10.06.2017

«ИНСОНИЙЛИКНИНГ ЮКСАК ЧЎҚҚИСИНИ ЎЗБЕКИСТОНДА КЎРДИК»

«National Geographic»нинг Россиядаги бўлими ходимлари Ўзбекистон бўйлаб фотосаёҳат уюштирди. Ушбу сафар иштирокчиларининг таассуротлари баён қилинган мақола мазкур ­нашрнинг веб-сайтида эълон қилинди. Биз уни бироз қисқартирган ҳолда газетхонларимиз эътиборига ҳавола қиламиз.

 

ВАҚТ БЎЙЛАБ САЁҲАТ

Москвадан Самарқандга учиб келгандаёқ ўзимизни бош­қа даврга тушиб қолганлик ҳис этдик ва бу туйғу бутун саёҳат давомида бизни тарк этмади. Бу ерда 500 йил аввал бўлгани каби, одамлар озиқ-овқатларни бозорлардан сотиб олмоқда, уларнинг ­эгнида миллий либослар. Ҳатто энг кичик кафеда ҳам сизга чиройли сопол идишларда чой келтиришади. Бу ерда ҳам­ма нарсадан қадимийлик уфуриб турибди: Ўзбекистон халқи аждодларидан қолган ўтмиш меросига ҳурмат билан муносабатда бўлмоқда.

Мамлакатнинг тарихий марказлари бўлмиш Самар­қанд, Бухоро ва Хивада барчаси бир неча аср олдин қандай бўлса, ўшандайлигича сақланмоқда. Агар қайсидир иморатга зиён етадиган бўлса, уни реконструкция қилишади. Буюк Соҳибқирон ва унинг авлодлари қабри жойлашган Амир Темур мақбарасида сайёҳлар сони ҳаддан ташқари кўплигига гувоҳ бўлдик.

 

ОДАМЛАР

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган маҳаллий аҳоли ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг миллий қадриятларни асраш ва унга амал қилиш борасидаги интилишларини бутун дунёга намуна қилиб кўрсатса арзийди. Биз фотоаппаратларимизни қўлимиздан тушира олмадик. Шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, улар ҳам бизни суратга олишди. Ўзбекистоннинг сайёҳларни энг ҳайрон қолдирадиган жиҳатларидан бири — одамларининг очиқкўнгил, самимий эканлигидир. Бу ерда юқори даражадаги меҳмондўстликка гувоҳ бўлдик: кўчалардаги йўловчилар, бозорлардаги сотувчилар, умуман ҳамма ­бизга азиз меҳмон эканлигимизни айтиб, бир пиёла чойга таклиф қилар эди. Биз инсонийликнинг юксак чўққисини Ўзбекистонда кўрдик. Бу ҳиссиёт бизни бутун саё­ҳат давомида тарк этмади.

Бозорлар ҳақида гапирмасак бўлмайди. Расталар бўйлаб юрар эканмиз, ҳар биридан нимадир олиб еб боравердик. Шу сабабли ҳам делегациямиздан кўп­чилик ортиқча вазн билан ортга қайт­ди.

 

ТАОМЛАР

Бир фикрни комил ишонч билан айта оламан: ўзбек таомлари ва шарқона дастурхон ҳақида ушбу фотосаёҳат иштирокчилари ҳали кўп вақт гапириб юради. Биринчидан, Ўзбекистонда «порция» умуман бош­қача экан. Овқат кўп­лигидан у сузилган идишнинг четлари мутлақо кўринмайди. Иккинчидан биз ўзимиз билан каттароқ жомадон олиб келмаганимизга ачиндик. Сабаби, бу ердаги неъматлардан татиб кўргач, юртимизга мазасининг тенги йўқ ширинликларни ҳам, зиравор ва қуруқ меваларни ҳам олиб кетишни истадик. Тўғрисини айтишимиз керак, бизда бундай неъматлар йўқ.

Ўзбек ошхонаси ҳақида гапирар экансан, паловга тўхталмай иложинг йўқ. Ахир ўзбекларда палов шоҳ таом ҳисобланади. Биз қаерга бормайлик, ўша ердаги одамлар ўзлари тайёрлайдиган палов энг ­мазали эканини таъкидларди. Биз ҳам турли жойларда еган паловларимизни солиштириб кўрдик ва барибир бир тўхтамга кела олмадик. Ҳаммаси ўзига хос эди.

Ўзбекистондан қайтар эканмиз, барчамизни бир истак қамраб олган эди: бу ерга албатта, яна келамиз. Кейинги сафар ўзимиз билан каттароқ жомадон олишни ҳам унутмаймиз.

 

Темур АЪЗАМ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.