10.06.2017

«ЁШ СИЁСАТЧИ — 2017»:

Навоий вилоят босқичи қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди

Навоий шаҳридаги маданият ва санъат коллежининг фаоллар зали. Бу ерга «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичи ғолиблари, партия фаоллари, депутатлар бирин-кетин кириб келишмоқда. Саҳна байрам­она безатилган. Танлов бошланишига бироз вақт бор. Фурсатдан фойдаланиб, ­Навоий вилоят партия кенгаши сектор мудири Латиф Азизов билан суҳбатлашдик.

— Танловга қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда, — дейди у. — Жорий йилда унинг қуйи бос­қичларида иштирок этиш мақсадида 800 мурожаат қабул қилинди. Зукко, билимдон ёшларнинг 10 нафари бугун вилоят бос­қичида иштирок этмоқда.

Саҳнага бошловчилар чиқиб келди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам бир неча йил аввал «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этган.

Танлов аввалида ­Навоий вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Фазлиддин Темиров ҳамда ЎзХДП Марказий Кенгаши ­масъул ходими Умурбек ­Бектемировга сўз берилди. Улар давлатимизда ёш­ларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Иштирокчиларга омад ва зафарлар тилади.

Шундан сўнг ишти­рокчилар лойиҳа тақдимоти шартини ўтказди.

Томди туманидан ­Лазиз Раҳимов «Саҳродаги бўстон» деб номланган лойиҳаси ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, туманда асосан чорвачилик ривожланган. Томор­қа ерларидан унумли фойдланиш долзарб масалага айланган. Агар хонадонларда иссиқхона ташкил этиб, полиз экинлари етиштириш ҳамда гул кўчатлари парваришлаш йўлга қўйилса, банд аҳоли сони янада ортади. Шунингдек, кўча ва хиёбонларни кўкаламзорлаштириш учун гул кўчатларини қўшни туманлардан келтиришга ҳожат қолмайди.

Лойиҳада иссиқхона ташкил этишнинг самарали жиҳатлари, тижорат банкидан олинадиган кредит ва уни қайтариш чоралари аниқ кўрсатиб берилди.

Зарафшон шаҳридан Суҳроб Саломов «Фаол фуқаро» деб номланган лойиҳаси тақдимотини ўтказди.

— Жисмоний имкония­ти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш пар­тиямизнинг устувор вазифасидир, — деди у. — Шу боис ҳам бундай кишиларни доимо рағбатлантириб бориш зарур. Айрим имконияти чекланган фуқароларнинг қўлида ҳунари бор. Улар ҳунармандчилик, тикувчилик, тўқувчилик, тунукасозлик юмушларини бажара олади. Шундай экан, улар тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этиш ва сотиш ишларини амалга оширишга кўмаклашиш лозим. Шу орқали уларни фаол ҳаётга жалб этишимиз мумкин.

Ҳар бир иштирокчи ўз лойиҳасининг самараси, афзалликлари ҳақида гапириб берди. Танловга бир-биридан қизиқарли лойиҳалар тақдим этилди. Хусусан, қизилтепалик ­Гулҳаё Мухторованинг «Жамоавий тадбиркорлик», Навоий шаҳридан Одилжон Баҳриддиновнинг ҳудудда туризмни ривожлантиришга оид лойиҳалари кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

«Билимдон сиёсатчи» шартида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сиёсий партиялар, парламент, сайловлар, ёшлар масалаларига оид қонунлар, Оила, Меҳнат кодекслари, Президент асарлари, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастури ҳақидаги саволларга жавоб қайтаришди.

Нотиқлик санъати билан боғлиқ шарт ҳам қизиқарли ўтди. Жойлардаги муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Ҳакамлар ҳайъати ­хулосасига кўра, Навоий шаҳридан Одилжон Баҳриддинов танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани қўлга киритди.

Иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.