10.06.2017

ЭЛЕКТОРАТ МУРОЖААТЛАРИ

жиддий эътибор билан ўрганилиши керак

Ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, одамлар билан елкама-елка туриш, уларни рози қилиш бугун кун тартибидан ўрин олган энг муҳим масалалардан бири. Фуқароларни нима ўйлантираяпти, улар кўпроқ нимага эҳтиёж сезаяпти? Ушбу саволларга жавоб топиш учун аҳоли билан мулоқот қилиш, уларни тинглашимиз зарур.

Айтиш керакки, партиямиз тизимида ушбу йўналишда муайян тажриба тўпланган. Электорат вакилларига ҳуқуқий маслаҳат беришда, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда партия кенгашлари қошида фаолият кўрсатаётган Жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга партия бошланғич ташкилотлари, вилоят, туман ҳамда шаҳар кенгашлари, партия гуруҳлари эътибори кучайгани электорат ишончини қозонишнинг асосий омилларидан бирига айланди.

Ҳар бир мурожаат партия фаоллари ва депутатлар томонидан пухта ўрганилиб, уларнинг аксарияти тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ҳал этилди, қолганларига юридик маслаҳатлар берилди. Биргина жорий йилнинг ўтган беш ойи давомидаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятига назар ташласак, бунга яна бир бор амин бўламиз.

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига январь-май ойларида 350 га яқин мурожаат тушди. Уларнинг катта қисми коммунал хизмат, ўз ишини йўлга қўйиш, ишга жойлашиш, соғлиғини тиклаш, ер ажратиш масалалари билан боғлиқ бўлмоқда. Мурожаатларни ўрганишга малакали ҳуқуқшунослар ҳам жалб этилмоқда. Шу пайтга қадар мурожаатларнинг 93 фоизи ижобий ҳал этилди.

Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатлар таҳлили вилоятимизда қайси йўналишларда муаммолар борлиги, нималарга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатиб турибди. Масалан, коммунал соҳа бўйича энг кўп мурожаат Когон ва Ромитан туманларидаги фуқаролар томонидан тушган. Ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш соҳасида эса Ғиждувон туманидан кўп мурожаат бўлган. Айни кунда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз ушбу таҳлил асосида доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига масала киритиш бўйича иш олиб бормоқда.

Қоровулбозор тумани Геологлар кўчаси, 87-уйда яшовчи Шамил Хисаметдинов касаллиги сабабли дори-дармонлар ва тиббий кўрикка моддий ёрдам сўраб муро­жаат қилди. Туман партия кенгаши ва депутатларимиз кўмагида туман поликлиникаси имкониятлари орқали масала ижобий ҳал этилди.

Шофиркон туманидан ­Зафар Ражабов ишга киришда ёрдам сўраб келди. Туман партия кенгаши раиси Баҳром Неъматов ва депутатларимиз кўмагида у туман қурилиш ва сервис касб-ҳунар коллежига ишга жойлаштирилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими, кўмакка муҳтож инсонларга қўлимиздан келганча ёрдам беряпмиз. Уларнинг оғири енгил бўлмоқда.

Яна бир масала. Вилоятимизнинг чекка ҳудудларида ўтказилаётган давра суҳбати ва ўқув-семинарлар доирасида кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этишга жиддий эътибор қаратаяпмиз. Шу боис мазкур ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг пар­тия­миз фаолиятига қизиқиши ва ишончи ортиб бораяпти. Аслида ҳам ҳар бир партия ташкилоти унга ишонган, қўллаб-қувватлаган кишилар манфаатини ҳимоя қилишни, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишни нафақат ўз вазифаси, балки бурчи, деб билиши керак.

Мурожаатлар билан ишлашда камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Масалан, айрим депутатлар мурожаатларни ечишда сусткашлик, журъатсизлик қилмоқда. Айрим ҳу­дудларда мурожаатларни ўр­ганишда депутатлар ва партия ташкилотларининг ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмаган.

Хўш, бунинг сабаби нимада? Туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари ва депутатлар лоқайдлиги, ўз ишига масъулиятсизлиги оқибатида бу ҳолат юзага келган. Ҳар бир туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари, депутатлар Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг партия ҳаётидаги ўрни, электорат манфаатини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини етарли даражада тушуниб етиб, ўз ишини ижобий томонга ўзгартириши талаб этилади.

Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада жонлантириш, жойларда кўчма қабулхоналар ташкил этиш, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда партия гуруҳларининг фаоллиги, талабчанлиги ошиши зарур. Партия кенгашлари раислари «бу мурожаат депутатга тушган, уни ҳал этишга ўзи масъул», деган нотўғри фикрдан воз кечиши керак.

Шунингдек, депутатлик сўрови имкониятидан фойдаланиш, бунда мутасадди ташкилот раҳбарларининг масъулиятини ошириш чораларини кўришимиз лозим.

Хулоса шуки, қатъият ва талабчанлик билан ишласак, жойлардаги муаммолар ҳал бўлади, одамларга фойдамиз тегади.

 

Робия КАЗИМОВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи.



DB query error.
Please try later.