Очиғи, бундан хурсанд бўлдим, маҳалламизда бундай хизмат кўрсатадиган шохобча йўқ эди. Биз унинг таклифини қўллаб-қувватладик. Партия фаоллари билан биргаликда унга имтиёзли кредит олиши учун кўмак бериш ҳаракатидамиз.

— Сессияга масала киритишдан олдин туман ­миқёсида ногиронларга яратиб берилаётган шарт-ша­роитлар, соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликларни ўрганиб чиқдик, — дейди халқ депутатлари Тошлоқ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Тожихон Жўраева. — Саккиз ой мобайнида туман тиббиёт бирлашмасига 101 нафар имконияти чекланган шахс протез-ортопедия ва ­реабилитация воситалари олиш учун мурожаат қилгани аниқланди. Шундан 29 тасигина ижобий ҳал этилган. Кўриниб турибдики, ногиронларнинг эҳтиёжи етарли даражада қондирилмаган. Ваҳоланки, вилоятимиз ҳудудида фаолият олиб бораётган «Сайқал» МЧЖ қўлтиқтаёқ ҳамда ногиронлик аравачаларини ишлаб чиқаради. Ушбу маҳсулотлар талабга жавоб беради. Битта ногиронлик аравачаси ўртача бир, бир ярим миллион сўм атрофида туради. Мазкур муаммоларни ҳомийлик маблағлари ҳисобига ҳал этса ҳам бўлади. Протез-ортопедия маҳсулотлари вилоятимизда ишлаб чиқарилмайди. Бошқа ҳудудлардан сотиб олишга тўғри келади. Бу эса кўп вақт ва маблағ талаб этади. Шунинг­дек, ногиронлик гуруҳини аниқлаш ҳамда протез-­ортопедия, реабилитация воситалари билан таъминлашда тиббий маслаҳат комиссияси ва тиббий меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятида ҳали-ҳамон қоғозбозликлар камаймаётгани маълум бўлди. Келгусида ушбу масалада ҳам янгича ёндашувларни жорий этиш бўйича таклифларимизни тайёрлаяпмиз.

Сессияда ногиронликнинг олдини олиш борасида туманда қилинаётган ишлар қониқарли эмаслиги, соғ­лиқни сақлаш идоралари томонидан ҳомиладор аёллар скрининг текширувлари билан тўлиқ қамраб олинмагани таъкидлаб ўтилди. Касалликлар ўз вақтида аниқланмагани сабабли ногирон болалар туғилиши, афсуски, ҳамон камайгани йўқ. «Заркен», «Ахшак», «Варзак» қишлоқ оилавий поликлиникаларида, туман солиқ инспекцияси, Халқ банки туман бўлими, туман марказий кутубхонасида пандуслар ўрнатилмагани алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Ушбу масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Унга кўра туман тиббиёт бирлашмаси, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ва туман солиқ инспекцияси ҳамда тижорат банклари филиаллари раҳбарлари зиммасига вазифалар юклатилди.

 

Махлиё АЛИҚУЛОВА



DB query error.
Please try later.